Линклар

logo-print
Бугун, 31 октябр куни Тошкентнинг “Бунёдкор” футбол жамоаси Осиё футбол конфедерацияси Чемпионлар лигаси ярим финал жавоб учрашуви доирасида меҳмонда Жанубий Кореянинг “Улсан Хёнде” жамоасига қарши майдонга тушади.

Тошкент вақти билан соат 15:30 да бошланадиган ўйинда тошкентликлар кўк рангли либосда, корейслар эса ҳаворанг формада ҳаракат қилишади.

“Бунёдкор”нинг Жанубий Кореяга борган делегациясида асосий таркибнинг тўрт нафар ўйинчиси йўқ. Анваржон Солиев, Анвар Ғофуров, Саҳоб Жўраев ва Славолюб Жоржевичлар соғлиқлари билан боғлиқ муаммолар туфайли Тошкентда қолишган.

Ўйинолди матбуот анжуманида “қалдирғочлар” бош мураббийи Миржалол Қосимов “Улсан Хёнде”га қарши ўйин осон кечмаслигини айтиб ўтди.

- Афсуски, ўз майдонимиздаги баҳсда рақибга катта имконият бериб қўйдик… “Улсан” – кучли рақиб! Шундай экан, вазиятни ўнглаш учун бизга осон бўлмайди. Бироқ имконият бор экан – охиригача курашамиз, - деди бош мураббий.

Эслатамиз, 24 октябр куни Тошкентда ўтган Чемпионлар лигаси ярим финалининг дастлабки учрашувида “Бунёдкор” футбол жамоаси ўз майдонида “Улсан Хёнде” жамоасига 1:3 ҳисобида енгилган эди.
XS
SM
MD
LG