Линклар

Уббиниёзовлар оиласи Нукусда очлик эълон қилди

  • Садриддин Ашур

Уббаниёзовлар оиласи олти ойдан буён кўчада яшамоқда

Уббаниёзовлар оиласи олти ойдан буён кўчада яшамоқда

Ободонлаштириш дастури доирасида бузилган беш хонали уйи эвазига қиймати тенг уй ололмаётган Уббаниёзовлар оиласи Нукус шаҳрида очлик эълон қилди. Олти ойдан ойдан чодирда яшаётган беш кишидан иборат оила Нукус шаҳар ҳокимлиги таклиф қилган товон пулига бузилган уйнинг ўрнини босадиган уй сотиб олиш мумкин эмаслигидан шикоят қилмоқда.

Нукус шаҳрининг Қорақалпоғистон кўчасидаги 130-уйда яшаган Уббиниёзовлар оиласидан тўрт киши, оила бошлиғи Мурат Уббаниёзов, унинг хотини Муҳаббат, ўғли Саломат ва ногирон укаси Давлат 8 декабрдан бошлаб муддатсиз очлик эълон қилди.

Бу ҳақда Озодликка гапирган Мурат Уббаниёзовга кўра, Нукус шаҳар ҳокимлигининг бузиб ташланган уйларига тенг келадиган уй билан таъминламагани уларни очлик эълон қилишга мажбур қилган:

- Амалдорлар бизнинг муаммомизни ҳал қилишни истамаяпти. Бошқа иложимиз қолмади, агар очликдан ўлмасак ҳам барибир кўчада совуқдан ўлиб кетамиз. Кеча қор ёғди, ҳаво совуқ, Кўчада ўтинни чўғ қилиб, қозонга солиб, палаткани иситяпмиз, дейди Мурат.

Уббаниёзовлар оиласи жорий йилнинг 27 июнидан бошлаб кўчада яшаб келмоқда. Муратнинг айтишича, шаҳар ҳокимияти уларга бузилган уйлари учун етарли товон пули бермаган ёки худди шундай уй билан таъминламаган:

- Биз улардан ҳеч қачон пул сўрамаганмиз. Биз ака-ука битта 2 хонали ва битта 3 хонали уйимизни қўшиб беш хонали қилган эдик. Ўринга ўрин уй беринглар, дедим. Улар таклиф қилган пулга битта 3 хонали уйни ҳам сотиб олиб бўлмайди, дейди Мурат.

Унинг айтишича, шаҳар ҳокимияти уларга кўчиб ўтиш учун уй таклиф қилган, бироқ:

- Бу уйларни бориб кўрдик. Бирининг деворлари захдан уқаланиб тўкилиб кетяпти, иккинчисида эса умуман сув йўқ. Биласизми улар бизга одам яшаши мумкин бўлмаган квартираларни таклиф қилмоқда, деди Мурат Уббаниёзов.

Озодлик Уббаниёзовлар оиласи муаммосига муносабат олиш мақсадида Нукус шаҳар ҳокими Жалгат Ўтаев билан боғланди. Ҳоким қўнғироғимиз сабабини обдон эшитгач, вақти йўқлигини айтиб телефонни ўчириб қўйди.

Уббаниёзовларнинг кенжа фарзанди Суръат сентябрь ойида палаткада туғилди. Ҳаво совиб кетганлиги боис у ҳозир бувисининг уйида қолмоқда.

Жорий йилнинг 22 август куни Нукус шаҳар ҳокимияти икки ойдан буён кўчада яшаётган Уббиниёзовлар оиласи томонидан пикет қилинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG