Линклар

Украина шарқида жанглар давом этмоқда. Ҳукумат қўшинлари Луганск аэропортидан чекинди


Украина ҳукумати ўз қўшинлари россияпараст айирмачилар билан тўқнашулардан кейин Луганск аэропортидан чекингинанини маълум қилди.

Мудофаа вазирлиги матбуот вакили Андрий Лисенконинг айтишича, 1 сентябрь куни ҳукумат кучлари “келишган ҳолда чекинган”.

Луганск ва Донецк шаҳарлари айирмачилар назоратида қолмоқда.

Украина ва Ғарб давлатлари Россияни айирмачиларни қўллаб-қувватлаётганликда айбламоқда. Москва бу айбловларни рад этмоқда.

Душанба куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров рус қўшинлари Украинадаги можарога аралашмайди, дея баён қилди.

Киев ҳукумати ва Ғарб давлатлари Россия ҳарбийлари аллақачон Украинага бостириб кирганини айтмоқда.

Ташқи муносабатлар институти талабалари олдида 1 сентябрь куни қилган чиқишида Лавров шарқий Украинада Россия “ҳарбий интервенция” амалга оширмайди, дея таъкидлади.

Украинанинг жануби-шарқий минтақаларида россияпарат айирмачилар ҳукумат қўшинлари билан жангларни давом эттирмоқда. Апрель ойидан бери давом этаётган можаро оқибатида 2600дан ошиқ одам ҳалок бўлди.

НАТО ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирда Украина ҳудудида камида минг нафар Россия қўшини бор.

Лавров 1 сентябрь куни Минскда бўлиб ўтадиган учрашув иштирокчилари ўт очишни тўхтатишга эришишга ҳаракат қилишлари лозим, дея таъкидлади.

Унинг фикрича, Украина Президенти Петро Порошенко таклиф қилган сулҳ айирмачилардан қуролларни ташлашни талаб қилиши ва бу билан уларни ўлимга маҳкум қилиш билан баробардир.

Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи Киевдан ўз қўшинларини тинч аҳолини нишонга олиши мумкин бўлган позициялардан олиб чиқишни талаб қилиши керак, деди Лавров.

XS
SM
MD
LG