Линклар

logo-print

Обама Санкт Петербургдаги Катта йигирмалик саммитида қатнашади


АҚШ президенти Барак Обама Россия ҳукумати собиқ америкалик агент Эдвард Сноуденга бошпана берганидан норози бўлганига қарамасдан сентябр ойида Санкт Петербург шаҳрида бўладиган Катта йигирмалик саммитида қатнашиш ниятида эканини билдирди.


Сешанба куни АҚШдаги NBC телеканали мухбири билан суҳбат чоғида АҚШ президенти Обама Россия ҳукумати Эдвард Сноуденга бошпана берганидан хафсаласи пир бўлганини таъкидлади.

Лекин, Оқ уй раҳбари Санкт Петербургдаги саммит пайти россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан алоҳида учрашиш ё учрашмаслиги ҳақида аниқ гап айтмади.

Жаноб Обамага кўра, Россия вақти-вақти билан Совуқ уруши давридаги каби фикр юритишга ўтиб олади.

– Бу каби фикр юритиш аллақачон ўтмишга айланган, биз келажак ҳақида ўйлашимиз кераклигини, самаралироқ ҳамкорлик қилишимиз мумкинлигини Путинга айтмоқчиман, - деди Барак Обама.

АҚШ президенти Обама NBC телеканали мухбири билан суҳбат пайти халқаро майдонда, жумладан Афғонистонда террорчиликка қарши амалларда Россиянинг қўллаб-қувватловини олқишлади.

Айни пайтда Москванинг Сноуден бўйича қарорига қарамай, АҚШ ва Россия мартабали расмийларининг Вашингтонда жума кунига режаланган учрашувининг ҳам ўтказилиши маълум бўлди.

АҚШ Давлат департаменти вакили Женнифер Псаки жума куни АҚШ Давлат котиби Жон Керри ва Мудофаа вазири Чак Хэйгел россиялик ҳамкасблари Сергей Лавров ва Сергей Шойгулар билан Вашингтонда учрашишини тасдиқлади.

Музокаралар чоғида асосан Суриядаги вазият, Эроннинг ядровий дастури билан боғлиқ масалалар кўтарилади.

Ўтган ҳафта Россия ҳукумати, АҚШнинг ўз фуқаросини Вашингтонга топшириш талабларига қарамай, Сноуденга бир йиллик вақтинчалик бошпана берди.

Давлат департаменти баёнотида ўзаро музокараларда Сноуден мавзуси ҳам кўтарилиши билдирилган.

Россия ҳукуматининг Миллий Хавфсизлик Агентлигининг собиқ ходимига вақтинчалик бошпана бериш қарори Вашингтон ва Москва ўртасидаги алоқалар таранглашишига олиб келди.

Сноуден ўтган пайшанба куни Москванинг Шереметево аэропортидан чиқиб кетганидан бери қаерда яшаётгани номаълум қолмоқда.

Сноуден Америка фуқароларининг электрон ёзишмалари ва телефон суҳбатларини кузатишга доир дастурлари ҳақидаги махфий маълумотларини жамоатчиликка ошкор этган.

Қўшма Штатлар унинг Россиядан экстрадиция этилишини талаб этмоқда.
XS
SM
MD
LG