Линклар

logo-print

С. Давидова болаларини давлат қарамоғига олиш ҳақида огоҳлантиришди


Ватанга хиёнатда айбланаётган Светлана Давидованинг 7 фарзандидан энг кичиги эндигина 2 ойлик бўлди.

Ватанга хиёнатда айбланаётган Светлана Давидованинг 7 фарзандидан энг кичиги эндигина 2 ойлик бўлди.

Украина элчихонасига қўнғироқ қилгани учун давлатга хиёнатда айбланаётган смоленсклик кўп болали она Светлана Давидованинг турмуш ўртоғи Анатолий Горлов болаларини давлат қарамоғига олишга уринишганини айтмоқда. Маҳаллий расмийлар у хотинини ҳимоя қилиш учун Москвага кетганида 7 болани қаровсиз қолдирди, деб айбламоқда.

Ватанга хиёнатда айбланган ва шу йилнинг 21 январида ҳибсга олинган Светлана Давидова айни пайтда Москвадаги "Лефортово" тергов изоляторида сақланмоқда.

Унинг ҳимояси учун Вязмадан Москвага борган турмуш ўртоғи - Анатолий Горловга эса фарзандларини олиб қўйиш билан таҳдид қилинди.

30 январь куни Москвада хориж ахборот воситалари журналистлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари билан учрашган Горловни 7 боласини уйда қаровсиз қолдирди, деб айблашди.

Светлананинг ҳимоясини ташлаб, зудликда ортга қайтишга мажбур бўлган Анатолийнинг болаларини холаси ва бувисига қолдириб кетгани ҳақидаги кўрсатмалари маҳаллий расмийлар томонидан инобатсиз қолдирилмоқда:

- Яна бир муаммо шуки, хотинимнинг яқинларидан агар мен уйдан кетадиган бўлсам, оталиққа олувчи идораларни огоҳлантиришга мажбурловчи тилхатларни ёздириб олишибди. Энди мен Светланани ҳимоя қилиш учун Москвага борадиган бўлсам, болаларимни синглим ёки онамга расман оталиққа беришим керак. Лекин, улар бунга рухсат берармикин?! - дейди Озодлик билан суҳбатда Анатолий Горлов.

Болалари қайғусида Москвадан қайтаркан, Анатолий хотинининг ҳуқуқий ҳимояси учун россиялик машҳур адвокат Иван Павловни ёллади.

Айни пайтда Светлана Давидова учун давлат ёллаган адвокат Андрей Стебенев, Павловга кўра, мавжуд ҳуқуқий меёрлар асосида тергов-суриштирув чоғида гумон қилинувчи шахсни очиқда қолдиришни сўрамай, ҳимояланувчиси манфаатларига зид бормоқда.

Светлана Давидованинг уйда қолган 7 фарзандидан энг кичиги - Кассандра 2 ойлик эмизикли гўдакдир.

Светлана Давидованинг эри Анатолий Горлов Озодлик мухбири билан суҳбатда хотини бошига тушган кўргуликларни ҳикоя қилиб берган:

– 21 январь куни эрталабки соат 8:15 да қўшнилар бизнинг шовқин-сурон солаëтганимиздан шикоят қилишгани баҳонасида участка нозири келди. Аслида болалар ҳали ухлаëтгани учун уйимизда тинчлик эди.Эшикни очишимиз билан ФСБ оператив гуруҳи ҳаëтимизга бостириб кирди. Компютер¸ техника¸ ëзувларни олишди. Ушлаб туришган пайтда бизга ҳеч нима дейишмади. 26 январь куни эса менга расмий хат келди. Унда хотиним Светлана Давидованинг Жиноят Кодексининг 275-моддасида кўзда тутилган жиноятда гумонланиб ҳибсга олингани¸ Светлананинг қаерда сақланаëтганига оид қўшимча маълумот берилиши ëзилган. Хатга Россия ФСБнинг ўта муҳим ишлар бўйича Биринчи тергов бўлими терговчиси¸ адлия полковниги Михаил Свинолуп қўл қўйган¸ дейди Давидованинг эри.

Горловга кўра¸ хотини маршруткада кетаëтиб¸ ëнида ўтирган ҳарбийнинг телефон орқали бошқа бир одамга гапирганларини кундалигига ëзиб олган. Светлананинг кундалигида 2014 йилнинг 24 апрель санаси билан қўлда ëзилган хат топилган. Тергов протоколида бу хатда”Россия Федерацияси Қуролли кучлари Бош разведка бошқармаси ҳарбийлари душанба куни фуқаролик кийимида гўë ўз ҳисобларидан¸ хусусий тартибда Москвага боришади. Қуролни жойида олишади. Сайловларгача қолишни режаламоқдалар. У ëғини вазиятга қараб белгилашади. Балки бу хабар сизга украинлар ҳаëти ва мамлакат бутунлигини сақлашга ëрдам берар” деб ëзилгани иддао қилинган.

Хориж давлати элчихонасига телефон қўнғироғи учун Смоленскдан Москвага олиб кетилган ва ватанга хиёнатда айбланаётган 36 яшар Давидованинг тақдири Россия жамоатчилигида муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Бир тарафдан, оддий фуқаролар, ҳатто уй бекаларининг телефон қўнғироқлари тингланаётгани баҳс бўлса, иккинчи тарафдан, эмизикли боласи бўлган аёлнинг битта қўнғироғи учун ҳибсга солингани қораланмоқда.

Бундан ташқари, ҳукумат Украина бўҳронига алоқадорлигини бошдан бери инкор қилиб келаётган Россияда оддийгина уй бекасининг ҳарбийлар Донбассга юборилганига оид тахминлари учун ватанга хиёнатда айбланиши, бўҳронга алоқадорликнинг билвосита тасдиғи ўлароқ баҳоланмоқда.

Ҳозирда Светлана Давидовани ҳибсдан озод қилиш ва болаларига қайтариш чақириғи остида Интернетда петиция эълон қилинди ва унга Россия жамоатчилигининг кўпчилик фаоллари бирлашди.

Петицияга имзо чеккан минглаб одам ичида журналистлар Леонид Парфёнов, Катерина Гордеева, Дмитрий Муратов, Арина Бородина, актриса Чўлпон Хаматова, медиаменеджер Вера Кричевская, блогер Антон Носик, политолог Екатерина Шулман, ЮКОСнинг собиқ юристи Светлана Бахминалар бор.

XS
SM
MD
LG