Линклар

Тошкентда мусулмон мамлакатларида тақиқланган "Нуҳ" фильми "Ўзбеккино" рухсатисиз намойиш қилинмоқда


Тошкент кинотеатрларида мусулмон мамлакатларида диний сабабларга кўра тақиқланган Ҳолливуд фильми намойиш қилинмоқда. Кун.уз нашрининг хабар қилишича, “Нуҳ” номли бадиий фильм 27 март куни Ўзбекистон пойтахтининг етакчи кинозалларида намойиш қилина бошлаган.

Бундан ташқари Озодликка маълум бўлишича, мазкур фильмнинг намойиш қилиниши тўғрисида Ўзбекистоннинг тегишли идораларидан рухсат олинмаган.

“Ўзбеккино” давлат ширкати вакилининг Озодликка айтишича, ҳар қандай фильм Ўзбекистон ҳудудида намойиш қилиниши учун мазкур идора махсус лицензия бериши керак. “Нуҳ” фильми учун биздан рухсатмнома олинмаган”, деди “Ўзбеккино” идорасининг ўзини таништирмаган вакили.

Тошкентдаги “Mega Cinema”, “Asia” ва “Grand Cinema” кинотеатрларида намойиш қилинаётган Нуҳ Пайғамбар ҳақидаги мазкур фильмнинг намойиши Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Покистон, Малайзия, Индонезия ҳамда Яқин Шарқ ва Шимолий Африканинг қатор мамлакатларида тақиқланган.

Paramount Piuctures киностудиясида режиссёр Даррен Аронофски суратга олган бу фильм Нуҳ Пайғамбар ва тўфон ҳақида Инжилда берилган ҳикояга асосланган. Картинада Нуҳ Пайғамбар дунёни сув босиши тўғрисида ваҳий келиши ортидан ўз оиласини қутқариш учун кема ясайди ва унда одам зоти ва ҳайвонотни қутқаради.

Бош ролларни Рассел Кроу, Эмма Уотсон, Энтони Ҳопкинс каби кино юлдузлари ижро қилган фильмнинг мусулмон мамлакатларида тақиқланишига ундаги воқеалар ҳикоянинг Исломда берилган версиясига мос келмагани сабаб бўлди.

“Нуҳ” фильми Ўзбекистондан ташқари Европа мамлакатларида ҳам намойиш қилинмоқда. Фильмнинг АҚШдаги премьераси 28 март куни бошланади.
XS
SM
MD
LG