Линклар

logo-print

Францияда Эрон президентига қарши намойиш ўтказилди


Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ва Франция президенти Франсуа Олланд.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ва Франция президенти Франсуа Олланд.

Эрон президенти Ҳасан Руҳонийнинг Францияга келишидан норози бўлганлар Парижда намойиш ўтказди.

Намойишга чиққан Эрон мухолифати вакиллари, эронлик иммигрантлар ва талабалар “Руҳоний Эроннинг душманидир”, “Руҳонийга ўлим” каби ҳайқириқлар билан митинг уюштиришди.

Руҳоний Парижда Франция президенти Франсуа Олланд билан музокаралар ўтказди. Музокаралар якунида Франция Эронга 118та Airbus русумидаги йўловчи ташувчи самолёт сотиши тўғрисидаги шартнома имзоланди. Шартноманинг умумий қиймати 22 миллиард еврони ташкил қилади.

Франциянинг "Пежо-Ситроен" автомобил ишлаб чиқариш ширкати эса Эроннинг “Хордро” ширкати билан қўшма корхона ташкил этиш режасини билдирди. Мазкур қўшма корхона йилига 200 минг автомашина ишлаб чиқариши айтилмоқда.

Парижга келишидан олдин Руҳоний Италияга борган ва у ерда 17 миллиард евролик шартномаларни имзолаган эди.

Руҳонийнинг Европа сафари 25 январь куни бошланиб, 28 январда ниҳоясига етди. Руҳоний Эроннинг сўнгги 20 йилда Европага расмий сафар билан келган биринчи президенти бўлди.

17 январь куни Эрон ўз ядровий дастурини музлатиш тўғрисидаги вадасини бажарганидан сўнг, Ғарб Теҳронга нисбатан санкцияларни бекор қилган ва бунинг ортидан Эрон халқаро изоляциядан чиқарилган эди.

XS
SM
MD
LG