Линклар

15 август куни Тошкентда Coca-Cola заводи маҳсулотлари сотувга чиқарилди. "Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan, LTD" корхонасида ўтказилган тафтиш боис завод фаолияти саккиз ой давомида тўхтатиб қўйилган эди. Озодлик манбасига кўра, ҳозирда эгаси ўзгарган ва қайта ишга тушган заводда "тозалаш ишлари" давом этмоқда.

Тошкентда Cola сотувга чиқди

Ўзбекистонда фаолиятини қайта тиклаган Coca-Cola заводи маҳсулотлари жума кунидан бошлаб Тошкент шаҳридаги савдо дўконларида сотила бошлади.

Бу ҳақда Озодликка хабар йўллаган тошкентлик манба “15 августдан пойтахтнинг 12та бозорига Coca Cola махсус машиналарда олиб чиқилиши” мўлжалланаётганини айтди.

"Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan, LTD" қўшма корхонасининг ўзини таништирмаган вакили бу хабарни тасдиқлади.

- Бугундан чиқди сотувга. Қайси бозорга чиққани тўғрисида менда маълумот йўқ, лекин заводдан сотувга чиққани аниқ. Йирик бозорларга чиққанича йўқ: йирик бозорларга ё эртадан, ё душанба кундан чиқади. Менимча, савдо шохобчаларига чиқди,- деди исмини айтмаган ширкат вакили.​

Coca Cola Тошкент дўконларига чиқарилди

Coca Cola Тошкент дўконларига чиқарилди

Тошкент шаҳридаги йирик бозорларга Coca-Cola ҳақиқатан сотувга чиқарилмаганини бозор мутассадилари Озоликка тасдиқлаб олди.


Айни пайтда ишга тушган завод маҳсулотлари Корзинка.уз савдо тармоқларида пайдо бўлгани маълум бўлди.

Корзинка.уз вакилига кўра, ҳозирда Coca- Cola харидорларга чекланган миқдорда сотилмоқда:

- Чиқди бугун сотувга. Любой “Корзинка”дан олаверасиз. 1,5 литрли Cola 3990 сўм, 1 литрли Fuse Tea чойи – 3190 сўм. Лекин бизда Соlага чеклов бор яъни хоҳлаганча ололмайсиз. Бир кишига максимум 4 дона берилади. Завод тўлиқ қувват билан ишга тушса, олиб ташланса керак. Бу маҳсулот фақат “Корзинка”ларга чиқарилди, бозорларда йўқ ҳали, - деди Корзинка.уз вакили.

Coca-Cola корхонаси дистрибюторлар тармоғи орқали яқин кунларда Ўзбекистоннинг бошқа шаҳар-туманларидаги савдо дўконларида ҳам ичимликни сотувга чиқаришни режалаштирмоқда. Ўзини Шерзод деб таништирган Coca-Cola корхонасининг минтақалардан биридаги вакили унинг омборларга аллақачон завод маҳсулотлари туширилаётганини тасдиқлади:

- Супермаркетларга беришни бошлади. Биз ҳам оламиз – бизга беришни бошлайди. Менда ҳозир бирқанча маҳсулотим бор, лекин мен сотмаяпман. Ҳисоб рақамларимиз ва шартномаларни тайёрлаб олиб чиқарамиз. Ҳозир бизда 1,5 литрли Cola билан 0,5 Fuse Tea чойи бор. Кейинроқ ҳаммаси бўлади, завод маҳсулот берганда биламиз,- деди Coca-Cola дистрибюторларидан бири.

Pepsi арзонлади

Coca-Cola маҳсулотлари пайдо бўлиши олдидан Ўзбекистон пойтахтида ширкатнинг ашаддий рақобатчиси – Pepsi маҳсулотларига нархлар туширилгани маълум бўлди.

Pepsi нархлари арзонлади

Pepsi нархлари арзонлади

Podrobno.uz нашри Пепси-Коланинг Ўзбекистондаги расмий вакили International Beverage Tashkent Қўшма корхонаси Pepsi га нархларнинг Тошкентнинг барча савдо дўконларида туширилганини тасдиқлаганини маълум қилди.

Хабарга кўра, 11 август куни компания бозорда нархлар устидан назоратни кучайтириш ва белгиланган нархдан оширмаслик масаласида махсус йиғилиш ўтказган.

Pepsi ширкати ўз ичимликларига нархларнинг туширилишини “ёзги мавсумнинг якунланиши” билан тушунтирган бўлсада, кузатувчилар ва истеъмолчилар Pepsi нархининг пасайишини ичимликлар бозорида ширкатнинг энг йирик рақобатчиси - Coca-Cola пайдо бўлгани билан изоҳламоқда.

“Coca-Cola” заводида “тозалаш ишлари" давом этмоқда

Озодликнинг "Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan, LTD" ширкатидаги манбаси ичимликларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани билан бирга, корхонанинг ўзида ҳам жиддий ўзгаришлар кетаётганини маълум қилди.

Корхона давлат назоратида. Янги тайинланган директор ва бошқарувчи аёл томонидан эски ходимларни ишдан бўшатиш ва психологик босим кетмоқда. Энг зўр ходимларни ишдан бўшатмоқчи. Баъзилари кетиб қолишди”, дея хабар қилди манба.

Компанияда “тозалаш” ишлари кетаётгани ва раҳбарият тўлиқ алмашганини маълум қилган манбага кўра, "қўшма корхонага Фахриддин исмли шахс бош директор лавозимига тайинланган. Ширкатни бунгача бошқариб келган раҳбарларнинг айримлари ҳибсга олинган, ишлашни давом этаётганлар “нина устида ўтирибди”, деди.

Хавфсизлик сабабларига кўра ўз исмини ошкор қилмасликни сўраган манба, ширкатда “эскича бошқарув усули тиклангани”, “авж олган қоғозбозлик туфайли” иш унуми кескин тушиб кетганини ҳам қўшимча қилди.

“Энг асосийси - ойлик оладиган кунлар эсдан чиқиб кетди”, деди манба.

Ўзбекистондаги Coca-Cola ширкатини 2013 йилгача президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова назорат қилиб келган. Корхона муаммолари 2013 йил октябрь ойида Гулнора Каримова устида қора булутлар пайдо бўлишидан бошланди.

Қўшма корхонанинг 57,12 фоизи давлатга қарашли экани айтиладиган "Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan, LTD" корхонаси бошқарувчиларининг баъзилари Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан миллионлаб АҚШ доллари миқдоридаги пулларни ноқонуний ўзлаштирганликда айбланган.

Гулнора Каримова ва Гаяне Авакян

Гулнора Каримова ва Гаяне Авакян

Гулнора Каримова корхонани ўз хос ёрдамчиси Гаянэ Авакян воситасида назорат қилгани айтилади. Гулнора Каримова ва Гаянэ Авакян ушбу ширкатнинг икки бошқарувчиси Алишер Эргашев ва Шоҳруҳ Собировлар билан биргаликда Европанинг бир нечта мамлакатида ҳам пул ювиш ва порахўрликда айбланиб, жиноят терговига жалб қилинган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 18 июль куни эълон қилган хабарномага кўра, Гаянэ Авакян, президент қизининг фуқаровий эри экани айтиладиган Рустам Мадумаров ва яна 11 шахс билан бирга Ўзбекистон Ҳарбий суди томонидан шу йилнинг 24 май куни узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган.

“Coca-Cola Ichimligi – Uzbekistan LTD” 1993 йилда иш бошлаган. Расмий очилиши 1994 март ойига тўғри келган ширкат ўша пайтда Гулнора Каримованинг собиқ эри - америкалик ўзбек Мансур Мақсудийга тегишли бўлган.

2001 йилда Ўзбекистон президентининг қизи эрдан ажрашгач, ўша пайтда 60 миллион АҚШ долларига баҳоланган Coca-Cola бизнеси Мақсудийлар оиласидан тортиб олинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG