Линклар

Туркия ўз ҳаво ҳудудида номаълум ҳаво аппаратини уриб туширди


НАТОга аъзо бўлган Туркия ўз ҳаво сарҳадлари Россия учқичлари томонидан бир неча марта бузилганидан шикоят қилган

НАТОга аъзо бўлган Туркия ўз ҳаво сарҳадлари Россия учқичлари томонидан бир неча марта бузилганидан шикоят қилган

Туркия ҳарбийлари мамлакат ҳаво ҳудудларида, Сурия чегараси яқинида номаълум учқич уриб туширилганини билдирди.

16 октябрь куни эълон қилинган ёзма баёнотда айтилишича, мамлакат ҳаво ҳудудига кирган ҳаво аппарати ўзни таништириш сўровига уч марта жавоб бермаган ва Туркия ҳарбий жанг қоидаларига мувофиқ уриб туширилган.

Туркия ҳукуматининг шахси сир сақланаётган мулозими Рейтерс агентлигига уриб туширилган аппарат пилотсиз учқич эканини билдирди.

НАТОга аъзо бўлган Туркия Сурияда ҳаво ҳужумларини амалга ошираётган Россия бир неча марта Туркия ҳаво сарҳадларини бузиб кирганидан шикоят қилган.

Россиянинг давлатга қарашли РИА-Новости агентлиги Россия қуролли кучларидаги манбанинг Суриядаги барча учқичлари “режага асосан” ҳаракат қилаётгани тўғрисидаги сўзларидан иқтибос келтирмоқда.

Турк тилидаги CNN телеканалининг хабар қилишича, учқич Туркиянинг Килис шаҳарчаси яқинида, Сурия чегарасидан уч километр берироқда уриб туширилган.

Туркиянинг иқтидордаги Адолат ва тараққиёт партияси Россиянинг Туркия ҳаво ҳудудларини бузиб киришини “таҳдид сифатида” қабул қилишини баён қилган.

XS
SM
MD
LG