Линклар

Ўзбекистон олийгоҳлари 2015-2016 ўқув йилида қарийб 58 минг талаба қабул қилади


Ўзбекистон олийгоҳлари 2015-2016 ўқув йилида ҳам ўтган йилдаги билан бир хил миқдорда талаба қабул қилади.

Маҳаллий нашрларнинг хабар қилишича, президент Каримов томонидан имзоланган “2015-2016 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида”ги қарорга мувофиқ, олийгоҳлар бу йил ҳам бакалавриатга 57 907 талаба қабул қилади. Уларнинг 19 120 нафари давлат гранти, 38 787 нафари эса шартнома асосида қабул қилинади.

Бу йил магистратура учун ажратилган ўринлар сони ҳам ўзгаришсиз қолди. 2015-2016 йил учун магистратурага қабул қилинажак 5000 талабанинг 1548 нафари давлат гранти, 3452 нафари эса шартнома асосида ўқишга олиниши айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 20 июндан Ўзбекистондаги олийгоҳлар абитуриентлардан ҳужжат қабул қила бошлаган.

Ўтган йили Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига кириш учун 543 мингдан зиёд абитуриент ҳужжат топширганди ва бу мустақиллик йиллари учун рекорд кўрсаткич экани айтилганди. Жорий йилда абитуриентлар сони бундан ҳам кўп бўлиши тахмин қилинаяпти.

Ўзбекистон олийгоҳларида тест синовлари 1 август куни ўтказилиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG