Линклар

Ўзбекистонлик деҳқонлар жорий йилда сув тақчиллигидан қийналишлари эҳтимол. Бунга Ўзбекистон ва Қозоғистонни суғориш мавсумида сув билан таъминловчи Қирғизистондаги Тўқтўғул сув оморида етарли миқдорда сув тўпланмагани асосий сабаб бўлиши мумкин.

Расмий маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда мавжуд сув заҳираларининг қарийиб 91,5 фоизи ёки 53 миллиард 524 миллион 200 минг кубометри қишлоқ хўжалиги ерларини суғоришга сарфланади. Сувнинг қолган қисми эса аҳоли эҳтиёжига берилади.

Суғориш мавсумида Ўзбекистон яна камида 3 миллиард кубометр сувга эҳтиёж сезади ва бу сувни Қирғизистондаги Тўқтўғул сув омбори етказиб беради.

Бироқ қирғиз расмийлари жорий йилда Тўқтўғул сув омборида кутилганидек 11 миллиард эмас, 8 миллиард кубометр сув тўпланганини билдирмоқда.

Қирғизистон қўшни Ўзбекистон ва Қозоғистонга сув бериши ҳамда қиш мавсумида электр қувватига бўлган эҳтиёжини тўла қоплаши учун эса сув омборига суғориш мавсумигача 19 миллиард кубометр сув йиғилиши зарур. Бироқ бу йил бу кўрсаткич 15 миллиард кубометрдан ошмаслиги таҳмин қилинаяпти.

Шу муносабат билан қирғизистонлик соҳа мутахасислари жорий йилда Ўзбекистон ва Қозоғистонга сув ҳамда электр энергияси бермасликни тавсия қилмоқда.

-Ўзбекистон ва Қозоғистонни сув билан таъминлашни тўхтатиш лозим бўлади. Чунки 2014-2015 йилдаги қиш мавсумидан чиқиб олиш учун Қирғизистоннинг ўзига электр энергияси учун 15 миллиард куб метр сув керак бўлади, -деб билдирди бишкеклик эксперт Расул Умбеталиев.

Сўнгги марта бундай вазият 2008-2009 йиллар мобайнида кузатилган эди. Ўшанда Қирғизистон томони камсувлик даври бошлангани муносабати билан Ўзбекистонга сув беришни тўхтатиб қўйган. Бунинг оқибатида Наманган, Андижон, Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида сув танқислиги кузатилган эди. Масалан, ўша йиллари Хоразмда сув таъминоти 44 фоиз бўлгани ва кўплаб фермерлар зиён кўргани ҳақида Озодлик радиоси ўз вақтида хабар берган.

Жорий йилда ҳам мана шундай вазият юзага келмаслиги учун қандай тадбирлар амлага оширилаётгани борасида Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги хўжалиги вазирлигидан маълумот олиш учун қилган ҳаракатларимиз самара бермади. Вазирликнинг расмий сайтига ҳам бу борада бирорта маълумот илинган эмас.

20 йилдан бери деҳқончилик билан шуғулланиб келаётган ўзбекистонлик Улуғбек Маматов, агар Қирғизистон бу йил сув бермаса, у ҳолда фермерлар ҳосилининг 30 фоизидан ажралиши ва хўжаликлар ўртасида сув талош мажороси юзага келиши мумкин деб ҳисоблайди:

-Сув талош бўлади. Лекин йўлини қилиб, бир кун бу тарафга, иккинчи кун бошқа тарафга сув берилиб, бўлиниб бўлиниб суғорилади. Сув танқис бўлса ҳосилдорлик ҳам 30 фоизга камаяди, -деди Улуғбек Маматов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG