Линклар

Ашраф Ғани Покистондан Толибларга бутунлай барҳам беришни талаб қилди


Афғонистон президенти Ашраф Ғани Кобулдаги қонли террор ҳужумларидан сўнг Покистон раҳбариятига мурожаат қилиб, Толибларга барҳам беришга чақирди.

Кобулда 7-10 август кунлари уюштирилган ҳужумларда ўнлаб одам қурбон бўлди, яна ўнлаб одам жароҳатланди. Бу ҳужумлар учун масъулиятни Толиблар ҳаракати ўз зиммасига олди.

10 август куни мамлакат телевидениеси орқали аҳолига юзланган Ашраф Ғани Покистон томонини сўнгги 14 йилдан буён Толибларни қувватлаб келганликда айблади.

"Сўнгги кунларда халқимизнинг ўлимига сабабчи бўлган ҳужумлар Покистон ҳудудида ҳудкуш-ҳужумчилар ва бомба ишлаб чиқарувчи заводлар худди аввалгидай ишлаётганини кўрсатди. Биз ташкилотчиларга қарши чора кўрилишини талаб қиламиз", деб таъкидлади, жумладан, Ашраф Ғани.

Президентлик курсисига ўтирганидан буён Покистон билан яқинроқ, дўстона муносабатлар ўрнатишга уриниб келаётган Ашраф Ғани: "Биз тинчликка умид қилган эдик, аммо Покистон ҳудудидан уруш ишоратлари келмоқда. Энди биз Покистондан Толибларни тинчлик сулҳига олиб келиш эмас, ўз тупроқларида Толибларга барҳам беришни талаб қиламиз", деб таъкидлади.

Афғонистон президенти шу ҳафта якунига қадар Исломободга махсус делегация йўллаши ва бу делегациянинг Покистон раҳбарларидан Толиблар муаммосига бутунлай барҳам беришни талаб қилишини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG