Линклар

logo-print

Покистондаги намойишлар етакчиси ҳукуматга муҳлат берди


Исломободда 4 кундан бери намойишлар давом этмоқда.

Исломободда 4 кундан бери намойишлар давом этмоқда.

Покистондаги аксил-ҳукумат намойишларининг ташкилотчиси, исломий уламо Муҳаммад Тоҳир ул-Қадрий ҳукуматнинг норозилар талабларига жавоб бериши учун муддат белгилади.

Қадрий пайшанба куни эрталаб белгилаган муҳлат Тошкент вақти билан соат 15:00да тугади.

Қадрий минглаб тарафдорлари олдида қилган чиқишида “Покистоннинг коррупциялашган ҳукумати” намойишчилар билан демократик ва сайлов тизими ислоҳотларига оид режалар борасида музокара қилгани ўз вакилларини юбориши керак, дея таъкидлади.

Агар ҳукумат делегацияси музкоаралар учун юборилмаса, намойишлар “тегишли тарзда давом эттирилиши”ни таъкидлади, исломий уламо.

Айни пайтда, пайшанба куни Покистон ички ишлар вазири пойтахт Исломободда давом этаётган аксил-ҳукумат намойишлари ҳукуматнинг тоқатини тоқ қилаётганидан огоҳлантириб, норозиларни тарқалишга чақирди.

Раҳмон Малик душанба кунидан бери пойтахт марказида минглаб намойишчининг тўпланиб олгани шаҳар аҳли учун муаммоларни туғдираётгани ҳамда ҳукумат ва жамоатчилик сабр косаси тўлиб бораётганини таъкидлади.

Маликнинг шунингдек айтишича, ҳукумат жанггарилар тўпланган оломонга қарши ҳужумлар уюштиришни режалаштираётганидан хабар топган.

Агар бундай ҳужум амалга ошадиган бўлса, дея огоҳлантирди ички ишлар вазири, бутун масъулият намойишчилар етакчиси, исломий уламо Муҳаммад Тоҳир ул-Қадрий зиммасида бўлади.

Кўп йиллардан бери Канадада муҳожиратда яшаган Қадрий яқинда Покистонга қайтгач, ҳукуматни коррупция ва лаёқатсизликда айблаб, истеъфога кетишга чақирмоқда.

Покистон Ахборот вазири Қамар Замон Каира мамлакатда умумий сайловлар 5-15 май оралиғида ўтказилишин маълум қилди.
XS
SM
MD
LG