Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:01

Блог: Жорж Сорос Қирғизистонга уруш олиб келадими?


Бишкекда Жорж Сороснинг ташрифига қарши намойиш
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:55 0:00
Бевосита линк

Қирғизистон пойтахти Бишкекда Жорж Сороснинг ташрифига қарши ўтказилган намойиш.

"Қозоғистон катта рус дунёсининг ажралмас бир қисми". Россия президенти Владимир Путин томонидан айтилган бу сўзлар қозоқ дўстларимизни анча хафа қилган эди. Афтидан, нафақат Қозоғистон, балки, Қирғизистон ҳам катта рус дунёсининг ажралмас қисмига айланиб улгурган кўринади.

“Русский мир” деб номланувчи ташкилотнинг америкалик миллиардер ва филантроп Жорж Сороснинг Бишкекка ташрифига қарши намойишлари шундай хулосага келишга мажбур қилмоқда.

Намойишчиларнинг шиорлари ҳам одамни ажаблантиради. Аввалига “Бизнинг ўз ҳукуматимиз бор” ёки “Мустақил Қирғизистондан қўлингни торт АҚШ” деган, унинг ортидан эса “Биз Россия билан яқин ҳамкорлик ва Божхона Иттифоқини қўллаймиз”, деган шиорлар. Қандай қилиб бир вақтнинг ўзида ҳам суверенитетга дахлсизлиги учун, ҳам унинг бой берилишига олиб келувчи ташкилотга аъзо бўлиш учун курашиш мумкин, билмадим.

Назаримда, Қирғизистонни “рус дунёсининг ажралмас қисми” деб билувчи Кремль шу йўл билан Қирғизистон ҳукуматига Бишкекка ким келиши мумкину, ким келиши керак эмаслигини уқтирмоқчидек. Бу суверенитетга даҳл қилиш эмасми?

Эҳтимол, 160 нафар рус чол-кампирларнинг гапларига ортиқча эътибор қаратиш ноўриндек туюлиши мумкин. Лекин Россия Федерациясининг русийзабон аҳолига нисбатан “ғамхўрлиги” оқибатида Грузия ва Украинанинг ҳудудий яхлитлиги бузилганини ҳисобга олсак, эртага Қант авиабазасидаги Россия ҳарбийлари ана ўша 160 нафар пенсионер “ҳимояси” учун сафарбар этилмаслигига ким кафолат бера олади?

Намойишчиларнинг яна бир қизиқ иддаоси – Жорж Сорос Қирғизистонга уруш олиб келади. Жорж Сорос ўз фонди орқали Қирғизистонда бир қатор фойдали лойиҳалар амалга оширгани, нафақат Қирғизистон, балки, Марказий Осиёдаги энг нуфузли олийгоҳ ташкил этилишига катта роли борлигини, ҳеч ким инкор эта олмаса керак. Сорос ўзи билмаган ҳолда Қирғизистонда давлат тили ривожи учун ҳам ўз ҳиссасини қўшган.

Айнан “Сорос-Қирғизистон” фонди лойиҳаларида қатнашиб, ўз нуқтаи-назарини ҳимоя қила олишни ўрганган ёшлар бугунги кунда “Божхона Иттифоқи”га қарши чиқмоқда ва чиндан ҳам суверенитет даҳлсизлиги учун курашишмоқда. Россия ва “катта рус дунё”си тарафдорларига айнан шу нарса ёқмаётган бўлса, ажаб эмас.

Хулоса шуки, Россия унинг гапига кирмаган давлатлар ҳудудига аскар юборишдан уялмаслигини намойиш қилиб улгурганини ҳисобга олсак, Жорж Сорос, дарҳақиқат, Қирғизистонга уруш олиб келиши мумкин.

Тараққий Парвар

XS
SM
MD
LG