Линклар

Украина парламенти норозиларни авф этиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди


Украина парламенти чоршанба куни ярим тунга яқин норозилик акцияларида иштирок этгани учун қўлга олинганларни авф этиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди.

Мазкур қонун учун парламентнинг 232 депутати овоз берган. Қонунга овоз бериш жараёнида мухолифат иштирок этгани йўқ.

Қабул қилинган қонунда қонун норозилар эгаллаб олган маъмурий бинолар ва маҳаллий бошқарув органлари биноларини тарк этганидан сўнггина кучга кириши қайд этилган. Бундан ташқари норозилик пайтида оғир жиноятларни содир этганларга нисбатан амнистия қўлланилмайди.

Мухолифат мазкур қонун ҳеч қандай шартларсиз қабул қилинишини талаб этаётган эди.

Кеча Украинанинг биринчи президенти Леонид Кравчук мамлакатни сиёсий инқироздан чиқариш режасини парламентга тақдим этган. Кравчук мамлакат конституциясини ислоҳ қилиш бўйича комиссия тузиш ҳамда Украинанинг иккинчи президенти Леонид Кучма билан биргаликда мухолифат ва ҳукумат ўртасидаги музокараларга гарант сифатида воситачилик қилиш таклифини илгари сурган.
XS
SM
MD
LG