Линклар

26-27 март кунлари Тошкентда ўтган ўзбек-қирғиз чегарасига оид музокарада Сўх анклави билан боғлиқ вазият ҳам муҳокама қилинган.

Қирғизистон ҳукумати матбуот вакили Мелис Эржигитовнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Рустам Азимов ва Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Шомил Отахонов Тошкентдаги музокарада делегацияларга етакчилик қилган.

Қирғизистон ҳукуматининг чегара делимитацияси бўйича мулозими Қурбонбой Искандаровнинг Озодликнинг қирғиз хизматига айтишича, музокаралар дўстона муҳитда ўтган.

Бироқ томонлар Сўх масаласида қандай тўхтамга келгани матбуотга очиқланмади.

Январ ойида Сўх эксклавида ўзбекистонликлар билан қирғиз чегарачилари ўртасида тўқнашув юз берган эди. Натижада икки мамлакат ўртасидаги чегаралар қарийб бир ой давомида ёпиқ қолди.

Тошкент учрашувида Қирғизистоннинг Ўзбекистон ҳудудидаги Барак анклави ва икки мамлакат ўртасида сув хафзаларидан фойдаланишга доир масалалар ҳам муҳокама қилинган.

1991 йилда Совет Иттифоқи тарқаганидан бери Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги қарийб 1000 километрлик чегара чизиғининг 300 километри аниқланмаган.
XS
SM
MD
LG