Линклар

Шошилинч хабар
04 май 2024, Тошкент вақти: 23:17

Ўзбекистонликларни ўз ҳукумати тузоққа туширди (Блог)


Ҳа, нобиометрик паспорт билан ҳорижда юрган ўзбекистонликларни ўз ҳукумати, ҳукуматнинг таркибий қисми – Ташқи ишлар вазирлиги тузоққа туширди. Вазирликнинг Истанбулдаги мулозими Озодликка тузоқнинг шаклу шамойилини тасвирлаб берди:

Ўзбекистонлик ватанига эски паспорт билан қайтиш учун консулхонадан “Ватанга қайтиш сертификати” олиши лозим.

Сертификатни олиш учун у ариза ёзади;

аризага учта фотосуратини тиркайди;

60 доллар тўлайди.

Шундан сўнг сертификат берилишини 1 ой кутади.

Пули тугаб қолган бўлсачи? Консулхонага "э йўқ, бе йўқ" тўланадиган 60 долларни эмас, умуман пули тугаб қолган бўлсачи, деяпман.

Чиқиб кетолмай қолгани мамлакат билан Ўзбекистон ўртасида виза тартиби бўлсаю, унинг визаси муддати тугаган бўлсачи?

Бу масалалар Ўзбекистон ҳукуматини қизиқтирмайди.

Тузоқ бўлмай нима бу?

Сиз – ҳукуматпарвар ўзбек айбни ҳукуматингиздан эмас, ўзингиздан излаяпсизми?

Унда буёғини ўқинг.

Мен Қирғизистон фуқаросиман.

2000 йилгача Қирғизистонда cовет давридан қолган “чиқиш визаси” бор эди (Ўзбекистонда ҳозир ҳам бор). Ўша визани олишим билан боғлиқ гаплардан мавзумизга оид бошқа муҳим бир гап чиқади.

Биринчи марта 1997 йили чет элга чиқдим. Сафарим Хаж билан боғлиқ бўлгани учун четга чиқишга изннию Саудиянинг визасини мен учун хожибошилар олди.

Иккинчи марта 1999 йили Швецияга бордим ва четга чиқишга изнни Қирғизистон ташқи ишлар вазирлигининг Ўшдаги консулхонасидан олдим.

Ўша йили кузда Чехияга борадиган бўлдим ва яна консулхонага бордим, консул паспортимга “фалон санагача чиқиб кетиши мумкин”, деган штапм билан муҳрини босиб берди.

Орадан 6 ойча вақт ўтгач (2000 нинг майи) яна Чехияга борадиган бўлиб қолдим ва паспортимни кўтариб консулликка бордим.

Консул “чиқиш изни” бекор қилингани айтди.

Дабдурустдан тушунмадим.

Консул гапини такрорлади. “Бемалол кетаверасиз”, деди.

Суяги советча қотган мендай бир “совок”ка “бемалол кетавериш” барибир тушунарсиз эди ва консулга дедим:

- Сиздан бензин кетадими, ҳар эҳтимолга қарши паспортимга муҳрингизни босиб қўяверинг? Чехияга киритмай қўйишса нима қиламан?

Консул бир бўзариб олди ва деди:

- Э, қанақа одамсиз, ахир?! Бекор қилинган деяпманку. Демак, муҳр босишим мумкин эмас. Ҳаққим йўқ бундай қилишга. МИДимиз бу ҳақда дунёдаги барча мамлакатларга нота жўнатган. Истасангиз, Антарктидага боринг. Ҳеч ким сўрамайди сиздан чиқишга изн. Бўлди, кетинг. Ишим кўп...

"МИДимиз бу ҳақда дунёдаги барча мамлакатларга нота жўнатган".

Қирғиз консулининг шу гапига эътибор бердингизми?

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳам, биометрик паспортга ўтиш тўғрисидаги дастлабки қарордан келиб чиқиб, дунёдаги барча мамлакатларга 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб ўзбекистонликнинг шахсини тасдиқлайдиган ягона ҳужжат биометрик паспортдир, деган нота жўнатган бир йилми, икки йилми, уч йилми муқаддам.

Лекин дўппи тор кепқолиб, биометрик паспорт бериш муддати узайтирилгач, вазирлик олдинги нотасини бекор қилувчи янги нота жўнатмаганга ўхшайдики, натижада айтганимиз тузоқ пайдо бўлди.

Сиз – ҳукуматпарвар ўзбек ҳануз айбни ҳукуматингиздан эмас, ўзингиздан излаяпсизми?

Балки, дунёдаги барча давлатлар биометрик паспортга ўтиб бўлгандир, шунинг учун бу фақат ўзбекистонликка эмас, ҳаммага келган тўйдир, деяпсизми?

Унда яна Қирғизистонга оид мана бу гапни ҳам ўқинг:

Бу давлат ўз ватандошларига (фуқаро сўзини бугун ишлатгим келмаяпти) биометрик паспорт бериш тўғрисида ўйлашни 2015 йил кузида бошлади. Ҳукумат мулозимларининг айтишича, биометрик паспортларни бериш 2017 йилдан бошланади. Ҳозирча эса, президент Атамбаевнинг паспорти ҳам биометрик эмас.

У ёки бу мамлакатнинг паспорт назоратида ўтирган чегарачига сизнинг паспортингиз биометрикми-нобиометрикми – фарқи йўқ. Унинг учун паспортингиз қалбаки бўлмаса, муддати ўтиб кетган бўлмаса, исмингиз халқаро қидирувдагилар рўйхатида бўлмаса, кириш визаси билан боғлиқ муаммонгиз бўлмаса, бас.

Бу паспортнинг амал қилиш муддати тугаган. Кейингисида маълумотлар босма ҳарфлар билан битилган.
Бу паспортнинг амал қилиш муддати тугаган. Кейингисида маълумотлар босма ҳарфлар билан битилган.

Паспортингиз қалбаки бўлмаса бас, у ҳатто қўлда тўлдирилган бўлса ҳам ўтказаверишади.

Ҳа, айтганча, чегарачи давлатингиз ташқи ишлар вазирлиги талабидан келиб чиқиб ҳам иш кўради.

Мен боядан бери шу ҳақда жаврадим.

Ҳали ҳам кеч эмас.

Ташқи ишлар вазирлиги вазиятни битта нота билан бир кунда ҳал қилиши мумкин.

Агар шундай қилса, қишнинг изғиринида куни элчихоналар остонасида ўтаётган ўн минглаб ватандошини билиб-билмай илинтирган тузоғидан озод қилган бўлади.

XS
SM
MD
LG