Линклар

logo-print
Сурия бўйича халқаро элчи Лаҳдор Браҳимий бугун Москвада Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан музокара ўтказади.

Сурияда ҳукумат ва исёнчилар ўртасида Ҳайит кунлари ўт очмаслик тўғрисида келишувга эришилганига қарамасдан, бу мамлакатда байрам кунлари ҳам уруш тингани йўқ.

Мазкур сулҳ ташаббускори Браҳимий урушаётган томонлар ўртасида эришилган келишув ёрдамида ҳукумат ва исёнчилар ўртасида ишонч ўрнатилишига умид қилаётганини айтганди.

Бироқ бу мамлакатда зўравонлик ҳамон тинмаяпти. Якшанба куни, фаоллар маълумотларига кўра, Сурияда камида 110 киши ўлдирилган, бир кун аввал ҳам шунча киши нобуд бўлганди.

Ҳукумат кучларининг самолётлари ўтган дам олиш кунлари исёнчиларни сиқиб чиқариш мақсадида Дамашқ шарқидаги аҳоли пунктларига ҳаводан зарба берганди.

Шунингдек, Ҳалаб, Дайр аз-Зора ва бошқа шаҳарларда ҳам жанглар боргани ҳақида маълумотлар бор.

Сурияда 19 ойдан буён давом этаётган тўқнашувлар чоғида, маълумотларга кўра, тақрибан 30 минг киши ҳалок бўлган.
XS
SM
MD
LG