Линклар

logo-print

Қарияларни ўлдирганликда гумонланганлардан бири қўлга олинди

  • Садриддин Ашур

Uzbekistan- Four people wanted by Uzbek police

Uzbekistan- Four people wanted by Uzbek police

Тошкентдаги Ҳамза туманининг Чизелний мавзесида бундан 20 кун кекса аёлни ўлдирганликда гумонланган шахс ҳибсга олинди. Милиция ходимларининг айтишларича, қўлга олинган шахс гиёҳванд бўлган ва айни пайтда унинг шериги қидирилмоқда.


Ҳамза тумани Ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан суҳбатда кекса аёлларни ўлдирганликда гумонланган шахслардан бири ҳибсга олинганини тасдиқлади:

- Чизелний мавзесидаги кампирни ўлдирган одам қўлга олинди. Унинг ўзи наркоман бўлган, шериги ҳам бўлган. Кампирни тунаш мақсадида уйига кирган, ўзи аслида ўлдирмоқчи бўлмаган, лекин кампир қаршилик қилганда¸ ўлдириб қўйган. Унинг шериги ҳам ким эканлиги аниқ, қидиряпмиз, деди Ички ишлар бўлими ходими.

Милиция ходими тергов сири бўлганлиги учун қўлга олинган шахснинг исмини ошкор этмади.

Бу воқеа ҳақида хабар берган Узметроном Интернет газетасининг ёзишича, бу уйда 95 ва 73 ёшли икки кампир яшаган. Жиноятчилар иккинчи қаватга биринчи қаватдаги уйнинг панжарасидан осилиб чиққан. "Биринчи кампир қаттиқ ухлаб ётганлиги сабабли тирик қолган, иккинчи кампир эса қаршилик кўрсатгани учун пичоқланган", деб ёзади газета.

Ҳамза туманида истиқомат қиладиган 68 ёшли пенсионер Абдуқаҳҳор Мусаевнинг айтишича, сўнгги пайтларда нафақат ёлғиз қарияларни тунаш, балки куппа кундуз куни ҳам қароқчилик қилиш ҳолатлари кўпайган:

- Мани аёлимнинг синглисини уйига куппа-кундуз учтаси маскада бостириб кирган. Синглимиз роса қаттиқ бақириб додлаган экан, кейин улар қочиб қопти. Куни-кеча учаласини ҳам ушлашибди, ёш болалар экан, дейди Абдуқаҳҳор Мусаев.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотга кўра, сўнгги олти мобайнида Тошкент шаҳрида ёлғиз пенсионерларни тунаш ва ўлдириш ҳолатлари сони йигирмадан ошган.

Тошкент шаҳар "Маҳалла" жамғармасидан олинган маълумотга кўра, ёлғиз қарияларни ўлдириш ва тунаш ҳолатларида, жиноятчилар ўзларини коммунал хўжалиги ходимлари деб таништирган.

Жорий йилнинг 17 феврал куни Тошкент шаҳрининг Миробод тумани "Тонг нури" маҳалласида яшовчи 91 ёшли Ҳакима Авлоний ҳам ўз уйида номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилган эди.

Апрел ойининг бошида Тошкент шаҳри Мирзо-Улуғбек туманининг ТТЗ-2 ва Феруза массивларида яна икки қария аёл ўлдирилиб, уйлари тунаб кетилди.

10 апрелда Улуғбек туманида истиқомат қилувчи кекса аëл ўз уйи бўсағасида номаълум қотил тарафидан ўлдириб кетилди.

Апрел ойи ўрталарида Тошкент вилоятининг Чирчиқ ва Ангрен шаҳарларида яна икки ёлғиз аёлнинг уйи тунаб кетилди.

Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси қотилларнинг фотороботлари акс этган эълонларни кўчаларга ёпиштириб, гумондор шахслар ҳақида милицияга хабар берган шахсга 5 миллион сўм мукофот пули ваъда қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG