Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 03:49

АҚШда террорчиликда айбланаётган ўзбек айбловларни тан олмади


Фазлиддин Қурбоновнинг facebook саҳифасидан олинган сурати.
Фазлиддин Қурбоновнинг facebook саҳифасидан олинган сурати.

АҚШнинг Айдахо штатида халқаро террор гуруҳи саналмиш Ўзбекистон исломий ҳаракатига молиявий ва техник ëрдам берганликда айбланиб қўлга олинган Фазлиддин Қурбонов жума куни ўтган биринчи суд тингловида ўзига билдирилган айбловларни тан олмаслигини айтди.АҚШ прокурорлари эса "Қурбоновнинг қамоққа олиниши бўлажак таҳдидларининг олдини олди" қабилида баёнот бераётир.

Associated Press ахборот агентилигининг хабар беришича, 17 май куни маҳаллий вақт билан соат 9 да Бойсе шаҳридаги федерал судга эҳтиёт чорасини белгилаш учун олиб келинган Фазлиддин Қурбонов тинглов жараёнида жуда кам гапирган ва ўзига билдирилган айбловларни тан олмаган. Судда у рус тилида гапирган, шунинг учун тингловга таржимон таклиф қилинган. Федерал суд Қурбоновга адвокат ҳам ёллаган.

Жума куни ўтган суд жараёнида эҳтиёт чораси юзасидан ҳукм чиқарилмади. Расмийларга кўра, жараён сешанба, яъни 21 май куни давом этади. Унгача Фазлиддин Қурбонов Ада округи қамоқхонасида сақланади. Хабарларда айтилишича, Қурбоновга нисбатан билдирилган уч айблов юзасидан суд жараёни 2 июл куни бошланади.

Фазлиддин Қурбоновга адвокат этиб тайинланган Ричард Рубин журналистлар билан суҳбатлашишдан бош тортган.

Айдахо прокуратурасидан олинган маълумотларга қараганда, Фазлиддин Қурбоновга 2009 йилнинг августида АҚШда қочқин мақоми берилган ва у Айдахода яшай бошлаган. У бу штатда яшаётган 650 га яқин ўзбек қочинларининг бири. Қурбонов инглиз тилини билмайди ва Бойсе шаҳрида юк ташувчи машина ҳайдовчиси бўлиб ишлайди.

Айдахо прокурори Венди Олсон “Қурбоновнинг қўлга олиниши билан биз исталган вақтда содир этилиши мумкин бўлган таҳдиднинг олдини ола билдик”, деб баёнот берди. Унга кўра, тергов ишлари давом этмоқда. Лекин прокурор “Қурбонов иши билан боғлиқ равишда яна қўлга олишлар бўладими?” деган саволни жавобсиз қолдирди.

Расмий маълумотларда Қурбонов аввал судланмагани, лекин тезликни оширгани учун икки марта полиция томонидан жаримага тортилгани ҳақида айтилади.

Россиядаги Новости агентлигининг хабар беришича, Ўзбекистон махсус хизматлари ҳам Фазлиддин Қурбонов шахсини ўрганишни бошлаган.

“Ҳозирги кунда бу йўналишда иш олиб борилаяпти. Қурбоновнинг кимлиги, қаердан экани тўғрисида ҳозирча ишончли маълумотлар йўқ”, деб хабар берди Ўзбекистон махсус хизматидаги манбага таянган ҳолда Новости агентлиги.

Ўзбекистонлик 30 ёшли Фазлиддин Қурбонов АҚШда 16 май куни ноқонуний тарзда портловчи модда сақлаганликда ва террорчилик ташкилотини қўллаб-қувватлаш йўналишида фаолият кўрсатаганликда гумонланиб қўлга олинган эди.

Унга қўйилаëтган айблов хулосасида айтилишича, Фазлиддин Қурбонов 2012 йил августидан 2013 йилнинг май ойигача террорчи ташкилот деб ҳисобланувчи Ўзбекистон исломий ҳаракатини маблағ ва компютер дастурлари билан таъминлаш мақсадидида бошқа шахслар билан онгли тарзда тил бириктирган.
XS
SM
MD
LG