Линклар

Москвада портлаш уюштирганлар "ҳизбчилик"ка алоқадорликда гумонланмоқда


Москвада “махсус амалиёт” давомида террор ҳужумини уюштиришда гумон қилиниб, ушланганлар “Исломий давлат”нинг Суриядаги лагерида махсус тайёргарликдан ўтгани айтилмоқда. Ушланган 10 киши орасида Россия ва Ўзбекистонда тақиқланган “Ҳизб-ут Таҳрир” партиясининг марказий осиёлик аъзоси борлиги аниқланган. Журналистлар махфий хизматларнинг маълумотлари тезлик билан ўзгараётгани сабабларига қизиқмоқда.

Яна "чеченлар изи"...

Россия Федерал хавфсизлик хизмати 11 октябрь куни Москванинг Пресненская туманида олиб борилган махсус амалиёт тўғрисида барча оммавий ахборот воситалари орқали баёнот тарқатиб, унда шаҳарда портлаш уюштиришга тайёрланаётган бир гуруҳ шахс, жумладан 3 суриялик “ишидчи” ушлангани, квартирадан портлаш кучи 5 килограмм тротилга баробар портловчи мослама топилганини маълум қилди.

Озодлик Стрельбишченский кўчасидаги облава ва Москванинг бошқа туманларида ушланган 10 дан зиёд одамнинг аксари марказий осиёлик муҳожир экани тўғрисида хабар берган эди.

Икки кун ўтар ўтмас, ФСБ Россия пойтахтидаги транспортлардан бирида террорчилик ҳуружини амалга оширишда айбланиб қўлган олинганларнинг катта қисми кўпроқ ИШИДга эмас, балки Россияда, хусусан Ўзбекистонда ҳам фаолияти тақиқланган “Ҳизб-ут Таҳрир” партияси аъзолари экани тўғрисида маълумот берди.

Шунингдек, айрим ҳукуматга яқин нашрлар қўлга олинганларнинг асосий қисми Россия фуқаролари, аниқроғи чеченистонликлар экани тўғрисида бошқа хабар тарқатилди. Шундай қилиб, ФСБнинг “сўнгги расмий маълумотига” биноан, Стрельбишченский кўчасида ушланганлар Чеченистондан келган Россия фуқаролари экани, улардан иккитаси Москвадаги транспортлардан бирида портлаш уюштириш учун шаҳарга келганини гапирган.

“Коммерсант” гумонланувчи чеченлардан пластик челакдаги аммиак селитраси ва қўрғошин кукуни аралаштирилган портловчи мослама ҳамда бу мослама детонаторига уланган Нокиа телефони мусодара қилинганини ёзди.

Бунинг ортидан ФСБ оператив амалиёт давомида олинган видеотасвирни ҳам Ютуб порталига илова қилиб қўйди. Унда портловчи модда кир ювиш машинасида эканини кўриш мумкин.

Ҳозир махфий идора расмийлари ушланганларнинг уч нафари суриялик эмас, балки “Сурияда “Исломий давлат” тарафида урушган Россия фуқаролари” экани ҳақида гапирмоқда.

...ва "исломчи-мигрантлар"

“Коммерсант”га кўра, шаҳарнинг турли туманларида қўлга олинган бошқа шахслар марказий осиёлик бўлиб, улар “ҳизбчилардир”.

Шунингдек, бир кун олдин квартирада топилган бомба Анқарадаги портлашда ишлатилган мосламанинг айнан ўхшаш экани тўғрисида айтилган бўлса, ҳозир пластик челакдаги аммиак селитраси “Шимолий Кавказда жангарилар диверсия-террорчилик актларида ишлатиб келадиган челакка ўхшаб кетаётгани” маълум қилинди.

Кремлга яқин Lifenewsнинг органлардаги манбага таяниб “ҳодиса жойига полицияни подъездда “детонатор” сўзини ишлатган одамларни кўриб қолган кекса аёл чақиргани” тўғрисида маълумот бериши, “Московский комсомолец”нинг эса тинтув қилинган квартира Андрей Р. исмли 58 ёшли Россия Бош разведка ходимига тегишли эканини аниқлагани вазиятни ундан-да чигаллаштириб юборди. Шунингдек, охирги вақтларда бу квартира Саид исмли Чеченистон полиция бошқармаси полковниги ижарага олиб келгани сиздирилди.

Журналистлар 18 метр квадрат бўлган квартирада “кўплаб террорчи-экстремистлар” яшай олмаслигига ҳам жамоатчилик эътиборини қаратди.

Россиядаги “Медиазона” нашри бош муҳаррири Сергей Смирнов ўзининг Фейсбук саҳифасида ФСБ сиздираётган бири-бирини инкор этувчи бундай хабарлар ташкилотга аслида юқори бўлмаган ишончни бутунлай йўққа чиқариши мумкинлигини ёзди:

Эрталаб “манба” уч киши Суриядан эканини билдирди. Вау, биз буни кутган эдик! Кейин, янги манба улар ИШИД лагерларида тайёрланганини айтди. Биз буни аниқ кутган эдик! Кечга бориб Коммерсант манбаси (у идорадан эмас, ишонса бўлаверади) “Ҳизб-ут Таҳрир” мажлиси қўлга туширилганини хабар қилди. Бу ташкилот Россияда террорчи сифатида тақиқланган, бошқа мамлакатларда эмас. Бирор опер хонага ўзи билан бир-икки кило гексоген олиб келиши мумкинмиди? Ҳа, бемалол. Интерфакс постфактум хабар қиляпти: суд ёпиқ тарзда ўтди, айбига кимдир иқрор бўлди, 14 йил. Гастарбайтерлар эса амалиёт пайтида отиб ўлдирилмаганига хурсанд бўлсин”, деб ёзди муҳаррир Сергей Смирнов.

Озодлик билан телефон орқали суҳбатда Сергей Смирнов маълумотлар турли хил қилиб берилаётгани ва айрим ҳолларда қарама-қарши эканини бундай шарҳлади:

- Айрим маълумотлар бевосита, қолганлари “манбалар” ёрдамида билвосита берилмоқда. Демак, маълумотлар ҳам терговчиларга худди шундай шаклда келиб тушяпти, бу махфий хизматларнинг “ўйини” эканига ишончим комил. Фақат “ўйин” маълумотни яширишга қаратилганми ёки ишни сохталаштиришгами – мана масала қаерда, - деди Сергей Смирнов.

Террорчиликда айбланаётган Аслан Байсултанов суд залида

Озодлик ҳибс этилган шахсларга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 30 ва 205-моддалари (террорчи актига тайёргарлик кўриш) асосидаги жиноий иш очилганини аниқлади. 12 октябрь куни Лефортово туман суди ушланганларни тергов якунига қадар ҳибсда қолдириш тўғрисида қарор чиқарди. Айрим манбалардан ушланганларнинг бир қисми Сурияда диверсия мактабида тайёргарлик кўриб қайтгани асосида жавобгарликка тортилиши маълум бўлди.

Суд жараёнида иштирок этган журналистлар гумонланувчилар қаторида грознийлик Аслан Байсултанов, Шамиль Чергизов, Эльман Ашаев, Мохмад Меджидов исмли шахслар борлигини очиқлади.

Қизиғи, бу воқеалардан бир неча кун олдин, 8 октябрда, Чеченистон президенти Рамзан Қодиров Грознийда олиб борилган махсус амалиётда ўлдирилганлардан бири 1989 йилда туғилган Аслан Байсултанов эканини эълон қилган эди.

Чеченлардан ташқари “ҳизбчиликда” айбланиб жавобгарликка тортилаётган марказий осиёликлар Москвада турли касб-ҳунар билан шуғулланиб келгани, Россияда тақиқланган ташкилотнинг йиғилишларида фаол иштирок этиб келгани, шу мажлислардан бирида “пойтахтда портлаш уюштириш режаси пайдо бўлгани” тўғрисида хабар берди “Коммерсант” нашри.

Россия ФСБси ва Ички ишлар вазирлиги “ҳизбчиликда” айбланиб қўлган олинган марказий осиёликларнинг чеченистонликларга қандай алоқаси борлиги, уларнинг сони, фуқаролигига оид бошқа маълумотни очиқламай келмоқда.

XS
SM
MD
LG