Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:22

Чироқчида ўқувчилар чопиққа мажбурланмоқда


Ўзбекистон ҳукуматининг мажбурий болалар меҳнати муаммосига қарши курашаётгани ҳақидаги баёнотларига қарамасдан мактаб ўқувчиларнинг ўқиш пайтида дала меҳнатига жалб этилиши бу йил ҳам кузатилмоқда.



Қашқадарёнинг Чироқчи туманидаги айрим ота-оналар фарзандлари ўқиш пайтида ғўза чопиғига олиб чиқилаётгани ҳақида шикоят қилмоқда.

- Чироқчидаги 170-сонли ҳамда 35-сонли мактабнинг 5-6 синф ўқувчилари ягана ва ғўза чопиғига чиқариляпти. Ўқишни қолдиряпти, чопиққа мажбур, чиқсизлар деяпти экан. Ўн кундан буён ўқиш йўқ,- дейди мажбуран далага олиб чиқилаётган чироқчилик ўқувчилардан бирининг отаси Озодлик билан суҳбатда.

Чироқчилик бошқа ота-оналар ҳам фарзандлари ўқиш ўрнига дала меҳнатига мажбурланаётганини тасдиқлашди.

- Кўпчилик ота-оналар болаларнинг дала меҳнатига олиб чиқилиши қонунга зид эканини билишмайди. Ўз ҳақ-ҳуқуқларини билишмайди. Мактабда ўқиш йўқ. Яна ремонтга деб, 6 минг сўмдан йиғишяпти. Бу ҳам қонунга зид,- дейди Озодликка чироқчилик Шуҳрат ака.

Лекин, Чироқчи тумани ҳокимлиги халқ таълими бўлимининг исмини айтишни истамаган расмийси бу йил туманда ўқувчилар дала меҳнатига мажбурланаётганига оид хабарни қатъий рад этишди.

- Ҳеч қанақа чопиқ йўқ. Мен ўзим далаларни айланиб юрибман. Ўқувчулар ўқишини ўқиши керак. Ҳеч кимнинг уларни дала меҳнатига мажбурлашга ҳаққи йўқ,- деди Чироқчи тумани ҳокимлиги халқ таълими бўлими масъулларидан бири.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари каби Қашқадарёда ҳам мактаб ўқувчилари ва талабаларнинг пахта терими мавсумидан ташқари баҳор ойларида ғўза чопиғи ва яганага жалб этилиши бундан олдинги йилларда ҳам кузатилган.

Ўзбекистон ҳукуматининг мажбурий болалар меҳнатига чек қўйиш ҳақидаги баёнотларига қарамасдан болаларнинг ўқиш пайтида дала меҳнатига жалб этилиши бу йил ҳам кузатилмоқда.

Қорақалпоғистоннинг Амударё тумани болалар далага олиб чиқилаётгани ҳақида Озодлик аввал хабар берган эди.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянси раҳбари Елена Урлаева Амударё туманида мактаб ўқувчилари мажбуран далага олиб чиқилаётганига шахсан гувоҳ бўлганини айтган эди Озодлик билан суҳбатда.

Болалар меҳнати махсули деб кўриладиган ўзбек пахтасини сотиб олишдан воз кечган ширкатлар сони бу йил 130дан ошди.
XS
SM
MD
LG