Линклар

logo-print
Кейинги пайтларда Озодлик муштарийларидан мобил алоқанинг ёмонлиги боис боғланиш имконсизлигидан ва мобил Интернетнинг секинлигидан шикоятлар кўпайди. OzodJavobнинг бугунги сонида шундай ҳолатларда қаерга мурожаат қилиш мумкин, деган саволга жавоб излаймиз.

Хоразмнинг Гурлан туманида яшовчи Рустам исмли муштарий e-mail орқали мурожаат қилиб, мобил алоқанинг сифатидан қониқмаётгани ҳақида ёзди.

“Телефоним Ucell компаниясига уланган. Бирор жойга телефон қилмоқчи бўлсам, 4-5 марта уринишга тўғри келади. Агар Россияда ишлаётган акам телефон қилса, умуман гаплашиш имкони йўқ, томга чиқиб гаплашаман. Ucell идорасига борсам, ҳар сафар “яқинда яхшиланади” деган жавоб беришади. Ҳокимиятга борсам, “Бу бизнинг ишимиз эмас” дейишади. Бошқа яна қаерга шикоят билан мурожаат қилишим мумкин?”, дея сўради гурланлик Рустам.

Тошкентлик Анвар эса Twitter орқали мурожаатида мобил Интернетнинг сифатидан шикоят қилди.

“Телефонимда Интернетдан фойдаланаман. Beeline нинг "1500 MВ" пакетини 11 долларга сотиб оламан. Тезлик умуман расво. Каттароқ файлни очаман десам, қотиб ётаверади. Операторлар билан боғланиш имкони йўқ. Кимга мурожаат қилишни ҳам билмайман. Бошқа компанияга ўтиб кетай десам, ҳаммаси ҳам шу аҳволда”, дея ёзғирди тошкентлик Анвар.

Озодликка WhatsApp орқали ҳам айни мазмундаги кўплаб мурожаатлар бўлмоқда.

Мана шундай ҳолатларда, аввало мижоз сифатида қайси мобил оператори хизматидан фойдаланилса, ўша компанияга мурожаат қилиш лозим.

Қуйида Ўзбекистондаги мобил операторлари билан боғланиш ҳақидаги маълумотлар:

Beeline компаниясининг Тошкентдаги бош офиси ва вилоятлардаги ҳудудий бўлимларининг телефон рақамлари ва Интернет орқали онлайн тарзда мурожаат қилиш линки;

Ucell компаниясининг Тошкентдаги ва вилоятлардаги офисларининг телефон рақамлари ва онлайн савол йўллаш линки;

UzMobile компаниясининг телефон рақамлари;

Perfectum mobile компаниясининг телефон рақами +998-98-305-11-11, +998-98-127-00-77

Шунингдек, амалдаги тартибга кўра, фуқаро истеъмолчи сифатида ўзи яшаётган Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат қилиши мумкин. Ҳамда фуқаролар мобил алоқадан қониқмаслиги борасида Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига ҳам мурожаат қилиши мумкин.

“Қўмитанинг ўзига ёки ҳудудий бўлимларимизга бу борада мурожаат қилиш мумкин. Мурожаат оғзаки ёки ёзма кўринишда бўлиши мумкин. Ишонч телефонларимиз орқали ҳам мурожаат қилиш мумкин. Биз қабул қилиб оламиз. Тегишли бошқармамиз бор. Улар чора кўриб, натижаси бўйича фуқарога жавобни беради. Қонунда белгиланган тартибда 15 кун ва узоғи билан 1 ой давомида фуқаро жавоб олиши мумкин”, деди Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг исмини очиқламаётганимиз мулозими.

Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитасининг ишонч телефони: +998712592137.

Озодлик мухбири суҳбатлашган мазкур қўмита ҳамда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларидан олинган жавоблардан маълум бўлишича, шу пайтгача фуқаролардан мобил алоқа ёки мобил Интернет сифатсизлиги борасида бирорта шикоят бўлмаган.

“Бизнинг туманда мобил алоқа сифатидан қониқмаслик бўйича умуман шикоят тушмаган. Лекин шикоят бўлса, албатта ўрганамиз. Фуқаролар ҳали ҳам ўз ҳуқуқлари борасида курашишни ўрганмади. Кейинги пайтда ҳақиқатдан ҳам мобил алоқа сифати жуда ёмон. Лекин бирор мурожаат тушмаса, буни ўзимизча ўрганишга ҳаққимиз йўқ”, деди Тошкентдаги Мирзо Улуғбек тумани Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг ўзини таништирмаган ходими.

Шу ўринда Озодликка маълум бўлган мобил алоқа ва Интернет билан боғлиқ шикоят туфайли ҳал бўлган иккита ҳолатни эслатиб ўтсак:

Навоий вилояти Нурота туманидаги Чашма, Оқтепа ва Ажрим қишлоқлари аҳолисининг мобил алоқа ўта сифатсизлиги борасидаги мутасаддиларга шикоятидан сўнг ушбу қишлоқлар ҳудудида мобил операторлари иккита антенна ўрнатишган. Натижа қишлоқларда мобил алоқа сифати нисбатан яхшиланган.

Ўтган йили Тошкентдаги телефон муштарийларининг алоқа сифатсиз эканидан шикояти натижасида "Ўзбектелеком" ўз мижозларидан узр сўраб, мижозларга товон сифатида бир ойлик абонент шартномасинг 20 фоизини қайтарган.

Ўтган йилнинг июлида фаолияти тўхтатилгунига қадар Ўзбекистонда етакчи уяли алоқа оператори саналган “Ўздунробита”нинг 10 миллионга яқин мижози бўлган.

Ушбу мижозлар кейинчалик бошқа компаниялар, асосан, Beeline ва Ucell га ўтиб кетди. Бу мобил операторлар эса шунча мижозга хизмат кўрсатишга тайёр эмаслиги ортида алоқа сифатининг пасайиши кузатилди.

Компаниялар кейинги бир йил давомида сифат яхшиланиши борасида бир неча бор ваъда берган. Бироқ ушбу ваъдалар ҳануз ижобат бўлганича йўқ.


************************************************************

Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG