Линклар

logo-print

"Чўлқувар" газ конидаги ёнғин тўхтатилди, қурбонлар бўлгани инкор қилинди


"Чўлқувар" газ конида бир ой давом этган ёнғин кўриб турганингиз суратда акс этган 1963 йилги Ўрта-бўлоқ газ конидаги ёнғинга қиёсланмоқда.

"Чўлқувар" газ конида бир ой давом этган ёнғин кўриб турганингиз суратда акс этган 1963 йилги Ўрта-бўлоқ газ конидаги ёнғинга қиёсланмоқда.

Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида жойлашган "Чўлқувар" газ конида бир ой давом этган ёнғин тўхтатилди. Буни маълум қилган Миришкор тумани ҳокимлиги мутасаддиси кондаги ёнғинда қурбонлар борлиги ҳақидаги маълумотларни инкор қилди.


Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокимлигининг исмини ошкор қилмаётганимиз мутасаддисидан олинган маълумотга кўра, 28 май куни тонгги соат 5 да қарийб бир ой давом этган ёнғинни тўхтатишга муваффақ бўлинган.

“Эрталаб соат 5 да ўчирдик. Ҳозир вентиль қўйилди”, деди ҳокимлик мутасаддиси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Ҳокимликнинг юқори лавозимларидан бирида ишловчи бу мутасадди газ конида рўй берган ҳодисада қурбонлар борлиги ҳақидаги маълумотларни инкор қилди.

“Йўқ, йўқ. Ҳеч кимга ҳеч нарса қилмаган. Қип-қизил чўлнинг ўртасидаку кон?! Аҳолига зарар етмаган”, деди ҳокимлик мутасаддиси.

Шунингдек, у бир кун муқаддам ҳамкасбларидан бири – Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг исмини ошкор қилмаётганимиз расмийси 30 апрел кунги портлашда конда ишлаётган экспедиция аъзоларидан бири қурбон бўлгани ҳақида берган маълумотни ҳам инкор қилди.

Эслатамиз, Ўзбекнефтгаз холдинг ширкатига қарашли Миришкордаги газ конларидан бирида портлаш бўлгани ва ундан кейин бошланган ёнғиннинг қарийб бир ойдан буён давом этаётгани ҳақидаги хабар Озодликка 27 май куни мустақил манба томонидан берилган эди.

Озодлик ўз манбаси йўллаган бу хабар ортидан Қашқадарё вилояти ҳамда Миришкор тумани ҳокимликлари, шунингдек, "Муборак газни қайта ишлаш заводи" унитар-шўъба корхонаси ходимларидан баъзи маълумотларни олган эди.

Жумладан, "Муборак газни қайта ишлаш заводи" унитар-шўъба корхонасига қарашли телефон гўшакларидан бирини кўтарган ходим қурбонлар сони бир кишидан кўплиги, аҳоли орасида жароҳатланганлар борлигини айтган эди.

28 май куни Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда Миришкор тумани ҳокимлигининг юқори лавозимли мутасаддиси бу хабарларни кескин рад қилди.

Озодлик мухбири бугун суҳбатлашган қашқадарёлик тингловчи "Шўртангаз" мажмуасида ишлаётган қариндошига таяниб, газ конида содир бўлган ҳодисага оид баъзи тафсилотларни тилга олди.

- Ўзи у ерга ўрнатилган вентиль кутилмаганда ичкаридан катта босимда чиққан газдан отилиб чиқиб кетган, кейин катта босимдаги газ портлаб чиқиб, ёниб кетган. Олов шунақа кучли бўлганки, иссиғидан ҳеч ким яқинлаша олмаган у ерга, деди қашқадарёлик тингловчи.

Унинг сўзларига кўра, аввалига 60 метрга қадар кўтарилган олов фонтанига бир неча кун яқинлашишнинг асло имкони бўлмаган.

- 24 соатлаб ҳаракат қилишганда ўчиришга. Ишчилар иссиққа куймаслик учун бир-бирини суяб-суяб, яқинлашишганда. Ёнғин бошланганнинг иккинчи кунига Бош вазир Мирзиёевнинг ўзи борибди. Шунақа қилиб юриб, кеча оқшом сал оловни пасайтиришибдида, деди тингловчи.

Бугун аниқланишича, "Чўлқувар" дейилган бу газ конига энг яқин аҳоли пунктлари Миришкор туманининг Гулшанбоғ ва Вори маҳалла фуқаролар йиғинидир.

Қашқадарё вилояти ва Миришкор тумани ҳокимликлари расмийлари бу аҳоли пунктларида ёнғин давом этган муддат ичида эҳтиёт чоралари бўйича тушунтириш ишлари олиб борилганини айтган.

"Махсус группа бор ҳокимиятдан. Ҳар икки кунда бориб, одамларга тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Эҳтиёт чоралари кўрилаяпти. Лекин, аҳолига зарар етмаган", деди, жумладан, Миришкор тумани ҳокимлигининг исмини ошкор қилмаётганимиз мутасаддиси.

Ҳозирча, "Чўлқувар" газ конида рўй берган ҳодисага оид тафсилотларни аниқлаш ва мавжуд маълумотларга аниқ расмий тасдиқ олиш мушкуллигича қолмоқда.

"Муборак газни қайта ишлаш заводи" Ўзбекнефтгаз миллий холдинг компаниясининг суюлтирилган газ ишлаб чиқарувчи муҳим объектларидан бири ҳисобланади.

Уни газ билан таъминлайдиган "Чўлқувар" газ конидаги газ ҳамда газ конденсатининг сифати жуда юқори экани айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG