Линклар

Ўзбек талабаларидан "Валентин куни"ни нишонламаслик тўғрисида тилхат олинмоқда


Ўзбекистон олийгоҳлари талабаларидан "Валентин куни"ни нишонламаслик ҳақида тилхат олинмоқда. Бундай тилхатлар Ўзбекистон Миллий университети¸ Жаҳон тиллари университети ва Урганч Давлат педогогика университети талабаларидан ëздириб олингани маълум бўлди.

МХХ Авлиë Валентинга қарши курашмоқда

Озодлик манбаларининг айтишича, Ўзбекистон МХХ ходимлари "Авлиё Валентин куни" нишонламаслиги талаби билан студентлар ўртасида суҳбатлар уюштирган.

Тошкент Тиббиëт академияси қошидаги академик лицейнинг маънавият ва марифий ишлар бўйича раҳбари бу ўқув юртининг 19 та гуруҳида "Авлиё Валентин куни" норасмий диний байрамининг “ёшлар онгига салбий таъсири” тўғрисида тушунтириш ишлари ўтказган.

Тошкент Тиббиëт академиясидаги Озодлик манбасига кўра¸ бу “тушунтириш тадбирида” МХХ зобитлари иштирок этган.

Бундай тадбирлар шу кунларда Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетида ҳам ўтказилаëтгани айтилди. Ўзбекистон олий таълим вазирлигидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети талабалари "Авлиё Валентин куни"ни нишонламаслик борасида огоҳлантирилган:

- Чоршанба кунги ахборот соати тўлалигича "Авлиё Валентин куни" норасмий диний байрамининг ёшлар онгига салбий таъсирига бағишланди. Талабалар орасида бу қаттиқ назорат остига олинган. Ўзимизни СНБдаги кураторимиз ҳам қаттиқ огоҳлантирган бу бўйича. Бу огоҳлантиришни инобатга олиб чора – тадбирларни ишлаб чиққанмиз. Бугун ҳам ахборот соатида "Авлиё Валентин куни"нинг менталитетимизга зид экани тушунтирилди¸ дейди Озодлик манбаси.

Жума ҳутбаларида “Валентин куни” бўйича тушунтириш берилади

Ўзбекистон ëшлари ўртасида севишганлар байрами сифатида нишонланадиган "Авлиё Валентин куни" бу йил жума кунига тўғри келди.

Шу куни ирод қилинадиган жума ҳутбаларида "Авлиё Валентин куни"нинг Исломга зид экани таъкидланиши билдирилди.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси фатво бўлими ҳозирлаëтган жума кунги ҳутбалар матнига "Авлиё Валентин куни"ни нишонлаш мусулмонларнинг тақвосига зарар етказиши ҳақида насиҳат ҳам қўшилгани айтилди.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси фатво бўлими бошлиғи Шайх Абдулазиз Мансур Озодлик билан суҳбатда бу тахлит насиҳатлар ҳар йили гапирилишини айтди:

- Ҳар йили гапирилади. Келаëтган жумада ҳам гапирамиз. Тушунча берилади. Энди, қиладиганлар ундан баттарини ҳам қиляпти¸қилаверсин. Одамнинг ўз эркику бу, тўғрими? Виждон эркинлиги, сўз эркинлиги берган имкон доирасида қилаверсин. Лекин бизнинг мусулмончиликда унақа бошқа динларга тақлид қилиш йўқ нарса¸ дейди Ўзбекистон мусулмон идораси фатво бўлими бошлиғи Шайх Абдулазиз Мансур.

Тоҳир ва Зуҳролар байрами

Хоразмнинг Хазорасп туманида ëшовчи 17 яшар Тангриберган тадбиркорлик билан шуғулланиб топган пулига ўзи яхши кўрган Зуҳра исмли қизга 14 февраль куни олтин узук совға қилишини айтади:

- Севишганлар кунини орзиқиб кутяпман. Олтин узук олиб қўйганман. Мен 17 ëшдаман севган қизим ҳам 17 ëшда. Телефон қилиб учрашув жойини белгилаб қўйдим. Олдинги байрамда Айфон 4 совға қилувдим¸ дейди суҳбатдош.

Тангриберганнинг айтишича дўстлари ҳам ўз севгилиларига совғалар ҳозирлаб қўйишган:

- Энди ҳамма ҳам қиммат совға бермайди. 50 минг сўмга ўйинчоқ айиқ ëки қуëн олиб ëнига атир қўшиб совға қилишади. Лекин қизларни кўпи совғага телефон олишни истайди, дейди Тангриберган.

Нафақат 17 ëшдагилар балки ëши 40 дан ошган ўзбеклар орасида ҳам "Авлиё Валентин куни"ни нишонлаш урф бўлгани кузатилади.

Тошкентнинг Қўйлиқ мавзесида истиқомат қилувчи 42 яшар Шафоат (исми ўзгартирилган) 14 февраль куни ўз севган кишисидан “каттароқ” совға кутаëтганини айтди:

- Эрдан ажраганман. Аммо бир ëши катта бадавлат киши билан муносабатимиз бор. Анақа, спонсор дейишадику? Ҳар йили 14 февралда совға оламан. Ўзлари билиб яхшигина совғалар беради¸ дейди суҳбатдош.

Шафоатнинг айтишича "Авлиё Валентин куни"да қиммат қўл телефони ëки бошқа маиший техника аëллар истагига уйғун совғадир.

Чет эл ширкатларидан бирида ишлайдиган фарғоналик 38 яшар Фурқат исмли йигит ўз рафиқасига совға учун 1200 доллар турадиган Швейцарияда ишлаб чиқарилган соат олиб қўйганини айтди.

Гул ва ҳадя дўконлари “Валентин куни”ни орзиқиб кутмоқда

Сувенир ва ҳадялар билан савдо қиладиган Тошкентдаги магазиннинг ўзини Ҳилола деб таништирган дўкончиси “Валентин куни” арафасидаги бир ҳафта ичида одатда бир ойда ҳам бўлмайдиган катта кўламда савдо бўлишини гапириб берди:

- Ҳар-хил ассортиментда совғаларимиз бор. Шароб ичадиган бокаллар бор. Ëнига зарҳал билан ëзувлар ҳам ëзиб берамиз. Умуман шу кунларда қўлимиз қўлимизга тегмаяпти. Савдо-сотиқ авжида, дейди сувенир ва ҳадялар билан савдо қиладиган Тошкентдаги магазинниг ўзини Ҳилола деб таништирган дўкончиси.

Тошкентнинг “Ўрикзор” маҳалласидаги теплицада гул етиштирадиган боғбонлар 14 февраль учун кўп миқдорда чиннигулларни хозирлаб қўйишганини айтишди.

Ўзини Рихситилла, деб таништирган гулчи 14 февраль куни теплицадаги чиннигулларни кўтарасига сотиш масаласини гаплашиб қўйганини айтди.

“Авлиё Валентин “ куни ҳақида

“Авлиё Валентин куни” ёки "Севишганлар байрами", деб аталадиган куннинг нишонланиш тарихи Рим империяси даврига бориб тақалади.

Бундан ўн етти аср муқаддам қадимги римликларнинг мажусий байрамларидан бири бўлган бу байрам “маънавий севги” ифодаси ўлароқ тўйланган.

Энг машҳур афсоналарга кўра, Римга асос солган Ромул бўрини эмиб улғайган, кучли ва ақлли бўлган. Римликлар ҳар йили февраль ойининг ўртасини ана шу воқеани хотирлаб, байрам қилиб нишонлашган.

Насронийлар талқинига кўра бу байрам Авлиё Валентин номи билан боғлиқ.

Авлиё Валентин – Насроний черкови томонидан мазлум, деб тан олинган насроний авлиёнинг исмидир.

Ривоятларга кўра, авлиё Валентин милодий 296 йилда Рим императори Клавдий II томонидан қатл қилинган. 350 йилда эса у қатл этилган жойнинг ўрнида унинг хотирасига бағишлаб черков қурилган.

Насронийлар талқинига кўра, авлиё Валентин тинчлик ва севгига даъват қилган ва шу сабабли қатл қилинган.

Шундан буён, авлиё Валентин севишганларга ҳомийлик қилувчи авлиё, дея баъзи гуруҳлар тарафидан ишонилади.

Насроний черкови пешволари бу анъана ёшларнинг аҳлоқига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деб топиб, унга қарши чиққан.

Хусусан, Италияда бу байрам ман қилиб қўйилган, чунки у айнан Италияда жуда кенг нишонланган эди.

Авлиё Валентин куни Италияда 18-19-асрларга келибгина қайта тикланган.

Ўша пайтлардан бошлаб ғарб мамлакатларида “Валентин китоблари” - ишқий шеърлар ёзилган китобчалар сотила бошлаган.

Бундай китобларда севги изҳор қилиш ва ҳуштор кўнглини қандай овлаш ҳақида маслаҳатлар ҳам бўлган.

Севишганлар ишқий мактублар ёзишда шу китобдан фойдаланишган.



2012 йилдан бошлаб Ўзбекистонда "Валентин куни" норасмий тарзда таъқиқлаб қўйилган.

Айнан ўша йили "Валентин куни"га бағишланган тадбир ва концертлар бекор қилинган эди.

2012 йилнинг январида Республика “Маънавият ва маърифат” маркази томонидан тайёрланган “14 февраль Севишганлар куни эмас” номли махсус тарғибот буклети талабалар орасида тарқатилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG