Линклар

Coca-Cola ҳали-бери Ўзбекистон бозорига қайтмайди


Ўтган йили Cola-Cola заводи ишлаб чиқаришни тўхтатиши ортидан Ўзбекистон бозорида бу ичимлик тақчил бўлиб қолди.

Ўтган йили Cola-Cola заводи ишлаб чиқаришни тўхтатиши ортидан Ўзбекистон бозорида бу ичимлик тақчил бўлиб қолди.

Тошкентдаги Coca-Cola заводи ҳали тўла иш бошлагани йўқ ва асосий маҳсулотларини қачон ишлаб чиқара бошлаши ҳам номаълум. Ўтган ҳафта "Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan, LTD" қўшма корхонаси Тошкентдаги мегазаводи тўлиқ режимда қайта иш бошлаганини маълум қилган эди. Лекин корхонадаги Озодлик манбалари Coca-Cola, Fanta, Sprite каби ичимликларни ишлаб чиқариш қачон йўлга қўйилиши номаълум қолаётганини айтмоқда. Ўтган йилнинг охирида ишлаб чиқариш тўхтаб қолган корхона назорати давлатга ўтган.

"Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan, LTD" қўшма корхонаси тўла қайта ишга тушиб, асосий маҳсулотларини ишлаб чиқара бошлаганига доир хабарлар ҳақиқатдан йироқ бўлиб чиқди.

Корхонанинг Тошкентдаги офисида ишлайдиган Озодлик манбаси Coca-Cola, Fanta, Sprite каби маҳсулотлар қачон яна ишлаб чиқарилиши мавҳум бўлиб қолаётганини билдирди.

“Coca-Cola қуйишни бошламадик. Ҳали қачон чиқиши ҳам номаълум. Қачон чиқаркин, деб ўзимиз ҳам кутиб ўтирибмиз”, деди манба.

Унинг айтишича, корхона ҳали ҳам фақатгина совуқ чой - Icetea ичимлигини ишлаб чиқармоқда.

Шу ҳафта бошида "Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan, LTD" корхонаси вакили Озодлик билан суҳбатда яқин кунларда заводдан асосий маҳсулот бўлган Coca-Cola ичимлиги чиқа бошлашини билдирган эди.

Лекин Озодлик манбалари бу маълумотни инкор қилмоқда.

Озодлик мухбири 18 июль куни гаплашган Coca-Cola офсининг яна бир ходими ҳам совуқ чойдан бошқа ичимликлар ҳали-бери ишлаб чиқарилмаслигини тасдиқлади. Унинг айтишича, Coca-Cola ва бошқа ичимликларни ишлаб чиқаришда ишлатиладиган концетрат келмаётгани бу вазиятга сабаб бўлмоқда.

“Бизга концентрат келмаяпти. Уни ташқаридан олиб келишарди ўша келмаяпти. Сентябрларда бўлиб қолиши керак, деган гап бор. Лекин аниқ айта олмайман”, деди Озодлик манбаси.

Тошкентдаги Coca-Cola заводида ўтган йилнинг декабридан бери ишлаб чиқариш тўхтаб қолган. Ўшандан буён "Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan, LTD" қўшма корхонаси фаолияти Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан бир неча ой давомида тафтиш қилинди. Апрель ойида эса қўшма корхона активларининг Ўзбекистонга қарашли 57 фоизлик қисми хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш марказига ўтказилди.

Coca-Cola ширкатининг Ўзбекистондаги бизнесини назорат қиладиган Истанбулдаги идораси вакили, Озодликнинг сўровига жавобан ишлаб чиқаришнинг тўхтаб қолганига шунчаки концентратнинг етказилмаётгани эмас, бошқа жиддийроқ сабаблар борлигини таъкидлади. Лекин Coca-Cola вакили бу сабаблар нимадан иборат эканини аниқлаштиришдан бош тортди.

Ўзбекистондаги Coca-Cola ширкатини ўтган йилгача президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова назорат қилиб келган. Корхона муаммолари 2013 йил октябрь ойида Гулнора Каримова устида қора булутлар пайдо бўлишидан бошланди.

Қўшма корхонанинг 57,12 фоизи давлатга қарашли экани айтиладиган "Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan, LTD" корхонаси бошқарувчиларининг баъзилари Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан миллионлаб АҚШ доллари миқдоридаги пулларни ноқонуний ўзлаштирганликда айбланган.

Гулнора Каримова корхонани ўз хос ёрдамчиси Гаянэ Авакян воситасида назорат қилгани айтилади. Гулнора Каримова ва Гаянэ Авакян “Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD” ширкатининг икки бошқарувчиси Алишер Эргашев ва Шоҳруҳ Собировлар билан биргаликда Европанинг бир нечта мамлакатида ҳам пул ювиш ва порахўрликда айбланиб, жиноят терговига жалб қилинган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 18 июль куни эълон қилган хабарномага кўра, Гаянэ Авакян, президент қизининг фуқаровий эри экани айтиладиган Рустам Мадумаров ва яна 11 шахс билан бирга Ўзбекистон Ҳарбий суди томонидан шу йилнинг 24 май куни узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган.

“Coca-Cola Ichimligi – Uzbekistan LTD” 1993 йилда иш бошлаган. Расмий очилиши 1994 март ойига тўғри келган ширкат ўша пайтда Гулнора Каримованинг собиқ эри америкалик ўзбек Мансур Мақсудийга тегишли бўлган.

2001 йилда Ўзбекистон президентининг қизи эрдан ажрашгач, ўша пайтда 60 миллион АҚШ долларига баҳоланган Coca-Cola бизнес Мақсудийлар оиласидан тортиб олинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG