Линклар

logo-print
Ўзини Ўзбек Турист, деб таништирган тингловчимизнинг WhatsApp дастури орқали ёзиб-жўнатган йўлномаси дастлабки қисмини 21 май куни эълон қилган эдик.

Ўзбек Туристнинг смартфон ҳикояси ўзбек меҳнат муҳожирларининг поездда Қозоғистоннинг кириш чегарасидан то чиқиш чегарасигача кўрган-кечирганлари баёнидир.

Ҳикоя, бир қарашда, қозоғистонлик маъмурларнинг юлғичлиги тўғрисида. Лекин, матнни диққат билан ўқисангиз...

Смартфон ҳикоянинг давомини ўқинг.


***

11:33 - Охирги чегара (қозоқларники) тинкамизни қуритди. Пул сўраб. Одамларнинг аксариятида пул қолмаган. Пограндосмотрлар одамларнинг сумкаларини титиб, чўнтакларини кавлаб, пул чиқмаганларнинг нарсаларини обқўйишди.

Битта ёши элликлардан ошган фарғоналик амакининг сумкасида эски дрель боракан. “Бунинг чеки қани”, деб униям олиб қўйди. “Ҳой бола, ўғлим тенги экансан. Бу менинг асбобим. Устаман, шу билан пул топаман”, десаям қулоқ солмади.

11:34 - Одамга алам қилади. Ўзбегим ишдан қайтаётган бўлсаям майлийди, бир-икки минг рубл ортиқча солволади чўнтагига. Кўпчилик билан гаплашдим, деярли ҳаммасининг уйида шароити оғир, молини сотиб, ҳатто қарз олиб йулкира килиб кетишяпти. Бир-икки марта бориб келганлари шу қозоқ чегарачилари, божхоначиларига деб, озгина заҳираси билан чиқади. Биринчи марта кетаётганлари йўлда еб-ичиб кетаман, деган пулларини олдириб бўлди. Ҳатто шиша банкадаги қовурдоғиниям обқўйишди.

11:43 - Ўзбекистон кузатиши мумкинми бу ёзишмаларни? Барибир одам чўчийди сал. Техника тараққий этди. Ҳар-ҳар хакерлар бор давлатнинг ишида шу тараққиётга яраша. Лекин сиёсатга қарши ҳеч нарса ёмадиму...

11:44 – Агар, шу иш билан астойдил шуғулланамиз, десанглар, менда Қозоғистоннинг хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ишонч телефониям бор, ёзвораман.

11:47 - Ёзганларим ҳаммасимас, яна Украинанинг чегарасиям бор. Украина чегарачию божхоначилари билан бир гаплашган одам қозоқ чегарачиларини қучоқлаб, пешонасидан ўпиб қўйгиси келади. Жиддий айтяпман.


11:58 - Шу кўриб турганингиз ўн саккизга тўлмаган бола. Нима иш қиласан, десам, “Нима иш бўлсаям қилавераман”, дейди. Ҳунаринг борми қўлингда, десам, “Ғишт уриш, бетон қуйиш қўлдан келади”, дейди. Ўзим шу ёшда дада велик оберинг, магнитофон оберинг, деб юрганимни эсладим.


12:06 - Яна бир йўловчи -олтмишга кирган. У нима иш қилади, ким иш беради - Худо билади. Лекин ишга кетаётганлиги аниқ. Курортга кетаётган одам Ролтон еб, махорка чекмайди.


14:04 - Ўзбек ҳар қанақа қийинчиликка чидайди. Дунё халқлари орасида ўзбек халқидақа ҳар қандай шароитга мослашадиган халқ бўлмаса керак. Ўзбекларни бир қанчаси манзилларда тушишди. Ўрниларига бир қанча руслар чиқди. Бизникилар ўзи билан ўзи овора: ким ухлаяпти, ким овқатланяпти, кимлар кечаги ҳолатларни эслаб кулишяпти, ким поезддан тушиб уёғига кандай етволар эканман, бор пулимни олдириб қўйдиму, деб ўйланиб ўтирибди. Ҳеч ким қийналгани йўқ. Фақат янги чиққан йўловчи русларнинг баъзилари ачиниб, баъзилари эса, ёмон кўз билан бизга қараб-қараб қўяётганини кўриб, мен қийналиб кетяпман. Биззи ўзбекка эса по... Улар кўникиб кетган бунақа нигохларига, кесатиқ гапларига русларнинг.

14:18 - Бир томон - Қозоғистоннинг, яна бир томон - Украинанинг чегарачисию мелисалари бўлса, бу ўзбек деганлари фақаат икки ўртада - Россиядагина сал эркин нафас оларкан-да, деган хулоса бўлса, нотўғри ўйлапсиз. Сизга ҳалироқ яна бир воқеа айтаман.

14:20 - Ҳозир телефонимни заряди ўтириб колди. Вагон-ресторанга ўтиб зарядкага қўйиб келаман.

15:46 - Яна мен.

16:10 - Хуллас, 2012 йил октябр ойида Ватанга қайтаётувдик. Поездда одам кўп. Ҳамма уйига кетаётган пайт. Россиядан чиқиш чегарасига уч соатча қолганда бир станциядан бешта рус мелиса поездга чиқди. Ичида биттаси аёл киши. “Миграционная полиция”, деб ҳамманинг ҳужжатини текшириб кетди. Баъзиларнинг паспортини олиб, чўнтагига солиб қўйишади. Билсак, регистрацияси муддати ўтган, миграцион картасида хатоси бор ўзбекларнинг паспортини йиғиштиришаяпти. Кейин битта-битта тамбурга чақиришиб, бир ярим минг, икки мингдан (рубл) пулини олиб, қўйвораяпти. Бизникилардан бири - йигирма уч-йигирма тўрт яшар йигит улар билан тортишиб қолди. Патент, регистрациясининг сроги ўтмаган, давлатга тўлаган налогининг квитанциялариям - ҳаммаси бор экан. Айби миграцион картада "цель визита" деган графаси бор. Шунинг "работа" дегани тагига чизмаган экан. Принцип қилиб унинг паспортини беришмади. Кейин яна бир қизнинг паспортини беришмади. У қизнинг регистрацияси муддати ўтиб кетган экан.

16:10 - Хуллас, чегарага келдик. Бизнинг вагондан ҳалиги йигит билан қиз, яна қолган вагонлардан ҳам битта, иккита қилиб ўнтача одамни поезддан обтушиб етаклаб кетишди. Қаёққа, деб сўрасак, “банкка бориб штраф тўлаб келишади”, деди капитан-мелиса. Мен бу аёлнинг пули йўқ-ку, қандай тўлайди, пули бўлганда ўша пайтда ўзингга бериб обқоларди паспортини, десам, “Ҳечқиси йўқ, билетини топширса - пул бўлади, штрафгаям, таксигаям етади”, деб обкетди.

16:18 - Биз ҳалиги чегарада икки соат турдик. Кейин озгина юриб, Қозоғистон чегарасига келдик. У ердаям икки соат туриб, кейин кетдик. Тушганлар қайтишга улгурмади. Бир соатдан ошиқроқ юриб, Қозоғистоннинг бир каттароқ шаҳрига тўхтадик. Поезддан тушсак, ҳалиги Россияни чегарасида қолган одамлар туришибди. Ҳалиги тортишган йигит вагонга чиқиб шерикларидан ўн минг рубл олиб, қозоқ таксистга берувди, қозоқ иккита паспортни чўнтагидан чиқариб берди. Биттаси ҳалиги жувонники. У қиз биринчи поездга чиққанда...

16:46 - Поездга чиққанда кийиниши, гап-сўзи, ўзини тутиши умуман ёқмаганиди. Енгилтаклиги, Россияда нима иш билан шуғуллангани аниқ билиниб турувди. Қизни мелисалар обтушганда пули йўқ эди. Кўпчилик оз-оздан йиғиб жаримасини тўлашибди.

17:16 - Кейин ўша ердаги қозоқ таксистлар билан гаплашиб, учта машинага чиқишган. Тушиб қолганлар ким билетини...

17:24 - Ким билетини топширган, ким охирги пулини берган, хуллас, ҳеч кимда пул йўқ, насияга такси гаплашиб чиқишган. Йўлда келишаётганда бир жойда тўхташиб, битта уйга ҳалиги қизни обкириб, тўртта қозоқ навбат билан зўрлашибди. Қолган ўзбеклар нима гаплигига сал-пал бўлсаям фаҳми етиб турсаям, машинадан тушолмай ўтираверишган. Шунинг учун чегарага улгуриб келишолмаган. Кейинги катта станцияга етказиб обориш учун келишилган. Йулкира нархи яна ошган. Ниҳоят етиб келиб, ҳаммаси поездда одамларга йиғлаб ялиниб, пул сўраб юришди. Ўнта одамдан иккитаси қолиб кетди ўша жойда таксистга пул тополмай. Ҳалиги фарғоналик қиз бўлса ҳеч нарсани тушунмаяпти, карахт бўпқолган. Ёмғирда ивиб кетган, томоғининг таглари тишланиб кўкариб кетган. Бир-икки киши кўтаргудек қилиб вагонга обкирдик. Сув ичиб, ўзига келиб, бўлган ишларни битта менга айтиб берди. Бошида ёмон кўрганим ўша суюқоёқ ўзбек қизига раҳмим келди. Йиғлагим келди. Вагоннинг туалетига кириб роса йиғладим. Ўзбекни нима сабабдан бунча хор бўлганига тушунолмай йиғладим. Нима, балки, ким сабаб?!

17:24 - Эркак киши бўлсам ҳам яқиндан бери шунақа йиғлоқи бўпқолдим. Миллатнинг хорлигини кўриб, қўлимдан ҳеч нарса келмаётганидан йиғлавораман. Аламдан йиғлавораман.

17:26 - Бунақа кечинмаларим кўп. Озгинасини ёздим. Балки сизга унча қизиқмас туюлиши мумкин. Лекин умуман ёлғони йўқ. Ҳаммаси рост, бўлган, бўлаётган ишлар. Ахир кимдир кимгадир качондир ёрилиши керак-ку! Хоҳланг, таҳрирлаб босиб чиқаринг, хоҳланг чиқарманг, лекин сиз ҳам хабардор бўлинг миллатимнинг бугунидан қаерда жойлашган бўлсангиз ҳам.

17:28 - Қозоғистон номеридан ёзиб, Россия номеридан ёзиб ҳам барибир ҳадик билан турибман, Ўзбекистонда туриб кузатаётган бўлишсачи, деб.

17:32 - Қани бутун бошли миллат?! Давлатни сўрамайман. Мамлакатни сўрамайман. Миллат қани, миллат?!

17:39 - Бирон фикр ёки савол бўлса икки соатлар чамаси ичида ёзинг. Чунки кейин Украинага кириб кетамиз, бу номер ўчади.

Ўзбек Турист

Озодликдан: Тингловчимиз Ўзбек Туристнинг смартфондаги Whats App дастури орқали ёзиб-жўнатган ҳикоясининг иккинчи қисми шу ўринда якунига етди. Муаллиф ҳозирча алоқага чиққани йўқ. Лекин биз унинг алоқага чиқишига, йўл таассуротларини ёзишни давом эттиришига умид қиламиз.

Озодликнинг WhatsAppи:

(WhatsApp +420 724 971 539)


Сиз ҳам биз билан алоқага чиқинг!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG