Линклар

logo-print

Гулнора Каримовага алоқадор бир гуруҳ шахс ҳибсга олинди


Гулнора Каримова тузган коррупцион схемаларга алоқадор шахслар бирин кетин ҳибсга олинмоқда.

Гулнора Каримова тузган коррупцион схемаларга алоқадор шахслар бирин кетин ҳибсга олинмоқда.

Ўзбекистон тергов идоралари Гулнора Каримова хорижий телеком ширкатларидан йирик миқдорда пора олган, деган иддао билан Европа ва АҚШда тергов қилинаётган жиноят ишларига алоқадор шахсларни ҳибсга олди. Озодликнинг Ўзбекистон тергов идораларидаги ишончли манбасига кўра, ҳибсга олинган 9 шахс орасида мамлакат президентининг қизи тузгани иддао қилинган коррупцион схемаларда асосий ўйинчилар ҳисобланган Алишер Эргашев, Шоҳруҳ Собиров, Нурмуҳаммад Содиқов ва Раиса Сафаровалар бор. Ишлари Тошкент вилоят жиноят ишлари судида кўрилаётган шахслар АҚШ тергов идоралари Гулнора Каримовага алоқадор жиноят иши доирасида жиддий қадамлар қўя бошлаган бир пайтда ҳибсга олинди.


Ўзбекистон тергов идоралари Алишер Эргашев, Шоҳруҳ Собиров, Нурмуҳаммад Содиқов ва Раиса Сафарова дохил 9 кишидан иборат гуруҳни ҳибсга олганини уларнинг ишини кўриб чиқаётган Ўзбекистон тергов идораларидаги Озодлик манбаси тасдиқлади.

“Ҳозирда тўққиз киши, жумладан Алишер Эргашев, Шоҳруҳ Собиров, Нурмуҳаммад Содиқов ва Раиса Сафароваларнинг ишлари кўрилмоқда”, деди Озодлик манбаси.

Озодликнинг бир-биридан мустақил бир неча манбасига кўра, шу ҳафта бошида ҳибсга олинганлар Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора амалга оширгани иддао қилинаётган коррупцион схемаларда асосий вазифаларни бажарган шахслар сифатида кўрилмоқда.

Озодлик манбалари ҳибсга олинганларга қандай айблов қўйилганини аниқлаштирмади. Лекин уларнинг айримлари 2014 йил сентябрида Ўзбекистон Бош прокуратураси молиявий жиноятларни содир этганлик бўйича қўзғатган жиноят иши фигурантларидир.

Хусусан, Алишер Эргашев ва Шоҳруҳ Собиров президент қизи юзлаб миллион доллар миқдоридаги пулларни ноқонуний ўзлаштирганига доир иддаолар билан АҚШ ва Европа мамлакатларида тергов қилинаётган жиноят ишларида гумонланувчи сифатида ўтаётгани маълум.

Эски персонажлар

Эргашев билан Собиров 2012 йилнинг июль ойида Швейцарияда ҳибсга олинган эди. Улар Женевадаги Lombard Odier банкида Гулнора Каримовага яқин Гаянэ Авакян номига очилган ҳисоб рақамларига дахл қилмоқчи бўлган пайтда Швейцария прокуратураси томонидан қўлга олинган эди.

Ўшанда Швейцария прокуратураси йирик миқдорда пул ювиш бўйича очган жиноят ишига Гулнора Каримованинг ўзи ҳам гумонланувчи сифатида тиркалган ва унга алоқадор экани иддао қилинаëтган ҳисоб рақамлари ҳибсга олинган.

Алишер Эргашев ва Шоҳруҳ Собиров бир неча ой Швейцарияда ҳибсда сақланганидан кейин, 2012 йилнинг 16 октябрь куни гаров эвазига қўйиб юборилади. Озодликнинг Швейцариядаги манбалари икковлоннинг гаровга чиқарилиши масаласи 2012 йилнинг 16 октябрь куни Францияга борган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг аралашуви билан ҳал этилганини иддао қилган эди. Манбаларимизга кўра, Эргашев ва Собиров Швейцариядан Парижга олиб борилиб, ташқи ишлар вазири минган самолётда Тошкентга олиб келинган.

Швейцария Бош прокуратураси 19 август куни Озодликнинг Эргашев ва Собировнинг Ўзбекистонда ҳибсга олингани муносабати билан изоҳ сўраб, қилган мурожаатига:

“2012 йилнинг июль ойида олти нафар гумонланувчи, жумладан Гулнора Каримовага қарши тергов очилган эди. Тергов қилинаётган жиноят коррупцияга алоқадор пул ювишга доирдир (Швейцария Жиноят кодексининг 305bis моддаси). Ҳозирги кунда Швейцария Бош прокуратураси бу иш доирасида 800 миллион швейцар франки (820 миллион АҚШ доллари)ни ҳибсга олган. Тергов давом этаётгани сабабли ортиқча маълумот бера олмаймиз”, дея ёзма жавоб юборди.

Алишер Эргашев Гулнора Каримова номига очилган фирмаларда расман бошқарувчи сифатида рўйхатга олинган.

Алишер Эргашев Гулнора Каримова номига очилган фирмаларда расман бошқарувчи сифатида рўйхатга олинган.

39 ёшли Алишер Эргашев ва 36 ёшли Шоҳруҳ Собиров президент қизи назорат қилган Coca Cola Uzbekistan ширкатининг бошқарувчилари лавозимида ҳам ишлаган. Озодлик тасарруфидаги ҳужжатларга кўра, Алишер Эргашев Гулнора Каримова номига очилган фирмаларда расман бошқарувчи сифатида рўйхатга олинган.

Гулнора Каримова Ўзбекистонда фаолият юритадиган TeliaSonera (Ucell), Vimpelcom (Билайн) ва МТС телеком ширкатларидан йиллар давомида камида 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида пора олгани иддаолари билан очилган жиноят ишлари Швейцариядан ташқари, Швеция, Франция, Ҳолландия, Норвегия ва АҚШда ҳам тергов қилинмоқда. АҚШ тергов идоралари ўтган ҳафта Европанинг беш мамлакатига мурожаат қилиб, жиноят тергови доирасида 1 миллиард АҚШ долларига тенг активларни, жумладан Гулнора Каримованинг Женевадаги ҳашаматли вилласини ҳибсга олишни сўради.

Айнан Америка терговчиларнинг бу ишга жиддий ёндаша бошлагани уч йилдан бери давом этаётган терговда муз жойидан кўча бошлаганига ишора сифатида талқин этилди ва бу ишга алоқадор шахсларнинг ҳибсга олиниши шу пайтга тўғри келгани эътиборлидир.

Алишер Эргашев Швециядаги жиноят ишида ҳам Гулнора Каримова билан биргаликда гумонланувчи сифатида ўтмоқда. Швециядаги ишни тергов қилаётган Бош прокуратуранинг коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Гуннар Стетлер гумонланувчиларнинг бирма-бир Ўзбекистонда қамоққа олинаётгани шубҳалидир, дейди.

- Мен олиб бораётган терговда мени қизиқтираётган шахсларнинг аксари ҳибсга олинаётгани жуда ғалатидир. Ўтган йили Гаянэ Авакян ва Рустам Мадумаров қамоққа ҳукм этилган эди. Ўзбекистон расмийлари менинг бунга оид сўровларимни жавобсиз қолдириб келмоқда, дейди Гуннар Стетлер.

Швеция прокурори тилга олган Гаянэ Авакян Гулнора Каримованинг хос ёрдамчиси бўлган, Рустам Мадумаров эса унинг фуқаровий эри экани айтилади. Озодлик тасарруфидаги ҳужжатларга кўра, айнан Авакян номига расмийлаштирилган Takilant фирмаси ҳамда Мадумаров номида бўлган Swissdorn фирмаси телеком ширкатларидан пора олишда воситачилик қилгани гумон этилмоқда.

2013 йил май ойида Озодлик иштирокида Швед жамоатчилик телевидениеси тайёрлаган "Москвадан келган чопар" ҳужжатли фильмида Швециянинг TeliaSonera ширкати Гулнора Каримовага пора берганига ишора қилувчи ҳужжатлар ошкор қилинган эди.

Шахсий ҳисобчи Нурик

Шу ҳафта бошроғида ҳибсга олинган 9 киши Гулнорага алоқадор навбатдаги гуруҳдир. Авакян ва Мадумаров ўтган йилнинг май ойида одам ўғирлаганликда айбдор деб топилиб, Ўзбекистон ҳарбий суди томонидан 6 ва 9 йилданга қамоққа ҳукм этилган эди.

Нурмуҳаммад Содиқов ўзини Гулнора Каримова буйруғига кўра ўғирлашганини иддао қилган эди

Нурмуҳаммад Содиқов ўзини Гулнора Каримова буйруғига кўра ўғирлашганини иддао қилган эди

Энг қизиғи улар шу ҳафта ҳибсга олинган Нурмуҳаммад Содиқовни ўғирлаганликда айбланган эди. Айни пайтда Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримова дохил уюшган жиноий гуруҳ устидан очган ишда ҳам Гаянэ Авакян, Рустам Мадумаров ва Нурмуҳаммад Содиқовлар гумонланувчи сифатида ўтмоқда.

Кўп йиллар давомида Гулнора Каримованинг шахсий ҳисобчиси вазифасини бажарган Нурмуҳаммад Содиқов ҳақиқатан 2013 йилнинг ноябрида ўғирлаб кетилганини унинг яқинлари Озодликка айтишган эди. Озод этилишидан бир неча кун ўтиб, Содиқов Twitter тармоғи орқали ўзини Гулнора Каримованинг одамлари унинг кўрсатмасига кўра ўғирлашганини иддао қилади.

Гулноранинг фуқаровий эри экани айтиладиган Рустам Мадумаров одам ўғирлашда айбланиб қамалган

Гулноранинг фуқаровий эри экани айтиладиган Рустам Мадумаров одам ўғирлашда айбланиб қамалган

Ўзбекистон Бош прокуратураси эълон қилган баёнотга кўра, Содиқовни Гаянэ Авакян ва Рустам Мадумаров ёллаган собиқ ҳарбийлар ўғирлашган.

Содиқов Гулнора Каримованинг шахсий ҳисобчиси сифатида маҳаллий тадбиркорлардан олинадиган улушни бевосита қабул қилиб олиш билан шуғуллангани ҳақида Озодликка тадбиркорларнинг ўзлари гапириб беришган.

“Эвазига қўлимиз ҳамма жойга етар эди. Опага (Гулнора Каримовага-таҳр.) 1,5-2 миллион доллар қилиб олиб бориб берар эдик. Йилига камида 5-6 миллион доллар бўларди. Grand Mir Hotel меҳмонхонаси рўпарасида унинг офиси бўлар эди. Ўша ерга олиб бориб, Нурмуҳаммад (Нурмуҳаммад Содиқов-таҳр.) орқали пулларни опага бериб турар эдик. Кейин опа Нурмуҳаммад билан келиша олмай қолди. Ҳужум кейин бизга бошланди”, деган эди Гулнорага улуш тўлаб келган тадбиркорлардан бири.

Гулнора Каримованинг йиллар давомида йирик хорижий телеком ширкатлари ва маҳаллий бизнес тузилмалардан юзлаб миллион доллар миқдорида пора олиб келганига ишора қилувчи ҳужжатлар Озодлик иштирок этган журналистик суриштирувлар натижасида фош этилди.

Хусусан, Швециянинг TeliaSonera, Россиянинг Vimpelcom ва МТС ширкатларига Ўзбекистонда бизнес қилиш имкони эвазига Гулнора Каримова камида 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида пора олганига ишора қилувчи ҳужжатлар журналистик суриштирувларда ошкор этилди.

Ғарб терговчилари Гаянэ Авакян (ўнгда) Гулнора Каримова тузгани иддао қилинаётган коррупцион схемаларда асосий ролни ижро этганига ишонишади

Ғарб терговчилари Гаянэ Авакян (ўнгда) Гулнора Каримова тузгани иддао қилинаётган коррупцион схемаларда асосий ролни ижро этганига ишонишади

Муҳим маълумотларни билган шахслар қамалмоқда

Бу материалларни тайёрлашда Озодлик ҳамкорлик қилган Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси (OCCRP) муҳаррири Миранда Патручич Ўзбекистон адлия тизими асосий жиноятчи қолиб, унинг буйруқларини бажарган одамлар қамоққа ташланиши адолат ўрнатилганини англатмайди, дея билдирди.

- Бу одамлар Гулноранинг ноқонуний олди-бердиларида қатнашган ва Гулноранинг гумашталари сифатида ҳаракат қилган ва бу схемаларда роль ўйнаган. Лекин порани талаб қилган ва порани олган асл одам Гулнора Каримовадир. У тузган тармоқни йўқ қилиш ва унга ишлаган одамларни қамаш адолатни қарор топтирмайди. Бунинг учун пора олгани учун Гулнора Каримованинг ўзини суд қилиш керак, дейди Миранда Патручич.

Журналистнинг айтишича, Ўзбекистон расмийларининг бу ишга алоқадор шахсларни қамоққа ташлаши Гулнора Каримова пора олгани иддаолари хусусида кўрсатма бериши мумкин бўлган одамларни изоляция қилиш ҳаракатига ўхшайди.

- Терговчилар бу схемаларда асосий роллардан бирини ўйнаган Гаянэ Авакян билан гаплаша олмаётирлар. Айнан у Гулнора Каримова қай тарзда ҳаракат қилгани, у қандай қилиб пулни олгани ҳақида муҳим фактларни ошкор қилиши мумкин. Ҳозир бу муҳим маълуомтларни ошкор қилиши мумкин бўлган барча шахслар қамоққа ташланаётганини кўриб турибмиз, дейди Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси муҳаррири Миранда Патручи.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG