Линклар

logo-print

Тоғли Бадахшон мухтор вилояти маркази Хоруғ шаҳрида 22 август куни бошланган норозилик намойиши босими остида 24 август куни тонгдан ҳукумат ўз қўшинларини шаҳардан олиб чиқишни бошлади.

Тоғли Бадахшон мухтор вилояти маркази Хоруғдаги норозилик намойишлари вилоятнинг норасмий лидери Имомназар Имомназаровнинг ўз уйида ўлдириб кетилиши ортидан 22 август куни бошланган эди.

Намойишчилар Имомназар Имомназаровнинг қотиллари топилишини, ҳукумат Тоғли Бадахшондаги қўшинларни олиб чиқишини ва вилоят ҳокими Қодир Қосимовнинг истеъфога чиқишини талаб қилган эдилар.

23 август куни ярим тунда Тожикистон Мудофаа вазири Шерали Хайруллаев, Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимов, Тожикистон президенти гвардияси қўмондони Ражабали Раҳмонали ва Хоруғ Шаҳар кенгаши раиси Иброҳимбек Ғозибеков иштирокида келишув шартномаси тузилди.

Бу келишувга биноан, норозилик митингида қатнашганлар жавобгарликка тортилмайди, қўшинлар 24 августдан бошлаб Хоруғ шаҳридан олиб чиқилади.

Душанбе расмийлари намойишчиларга, шунингдек, Имомназар Имомназаровнинг ўлдирилишини жиддий тергов қилиш ҳақида ҳам ваъда берган.

Оғахон фондининг Бадахшондаги ваколатхонаси вакили Ёдгор Файзовнинг Озодликка айтишича, келишувга эришилганидан сўнг вазият барқарорлашмоқда:

- Вазият яхши, митингчилар ва ҳукумат қўшинлари қўмондонлари ўртасида келишувга эришилди. Ҳозир улар қуролли кучларини Хорғдан олиб чиқиб кетмоқда. 9та КамАЗда солдатлар чиқиб кетди, дейди Оғахон фонди вакили Ёдгор Файзов.

Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги беқарорликлар Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг вилоят бўлими бошлиғи генерал Абдулло Назаровнинг ўлдириб кетилиши ортидан бошланган эди.

Генерал Назаровни ўлдирганликда айбланган чегара заставаси бошлиғи Толиб Айёмбеков жанггарилари ва ҳукумат қўшинлари ўртасида бўлиб ўтган жангларда икки томондан 100 яқин одам ўлди.

Айёмбеков генерал Назаровнинг ўлимида ҳеч қандай айби йўқлигини маҳаллий телевидение орқали қилган чиқишида таъкидлар экан, 12 август куни ҳукумат қўшинларига таслим бўлди.

Айни пайтда Толиб Айёмбеков Хоруғ шаҳридаги ўз уйида эканлигини ва шаҳардан чиқмаслик ҳақида тилхат берганини Озодлик мухбирига айтди:

- Мен ҳеч қаерга кетганим йўқ, уйдаман. “подписка о невыезде берганман”. Мени муҳофаза қиладиган ёлғиз Худодир,- деди Толиб Айёмбеков.
XS
SM
MD
LG