Линклар

Йил охирига келиб янги паспорт олиш қанчага чўзилишини ҳеч ким билмайди


Биометрик паспортга ҳужжат топшириш учун навбат 2015 йил охирига қадар мисли кўрилмаган даражада узайиб кетди.

Биометрик паспортга ҳужжат топшириш учун навбат 2015 йил охирига қадар мисли кўрилмаган даражада узайиб кетди.

Биометрик паспортга ўтиш учун президент фармонига кўра белгиланган бирламчи муҳлат – 2015 йил 31 декабрига саноқли кунлар қолган бир пайтда¸ янги паспортга ҳужжат топширганларнинг уни қачон қўлга олишлари мавҳум қолмоқда. Озодлик боғланган расмийлар¸ йил охирига келиб паспортга мурожаат қилганлар сонининг ниҳоятда кўплигидан компютер тизими бунча катта оқимдаги аризани кўтаролмай қолиб¸ тез-тез ишдан чиқаëтганини билдирди.

Озодликка Бухоро шаҳридан мурожаат қилган Озода Усмонова 2015 йил охирига қадар биометрик паспорт олмасам¸ паспортсиз қоламан¸ деган қўрқув билан хориждан Ўзбекистонга қайтган юз минглаб муҳожирдан бири.

12 октябрь куни 7 ва 3 ëшлик фарзандларини Бирлашган араб амирликларида эри ва кекса қайнонасига ташлаб янги паспорт олиш учун Бухорога қайтган Озода¸ бу жараëнга кўпи билан бир ой вақт кетади¸ деб хаëл қилган. Зотан қонунга кўра¸ янги паспорт олиш учун икки ҳафта¸ чиқиш визаси учун яна икки ҳафта белгилангани боис¸ Озода ҳамма ишни қонун доирасида ҳал қиламан¸ деб ишонган.

25 декабрь куни Озодликка боғланган Озода¸ орадан уч ой ўтиб¸ нафақат янги паспортни олмагани¸ балки уни қачон олиш ҳам мутлақ номаълум қолаëтганини айтади:

- Келган кунимдан паспортга мурожаат қилдим. Чет элдан келганларни текшираяпмиз¸ деди. Экстремизм¸ одам савдоси ва фоҳишалик бўйича текшириб¸ ҳар хил жойда суҳбатдан ўтказишди. Эски паспортимни олишди¸ ҳужжатларингиз Тошкентга¸ СНБга кетади дейишди. Бир ярим ойдан кейин¸ ҳеч гап йўқ экан¸ вақтингизни олганимиз учун узр¸ дейишиб¸ биометрик расмга туширишга юборишди. Ундан бери бир ярим ой вақт ўтди. Ҳеч гап йўқ¸ паспортим қачон чиқади¸ ҳеч ким билмайди¸ дейди Озода.

“Абу Дабида оилам ҳар кун босим қилаяпти¸ болаларим нимага бизни ташлаб кетдингиз деб йиғлаяпти. Уларга паспорт чиқишини кутиб ўтирибман¸ десам ишонмайди. Ахир бу бир соатлик ишку!”¸ деган Озода¸ Бухородаги паспорт бўлими ходимлари муаммо Тошкентда¸ биометрик паспортни босмадан чиқариб берадиган Давлат персоналлаштириш марказида эканини айтганидан сўнг¸ куни-кеча бу марказга ҳам шахсан мурожаат қилганини айтади:

- Бу ерда менга паспортни ëзиб чиқарадиган аппаратлар бузилган¸ дейишди. Бу гапни ëш болага айтса бўлар! Наҳотки бутун бошли Ўзбекистонда паспорт чиқарадиган битта аппарат бор! Биттаси бузилса¸ бошқалари ишласа керак! Республика ОВИРи бошлиғига кирсам¸ сиз ҳали Персоналлаштириш марказидаги навбатга ҳам қўйилмагансиз деди. Прокуратурага шикоят қилсам¸ аризангиз бир ой ичида ўрганиб¸ натижаси маълум қилинади¸ дейди. Нима қилишни¸ кимга мурожаат қилишни билмаяпман. Ахир қонун бўйича бунақа бўлиши мумкин эмаску!¸ дейди Ўзбекистон паспортини оламан деб оиласи бузилиш таҳликасига қолганидан чўчиëтган Озода.

Бу шикоят ортидан Озодлик мухбири Ички ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасига мурожаат қилди.

Бошқарма расмийси биометрик паспортни чоп этиш билан боғлиқ жиддий муаммо боис¸ янги паспортга мурожаат қилган фуқароларнинг уни олиши учун қанча вақт кетишини мутлақ олдиндан айтиб бўлмай қолганини эътироф қилди:

- Янги паспортнинг қанчада чиқиши ҳақида умуман бир нарса дея олмаймиз. Қонунда 12-15 кун ичида¸ деб ëзилган¸ лекин ҳозир ниҳоятда чўзилиб кетаяпти. Сабаби¸ йил охирига келиб янги паспортга мурожаат қилувчилар сони кескин кўпайганидан¸ маълумотлар базаси тўлиб қолган. Ҳозир базани қайта ишга туширишга ҳаракат қилишаяпти. Тортса¸ яна паспорт чиқариш тезлашади. Бу муаммо ОВИР эмас¸ Давлат персоналлаштириш марказига боғлиқ. Улардаги компютер тизими ҳаддан ташқари кўп маълумотни кўтара олмай¸ қотиб қолаяпти. Балки янги йилдан кейин тезлашар¸ дейди ўзини таништирмаган расмий.

Озодлик Давлат персоналлаштириш марказидан бу муаммо юзасидан изоҳ олишга ҳозирча муваффақ бўлмади.

Ислом Каримов 2009 йил 23 июнда имзолаган “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга асосан Ўзбекистон аҳолисини биометрик паспортга ўтказиш жараëни 2015 йил 31 декабрга қадар тугалланиши лозим эди.

Аммо Озодлик республика ички ишлар тизими ходимларидан белгиланган бу муҳлат арафасида ўтказилган саноқ натижасида мамлакат аҳолисининг қарийб ярми биометрик паспорт олишга улгурмагани боис¸ бу муҳлатни узайтиришни сўраб президентга мурожаат қилинганини ўрганган эди.

Сўнгги хабарларга қараганда¸ бу таклиф президент томонидан тасфиқланган ва паспортларни алмаштириш жараёни 2018 йилнинг 1 июлига қадар узайтирилган.

Ҳозирча бу фармон жамоатчиликка расман эълон қилингани йўқ.

XS
SM
MD
LG