Линклар

logo-print

Ҳақоратланган фермернинг кампир онаси Қизириқ ҳокимига этагини кўтарди

  • Садриддин Ашур


Сурхондарё вилояти, Қизириқ тумани ҳокими фермерни кам пахта топширганликда айблаб, онасини сўкди, калтаклаб-бўғди. Калтакланган фермернинг отаси кампирини етаклаб ҳокимнинг олдига келган-да “мана шу кампир сен сўккан улимни (ўғлимнинг) энаси бўлади, шуни сўкканмидинг, мана олиб келдим, қўлингдан келса “қил” деган. Фермернинг отаси ҳокимни урмоқчи бўлганида уни ажратиб олишган.

Туман ҳокими Озодлик саволларига жавоб берар экан, у билан боғлиқ воқеалар тўғрисидаги хабарларни рад этди.



Озодликнинг Қизириқ туманидаги манбасига кўра, туман ҳокими Олим Алимардонов 5 октябр куни кечқурун пахта қабул қилиш пунктида 29 ёшли фермер Ориф Рўзибоевни калтаклаган:

- Воқеа шанбадан якшанбага ўтар кечаси пахта қабул қилиш пунктида содир бўлган. Ҳоким Олим Алимардонов ёш фермер Ориф Рўзибоевни муштлаб уриб, кейин бўғган. Фермер ҳушидан кетиб, йиқилиб қолган, деди Озодлик манбаси.

Озодлик бу воқеани суриштириш жараёнида, фермернинг калтакланганига бевосита гувоҳ бўлган Қизириқ пахта қабул қилиш пункти ишчиларидан бири билан гаплашишга муваффақ бўлди.

Исми сир қолишини сўраган ишчининг Озодликка микрофонсиз айтишича, шанба куни пахта топширган фермерлар ичкарида ўтирган ҳокимнинг олдига кириб ҳисобот берган:

- Мен ҳам ичкарида эдим. Фермер Ориф келди ва қанча пахта топширганини айтди. Ҳоким эса нега кам топширяпсан, "онангни палон қилай", деб сўкди. Кейин яна “уч ҳарф” билан сўкди. Фермер ёш йигит эмасми, қони қизиб, “ўзингни онангни қил” деди. Шунда ҳоким жазаваси тутиб Орифнинг қорнига икки-уч муштлади. Фермер ерга йиқилгач, уни бўға бошлади. То ҳушидан кетгунча бўғди, дейди пункт ишчиси.

Унинг айтишича, кейин фермерни кўтариб ичкаридан олиб чиқишган ва кимдир унинг ота-онасига телефонда хабар берган:

- Фермернинг қари ота-онаси етиб келганда, Ориф ҳушига келган, бироқ қорнини ушлаб вой-войлаб ётарди. Орифнинг отаси Абдурасул бобо ўғлидан нима бўлди, деб сўради. Ўғли бор гапни айтди шекилли, чол тутоқиб, қани ҳоким, деб бақирди. Кейин кампирини етаклаб ичкарига кирди. Мен ҳам кирдим. Чол ҳокимга “сени ҳам она туққанми, сен ҳали эналарни қиладиган бўлдингми, мана энасини олиб келдим, қўлингдан келса қил”, деди. Кампири ҳам “сени ўзи она туққанми, мана қил” деб, этагини кўтараётган эди, кимдир ушлаб қолди. Ҳоким талмовсираб қолди ва яна бир нималар деган эдики, Абдурасул бобо столни устида турган пиёлани олиб ҳокимга отди. Бўлди тўполон, бўлди жанжал, зўрға чолу кампирни ажратиб олиб чиқишди, деди пахта қабул қилиш пункти ишчиси.

Унинг айтишича, ўша куни фермер Ориф Рўзибоев Қизириқ тумани касалхонасига ётқизилган. Бироқ, у расман касаллар қайдига олинмаган ва жароҳатлари ҳақида милицияга ҳам хабар берилмаган:

- Орифни эрталаб соат 6 да касалхонадан чиқариб юборишган. Ҳокимга яқин одамлардан бири касалхонага бориб, фермерни алдаб-авраб олиб чиққан, дейишяпти, деди пахта қабул қилиш пункти ишчиси.

Қизириқ тумани ҳокими Олим Алимардонов Озодлик билан суҳбатда фермер Ориф Рўзибоевни калтаклаганини рад қилди:

- Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас, бу одамларнинг оғзидаги бекорчи гап. Мен ҳеч кимни урганим ҳам, сўкканим ҳам йўқ, деди ҳоким Олим Алимардонов.

Сурхондарё вилоятидаги Қизириқ тумани ҳокими Олим Алимардонов халқ орасида муштумзўр ҳоким деб таърифланган вилоят собиқ ҳокими Туроб Жўраевнинг "тактика"сини давом эттираётган ҳокимлардан бири эканлиги айтилади.

Ўзбекистонда ҳокимлар ва бошқа мансабдор шахсларнинг ўзидан паст лавозимда бўлган амалдор ва фермерларни уриши¸ ҳақорат қилиши кўп кузатилади.

2011 йилнинг сенябрида айнан Музробод туманидаги Зиёдилло Қўлдошев маҳалласида истиқомат қилган 50 яшар фермер Исмоил Тўраназаров ҳоким тазйиқларидан сўнг ўз жонига қасд қилган эди.

Жорий йилнинг апрел ойида Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳокимлигида ўтказилган мажлис пайтида маҳаллий фермер Турсунали Содиқов ички ишлар бўлими раҳбари томонидан калтакланганидан бир кун ўтиб юрак ҳуружидан жон берган эди.

Яна шу йилнинг апрел ойида Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Ўктам Эргашев 19 апрел куни Косонсой туманида ўтказган йиғилишида ўнга яқин фермерни калтаклади.

2012 йилнинг август ойида Жиззах вилояти, Зарбдор тумани ҳокими металлолом йиғиш бўйича вазифани бажаришга ваъда бера олмаган туман Халқ таълими бўлими мудирини калтаклаган.

Сурхондарё вилояти собиқ ҳокими Туроб Жўраев 2011 йилнинг25 октябрь куни Жарқўрғон тумани ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда 8 та коллеж директорини муштлаб урган эди.

Тошкент вилояти Янгийўл тумани прокурори Зиёдулла Йўлдошев 2011 йилнинг сентябридв шу туманнинг Убай Муасев қишлоғи маҳалла қўмитаси раиси муовини Зуҳриддин Зокировни пахта теримига етарли одам йиғмагани учун калтаклаган.

2009 йилнинг ноябр ойида Ўзбекистон республикаси Вазирлар маҳкамасининг Жиззах вилоятидаги вакили Ўктам Турсунов фермерлардан бирининг ишидан камчилик топиб,унинг ўзига гўр қаздирган, маҳалла имомини чақиртириб келиб, тирик фермерга жаноза ўқиттирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG