Линклар

Москвада портлаш режалаштирган марказий-осиёликлар қўлга олинди


Куч ишлатар идоралар қўлга олинганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари бор-йўқлигини аниқлаштирганича йўқ.

Куч ишлатар идоралар қўлга олинганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари бор-йўқлигини аниқлаштирганича йўқ.

Россия куч ишлатар тизимлари Москва шаҳрида террорчи хуружини режалаштирганликда гумонланаётган 10га яқин хорижликни ҳибсга олганини баён қилди. Москванинг Пресненская туманидаги квартирада қўлга олинганларнинг уч нафари суриялик, қолганлари марказий-осиёлик муҳожирлар экани айтилди. Аксилтеррор миллий қўмита ходимлари ҳибсга олинганлар тротил эквивалентида 5 килограммлик бомбани мобил телефон ёрдамида метрополитен, аэропорт ёки одамлар гавжум бошқа жойларда портлатишни режалаштирганини иддао қилмоқда.

Москванинг Марказий округи Пресненский туманидаги уйлардан бирида 11 октябр куни туш пайтида Россия Аксилтеррор миллий қўмита ходимлари ўтказган махсус амалиёт давомида Россия пойтахтида портлаш уюштиришни режалаштирган бир гуруҳ шахс ҳибсга олинди.

Интерфакс ва ҳукуматга яқин бошқа оммавий ахборот воситаларининг “кучишлатар тизимлардаги манбага” таяниб хабар қилишича, Стрельбишченский тор кўчаси 5-уйда қўлга олинган 10 нафар шахсларнинг асосий қисми марказий-осиёлик, уч нафари эса Сурия фуқаросидир.

Россия Аксилтеррор миллий қўмита расмийси Андрей Чацкийнинг Озодликка айтишича, гумонланувчилардан тротил эквивалентида 5 килограмм портловчи модда мусодара қилинган:

- Ўтказилган тезкор-қидирув амалиётлари комплекси натижасида хавфсизлик органлари томонидан Москванинг Ғарбий маъмурий округидаги Стрельбишченский тор кўчасидаги уйлардан бирида пойтахтда террорчилик хуружини содир этишга тайёргарлик кўришга алоқадор бир гуруҳ шахс ҳибсга олинди. Бандитлар яширинган квартирада ясама портловчи мослама аниқланди ва зарарсизлантирилди. Бу ҳодиса юзасидан тегишли текширув ишлари олиб борилмоқда,- деди миллий қўмита вакили Андрей Чацкий.

Полиция ва ФСБ Москвада 11 октябр куни ўтказилган махсус амалиётда ушланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари бор-йўқлиги ва бошқа маълумотларни аниқлаштирганича йўқ.

Ҳодиса гувоҳлари 11 октябр куни соат кучки 5ларда тинтув қилинаётган квартирадан иккита “кўринишидан славян бўлмаган шахс” кишанланган ҳолатда олиб чиқиб кетилганини маълум қилди.

Бундай махсус амалиётларни одатда ёритиб борадиган LifeNews телеканали журналистлари хабарига кўра, 11 октябрь кунги операция пайтида 9 қаватли бино қора ниқобли аскарлар томонидан тўлиқ қуршаб олинган, “террорчилар” жойлашиб олган подъезд ва қўшни подъездлардан 81 киши эвакуация қилинган.

Россия ҳуқуқ тартибот идоралари террорчи хуружини режалаштирганликда гумонланаётган гуруҳ Москва метрополитени, аэропортларидан бири ёки бошқа жамоатчилик жойларида мобил телефон ёрдамида портлаш уюштирмоқчи бўлгани тўғрисида маълумот сиздирди.

Мутахассислар портловчи мослама бир неча килограммли аммиак селитраси ёрдамида ясалган бўлиб, “куни-кеча Анқарадаги намойишда худкуш-террорчи портлатган бомбага жуда ўхшашлиги”га эътибор қаратмоқда.

Озодлик ўз манбаларидан Пресненскийда аниқланган портловчи мосламага доир иш юзасидан Москванинг бошқа адреслари бўйича яна бир қанча одам қўлган олингани, қўлга олинганлар сони 15 яқин бўлиши мумкинлиги тўғрисида маълумотни қўлга киритди.

"Новая Россия" нашри ҳарбий таҳлилчиси, журналист Аркадий Бабченко Озодлик билан суҳбатда ҳозирги вазиятда ҳукуматнинг бу мавзудаги ҳар қандай хабарига шубҳа билан қарашини айтади.

- Биз реал маълумотга эга эмасмиз – нима, қаерда содир бўлганини билмаймиз. Улар ёпиқ тузилмалар, шу сабабли ҳар нарса дейиши мумкин. Ҳаммаси яна такрорланадиган кўринади: Чеченистонда мавҳум “чечен террорчилиги” ва “оддий одамлар учун терактлар” мавжуд эди, ҳозир Сурияда уруш бошланди, демак Россия “ички террор” ёрдамида одамларни қўрқитишга киришади. Бундай ҳодисалар кутилган эди! Шахсан мен Сурия билан боғлиқ террор ҳуружлари содир бўлиши мумкинлигига ишонмайман, чунки ИШИДдан бизгача иккита мамлакат орада, ҳозирда уларнинг бошқа муаммолари ўзларига етарли. Бу хабарни мен амалдаги ички муаммолардан жамият эътиборини бошқа томонга қаратиш, деб баҳолайман,- дейди ҳарбий эксперт Аркадий Бабченко.

2015 йилнинг сентябрида қилган чиқишларидан бирида Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев Россияда содир этилаётган террорчи хуружларнинг сони камайганини билдирган эди. У 2014-2015 йилларда Россияда бирорта террорчилик хуружи амалга оширилмаганини таъкидлаб, буни мамлакатда “қабул қилинган чоралар натижаси” ўлароқ жамоатчиликка тақдим этди.​

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG