Линклар

logo-print
Кеча Россиянинг қатор шаҳарларида 2009 йили Москвада ўлдириб кетилмиш адвокат Станислав Маркелов ва журналист Анастасия Бабурованинг хотирасига бағишлаган тадбирлар бўлиб ўтди.

Москвадаги Твер ва Никитский хиёбонлари бўйлаб юришда, йиғилганлар тахминича, икки минг нафаргача киши иштирок этган.

Улар орасида Иля Яшин, Сергей Удалцов, Григорий Явлинский каби таниқли мухолифатчилар ҳамда бошқа фаоллар бўлган.

Юриш қатнашчилари: «Фашизмга йўл йўқ! Стас ва Настянинг хотираси абадийдир», дея қичқириб борганлар.

Тадбирдан сўнг одамлар адвокат ва журналист аёл ҳалок бўлган жойга гул қўйишга борганлар.

Петербургда хотира пикетининг айрим иштирокчилари Грибоедов ҳайкали атрофида ҳалқа ҳосил қилиб турганлар. Улар ушлаб олган улкан ҳарфлар жамланганда «Петербург фашизмга қарши» деган ёзувни ўқиш мумкин эди.

Йиғилганлар орасида аксилфашистик ва анархистик ҳаракатларнинг фаоллари ҳам бўлган.

Бу каби тадбирлар Россиянинг Иркутск ва Екатеринбург шаҳарларида ҳам ўтган.

Адвокат Станислав Маркелов ва журналист Анастасия Бабурова 2009 йилнинг 19 январ куни Москва марказида ирқчилар томонидан ўлдириб кетилган эди.
XS
SM
MD
LG