Линклар

Стелла Бойажан: Юлдуз Усмонованинг АҚШдаги концерти барбод бўлишига менинг алоқам йўқ


Америкалик таниқли продюссер Стелла Бойажан Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонлик хонанда Юлдуз Усмонованинг Нью-Йорк шаҳрида мўлжалланган ва чипталар тўлиқ сотилган икки концерти барбод бўлишига мутлақо алоқаси йўқлигини айтди.

Стелла: "АҚШда бўлмаган концертдан фойда топиш мумкин эмас"

51 ёшли ўзбекистонлик хонанда Юлдуз Усмонованинг тожикистонлик поп юлдуз Шабнам Сурайë билан биргаликдаги концерти октябрь ойига режаланиб¸ Нью-Йорк кўчаларига афишалар ҳам осилган эди.

Аввалига "ташкилотчилик ишларидаги камчиликлар" сабаб сифатида кўрсатилиб¸ концерт декабрь ойига кўчирилди.

Бугунга келиб ташкилотчилар концерт бутунлай бекор қилинганини эълон қилишди. Бу ҳақда Озодлик радиоси 4 декабрь куни хабар берган эди.

Айрим ўзбек нашрларида Юлдуз Усмонованинг концерти ташкилотчиларнинг тажрибасизлиги туфайли барбод бўлгани хабар қилинди.

Ўзбекистондаги айрим интернет нашрлари АҚШда яшовчи Стелла Бойажан ҳам Юлдуз Усмонова концерти ташкилотчилардан бири эканини иддао қилиб чиққан эди.

Ўзбек хонандаларининг АҚШдаги концертларига бош қўшиб келган америкалик таниқли продюссер Стелла Бойажан Озодлик билан суҳбатда Юлдуз Усмонованинг бу сафарги барбод бўлган концертига мутлақо алоқаси йўқлигини айтди.

- Мен бундан аввал Юлдуз Усмоновани Нью - Йоркка бир неча марта чақирганман ва унинг санъатига ихлосим баланд. Лекин қандай қилиб ўзим севган хонандани чув туширишим мумкин? Бу мутлақо аҳмоқлик. Шуни айтишим керакки, унинг бу сафарги концертини ташкилотчиси мен эмасман. Унинг концертини ташкил қилаётганлар шу пайтгача бу иш билан мутлақо шуғулланмаган, шоу бизнесидан йироқ бўлган одамлар бунга аралашиб қолган, - деди Стелла Бойажан.

Ташкилотчилик ишларига 50 минг доллар сарфланган концертнинг бекор бўлганини Озодликка изоҳлаган ўзбек-шоу бизнес олами вакиллари концертнинг “атайин” қолдирилгани ва пировардида Юлдуз Усмонова “чув” туширилганлигини иддао қилишганди.

Айрим нашрларда ташкилотчилар бекор бўлган концертга сотилган билет пулларини чўнтакка ургани ҳақидаги иддаолар айтилди.

- Бу ғирт аҳмоқлик. Биз концер уюштирсак билетларни амма-холамиз сотмайди. Кассалар орқали сотилади. Махсус ширкатлар бор, билетлар реализацияси билан шуғулланадиган. Улар билетлар сотилганидан тушган маблағларни концерт бўлганидан кейин 10 кун ўтиб концерт ташкилотчисига беради. Агар концерт бўлмаса, билет пуллари эгаларига топширилади. "Бўлмаган концерт билетидан фойда кўряпти", дейиш ғирт аҳмоқлик, - дейди Стелла Бойажан.

"Усмоновани С исмли аёл алдаб кетди"

Ўзбекистондаги шоу - бизнес ҳақида ëзишга ихтисослашган www.shov-shuv.uz нашри муҳаррири¸ журналист Жасур Ҳамроевнинг Озодликка айтишича¸ концерт қолдирилганига ташкилотчилар айбдор:

- Бу ерда икки сабаб айтилмоқда. Биринчи сабаб¸ АҚШга чақириш учун таклифномаларда камчилик бўлган. Билишимча¸ таклифнома юборилмаган ҳам. Баъзи манбаларимиз эса¸ ташкилотчилар концертнинг атайин қолдирилишига эришишганлигини айтишади. Бундан мақсад концерт қўймасдан пул ишлаб олиш¸ - дейди суҳбатдош.

Озодлик Юлдуз Усмонованинг чет элдаги концерт фаолиятидан хабардор бўлган шоу- бизнес вакили билан ҳам бу ҳақда суҳбатлашди.

Исми айтилмаслик шарти билан гапирган суҳбатдош Юлдуз Усмонова алдов қурбони бўлганлигини таъкидлади:

- “С” исмли аëл бу концертни ташкил қилмоқчи эди. Ўртага самарқандлик бизнесмен йигит тушди. Юлдуз Усмоновада айб йўқ бу ерда. Сиëсий сабаб ҳам йўқ. Ўша аëл алдаб кетди¸ холос. Бу аëл илгари ҳам кўп ўзбек санъаткорларини чув туширган эди¸ - деб таъкидлайди суҳбатдош.

"Навбат Юлдуз Усмонованики экан-да"

Юлдуз Усмонова ўтган йили Нью-Йоркдаги концерти санасини кечиктирган эди.

Бу концертнинг ташкил этилишидан хабардор бўлган тошкентлик журналистга кўра¸ ўтган йили концерт кечикиб томошабинларнинг сарсон бўлишига Юлдуз Усмонованинг ўзи сабабчи бўлган:

- Ўтган йили АҚШлик продюсер Асия Бургос томонидан Нью- Йоркдаги “Мастер” театридаги концерт куни белгиланиб, чипталар сотилганида, Усмонова телефон қилиб концертни кечиктирди. “Асрлар садоси” деган концертда чиқиб¸ Гулнора Каримовага лаганбардорлик қилиш учун АҚШдаги концертни кечиктирган эди. Ўшанда Нью-Йоркда қанча томошабин сарсон бўлган эди. Бу сафар Юлдузни чув туширишган бўлса¸ навбат у кишиники экан¸ - дейди суҳбатдош.

Юлдуз Усмонова 2007 йилдан буён Ўзбекистонда катта саҳнада чиқмайди. Давлат тадбирлари ва телевидениеда кўринмайди.

Норасмий тақиққа учраган халқ артисти фақат тўй-ҳашамлар ва кичик доираларда концерт бериб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG