Линклар

Москваликлар ўзбек муҳожири ёнини олишмоқда


Воқеа гувоҳларига кўра, жағи синган боланинг ўзи Баҳром Хуррамовнинг жиғига теккан.

Воқеа гувоҳларига кўра, жағи синган боланинг ўзи Баҳром Хуррамовнинг жиғига теккан.

Москванинг Жануби-ғарбий округида 12 яшар болага оғир тан жароҳати етказган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирининг айби йўқ! Бундай баёнот билан муҳожир ҳимоясига чиққан маҳаллий фуқаролар жабрланувчининг ўзи шериклари билан Баҳром Хуррамовни доимий равишда мазах қилиб ҳақоратлаганини айтишмоқда. Айни пайтда жабрланувчи Артём Хотеевнинг ўз тенгдошларини калтаклаётгани туширлган видеоларни “ВКонтакте” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилиб туриши аниқланди.


Озодлик 7 январ куни Москванинг Жануби-ғарбий округидаги Изюминская кўчасида жойлашган 2008-сонли ўрта мактабда 12 яшар болага оғир тан жароҳати етказган ўзбек муҳожири ҳибсга олинганини хабар қилган эди.

Терговчилар 35 ёшли Ўзбекистон фуқароси Баҳром Хуррамов “қор ўйнаётган болалардан биринг жоғини белкурак билан уриб синдирганини” айтган эди.

Ҳибсга олиниши ортидан воқеа юз берган маҳалла ён-атрофида фаррошлик қилиб кун кечирган Хуррамовни билган москваликлар уни ҳимоя қилиб, полицияга коллектив хат билан мурожаат қилдилар. Хатда москваликлар жароҳатланган болани жуда яхши танишлари, маҳаллий болалар меҳнат муҳожирини доимо мазах қилиб, ҳақоратлаб келганига 23 киши гувоҳлик берган.

Хат муаллифларидан бири Дмитрий Шаракин воқеада жағи синган Артём дўстлари билан Хуррамовга қарата ахлат отгани, умуман мактабда доимо безорилик қилиб юрадиган бола эканини тасдиқлади.

“Ўзбекистон фуқароси Баҳром Хуррамов ўта босиқ ва одобли инсон. Болалар эса уни ҳақорат қилиб, доимо қор отиб жаҳлига тегиб юрган”, дейилади хатда.

Баҳромни маҳаллийлар русчасига "Боря" деб аташлари ва унинг болага сабабсиз зиён етказишига ишонишмасликларини билдиришган.

Айни пайтда, муҳожир йигит чоршанба куни Москванинг Зюзино туман судига олиб келинди ва суд уни 6 февралгача ҳибсда қолдиришга қарор қилди. Жанубий Бутово тумани Ички ишлар бўлимида сақланаётган муҳожирга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 112-моддаси (қасддан ўрта оғирликдаги тан жароҳати етказиш) асосида жиноий иш қўзғатилди.

Москва полицияси эса жароҳат олган 12 яшар Артём Хотеев шунчаки ювош болакай эмаслигига ишор қилувчи далиллар пайдо бўлганини айтмоқда. Интернетда Артёмнинг “ВКонтакте” саҳифасида у бошқа бир боланинг калтакланишида иштирок этаётгани тасвирланган видео жойлаштирилган.


("ВКонтакте" тармоғида жойлаштирилган видео)

Полиция ходимлари Хотеев ҳақиқатан шундай воқеаларда иштирок этганини тасдиқлади, демоқда.

"Ҳа, бу видеода ҳақиқатан мен. Лекин бу боланинг ўзи айбдор – у 16 ёшда и доимо бизни ҳақоратлаб келган", дея изоҳлаган бу видеони Артём Хотеев журналистлар билан телефон суҳбатида.

Телефонга олинган кадрларда учта ўсмир бир болани қорга ётқизиб калтаклаётгани тасвирланган. Видео эълон қилинган санага кўра, бу тасвир 2012 йилнинг декабрида Москвада олинган бўлиши мумкин.

Озодлик билан суҳбатда Москва шаҳри бўйича ИИБ бошқармаси матбуот маркази раҳбари Андрей Галиакберов бу видео юзасидан ҳам текширув олиб борилиши ва зарурат туғилса, калтаклашда иштирок этганлар полиция махсус назоратига олинишини билдирди.

Ўзбекистонлик фаррошни аввалига жавобгарликка тортишни талаб қилган Артёмнинг онаси Лариса Хотеева ҳодиса сабабларини аниқлаб, Хуррамовга даъвоси йўқлигини билдирди. Бироқ Россия қонунчилигига биноан меҳнат муҳожири жавобгарликка тортилиши аниқ.

Рўй берган ҳодиса тафсилотларидан хабар топган Россия Жамоатчилик палатаси ўзининг алоҳида текширувини ўтказишга қарор қилди.

Жамоатчилик палатаси комиссия раҳбари таниқли адвокат Анатолий Кучерена жамоатчилик орасида катта шов-шувга сабаб бўлган воқеани ўрганиш мақсадида палата аъзолари маҳаллий фуқаролар ва тергов олиб бораётган ҳуқуқ-тартибот ходимлари билан учрашишини билдирди.

Суд жараёнида берган маълумотларга кўра, ўзбекистонлик Баҳром Хуррамов 2012 йилнинг январида Москвага келган ва Жанубий Бутоводаги ахлат йиғиладиган хоналардан бирида яшаб келган. Ўзбекистонда унинг хотини ва икки нафар фарзанди қолган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG