Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 13:20

Наманганда “Ўзбегим” куйиб кул бўлди


"Ўзбегим" кафеси ёнғиндан сўнг.
"Ўзбегим" кафеси ёнғиндан сўнг.

Наманган шаҳридаги икки қаватли “Ўзбегим” кафесига 29 июнга ўтар кечаси ўт тушди. Бу ҳақда хабар берган Озодлик манбасига кўра, тунда бошланган ёнғинни ўт ўчирувчилар бартараф қилолмаган:


- Ўт ўчирувчиларга кечроқ хабар берилганми - кафе деярли ёниб тугаганда етиб келишди. Фақат ғиштлари билан темирлари қолди, холос. Шу иморатдаги дўкондан ҳам ҳеч нарса қолмади. Ёнғин кафенинг ертўласигача кириб борган, ҳеч нарса қолмаган, - деди Озодлик манбаси.

Ўзбегим кафеси шаҳардаги ишбилармон тадбиркорлардан бири, 49 ёшли Аюбхон исмли шахсга тегишли эканлиги айтилади. Исми сир қолишини сўраган наманганлик тадбиркорлардан бирининг Озодликка айтишича, ёнғиндан жуда катта зарар кўрилган:

- Бир кун олдин дўконга янги мол олиб келишган экан. Айтишларича, 250 миллион сўмлик зарар бўпти. Аюбхон ва яна унинг икки акасининг шаҳарда бир қанча ошхоналари ва дўконлари бор. Улар илгари судда ишлаган раҳматли Аббосхон аканинг ўғиллари бўлади. Микрорайонда “Аббос” деган катта магазинлари ҳам бор. Яхши ва ҳалол одамлар, оиласи ҳам ҳурматли. Энди фалокатда, - деди тадбиркор.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, мазкур ёнғин чиқиши ҳақида икки хил тахмин илгари сурилаяпти: биринчиси, ёнғин кафенинг ичкарисидан - техника хавфсизлигига риоя қилмасликдан чиққан бўлиши ва иккинчиси, кимдир ўт қўйган бўлиши мумкин.

Наманган шаҳар ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими ҳам “Ўзбегим” кафесида ёнғин содир бўлганини тасдиқлади. Мулозимнинг айтишича, ёнғин натижасида ҳамма нарса ёниб кул бўлган ва айни пайтда ёнғин келиб чиқиши сабаблари ўрганилмоқда.

Бундан бир ҳафта олдин Озодликнинг WhatsApp тармоғидаги муштарийлар 22 июн куни Тошкентнинг кичик халқа йули олдида, Андижондаги мадраса ва Фарғона шаҳри марказида жойлашган "Александрия" номли савдо мажмуасида ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар қилишган эди.

XS
SM
MD
LG