Линклар

Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлут Чавушўғли Анқара Ироқ шимолидаги қўшинларини олиб чиқмаслигини таъкидлади.

Чавушўғли 8 декабрь - қўшинларни Ироқдан олиб чиқиш учун берилган муддат тугашидан бир неча соат ўтиб, Ироқ Ташқи ишлар вазири Иброҳим ал-Жаъфар билан телефон орқали суҳбатлашди.

Ироқ ҳукумати Туркия қўшинлари ўз ҳудудидан 7 декабрь куни чиқиб кетишини талаб қилган ва тунги соат 24 га қадар талаб бажарилмаган тақдирда БМТ Хавфсизлик кенгашига мурожаат қилишидан огоҳлантирган эди.

Ироқ Бош вазир Ҳайдар ал-Абодий турк ҳарбийлари мамлакат шимолига Бағдод раҳабариятини огоҳлантирмасдан киритилган, деб баёнот берган.

Туркия Ташқи ишлар вазири 7 декабрь куни Анқара йўллаган ҳарбийлар аввал Бағдод билан келишилган ҳолда Мосул яқинига киритилган ҳарбийларни алмаштириш мақсадида 3 декабрь куни йўлланганини таъкидлади.

Мосул шаҳри 2014 йилда "Исломий давлат" террор гуруҳи томонидан эгаллаб олинган. Унинг яқинидаги ҳарбий базага жойланган турк ҳарбийлари маҳаллий сунний арабларнинг кўнгилли аскарлари ва курд жангчиларига ҳарбий машғулот ўтказиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG