Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 09:56

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жанозасига ўн минглаб одам йиғилди


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жанозаси ўтаëтган ҳудуд одамлар билан лиқ тўла
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жанозаси ўтаëтган ҳудуд одамлар билан лиқ тўла

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг жанозаси Тошкентдаги Шайх Зайниддин жоме (Кўкча) масжидида пешин намозидан кейин ўқилди. Озодликнинг Тошкентдаги манбаларининг айтишича¸ Шайх Зайниддин жоме масжиди атрофи эрталабдан одамлар билан лиқ тўлган.

Жаноза намозига марҳумнинг ўғли Исмоил Муҳаммад Юсуф имомлик қилди.

Жаноза намози олдидан нутқ қилган Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимов забардаст олимнинг вафотини “бутун Ислом оламининг улкан мусибати” деб атади.

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анварқори Турсунов эса улуғ алломанинг вафотини “осмоннинг ерга қулаши”га менгзади.

Жанозада иштирок қилиш учун одамларнинг деворлардан ошиб тушгани ҳақида ҳам хабарлар бор.

Тобутни тавоф қиламан деб уринган одамлар ҳаракати боис тартибсизлик келиб чиқарган.

Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан келган кўп сонли намозхонлар

марҳумнинг тобутига елкам тегиб қолсин дея уринишгани Анвар қори Турсуновнинг эътирозига сабаб бўлди.

Жаноза ўқилаëтган майдон атрофида хавфсизлик чоралари фавқулодда кучайтирилгани ҳам билдирилди.

10 март куни 63 ёшда вафот этган Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг жанозаси ўқилган Тошкентдаги Шайх Зайниддин масжиди жойлашган Кўкча мавзесига элтувчи йўлларда автомобил қатновлари тўхтатилди.

Жаноза маросимини кузатган тошкентлик муслима аëл Мўтабар Аҳмедованинг айтишича Ўзбекистоннинг янги тарихида бунақа катта жаноза кузатилмаган:

-Кўкчага борадиган барча йўллар бекилгани боис ҳайдовчилар машинасини ташлаб пиёда масжидга қараб юришди. Кўча одамлар билан лиқ тўлди. Мен эсимни таниганимдн бери бунақа катта жанозани кўрмаганман¸ дейди суҳбатдош.

Жанозада Тошкент шаҳар имом-ҳатиби Анвар қори Турсунов дохил диний арбоблар иштирок этди.

Бундан аввал Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг расмий сайтида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг вафоти муносабати билан таъзия билдирилган хабар чиқарилди.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 63 ёшида вафот этди.
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 63 ёшида вафот этди.

Хабарда 2015 йил 10 март куни кечқурун Тошкентда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф юрак хуружидан оламдан кўз юмгани таъкидланади.

Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита хабарномасида шайхнинг ҳаёт ва ижод йўли баён этилиб, унинг ислом дини ва халқ учун қилган хизматлари эътироф этилган.

Дин ишлари бўйича қўмита Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг оила аъзолари, яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этган.

Ҳамдардлик муждалари

Россия Федерацияси Мусулмонлар идораси ва Россия муфтийлар кенгаши раиси, шайх Равил Ғайнуддин шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафоти муносабати билан барча мусулмонларга ва олимнинг яқинларига ҳамдардлик изҳор этди.

“Устоз Муҳаммад Содиқ ўзидан минглаб шогирдлар, илмий китоблар қолдирди. У умрини Исломнинг ҳақиқий йўлини ўрганиш ва тушунтиришга бағишлади. Унинг шогирдлари орасида Ўзбекистоннинг ислом ўқув юртларида ўқиган, ҳозирда Россияда забардаст бўлган 10дан ортиқ олим мавжуд. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф доимо халқ билан бирга эди, оддий мусулмонлардан ўзини олиб қочмасди”, дейилади Россия мусулмонлари идораси сайтида чоп этилган ҳамдардлик билдирувида.

Ижтимоий тармоқларда дунёнинг бир қанча диний арбобларининг ҳамдардликлари эълон қилинган.

Жумладан, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ҳам ҳамдардлик изҳор этаркан, марҳумнинг чечен халқининг ҳақиқий дўсти бўлганлигини таъкидлаб, у зотнинг хотираси учун пойтахт Грозний шаҳридаги кўчалардан бирига Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи берилишини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG