Линклар

logo-print

Фарғона вилояти Сўх туманининг Қалъача, Тул ва Ғазнов қишлоқларида Россияда ишлаб қайтган ўндан ортиқ муҳожир ҳибсда сақланмоқда. Ҳибсдагиларнинг Россия ва Сўх туманидаги яқинларидан олинган маълумотга кўра, ИИВни хорижда ишлаган меҳнат муҳожирларининг диний эътиқоди ва қарашлари қизиқтирмоқда. Россиядаги манбаларга кўра, борганларнинг аксарияти Қозон шаҳрида бир йил ёки ундан ортиқроқ ишлаган.

Исми-фамилиясини ошкор этмаслик шарти билан Россиядан OzodMikrofonга боғланган сўхлик меҳнат муҳожири шу кунга қадар 6 кишининг ҳибсда сақланаётганидан аниқ хабардор эканини даъво қилмоқда:

- Шу Қозон шаҳрида бир йил - бир ярим йил ишлаб борган болалар эди. 90, 91-йилларда туғилган болалар кўпи. Бир ойча олдин ҳеч сабабини ҳам айтмай, огоҳлантирмай, 15 суткага, деб қамаб қўйишди. 3 таси Қалъача қишлоғидан, яна 3 таси Тул қишлоғидан. Буларнинг орасида менинг яқин танишим ҳам бор. Мана бир ой бўлди, чиқаришгани йўқ. Бир ҳафтача бўлди, Тулдан яна 7 кишини олиб кириб қўйишибди, деб эшитдим, лекин буни аниқ билмайман, - деди исмини сир сақлаш шарти билан Озодликка маълумот берган сўхлик.

Ундаги маълумотларга кўра, ИИВ Татаристон пойтахти Қозондан борган йигитлардан уларнинг диний эътиқоди, ибодати ва қарашларини сўраб-суриштирмоқда:

- Яқин танишимнинг оиласидан эшитдим шунақа, деб. Бошқа болалардан ҳам: "Россияда қаерда ишладинг, кимлар билан яшадинг, намоз ўқидингми, кимлар билан ўқидинг, нега соқол қўйгансан, намозни қанақа ўқийсан?" деганга ўхшаган нарсаларни сўрашаётган экан. Мен энди шунақа, деб эшитдим. Лекин, ҳисбларнинг сабаби ҳақида аниқ билмайман, - деди Россиядан боғланган сўхлик меҳнат муҳожири.

Унинг айтишича, шу кунда Россияда юрган сўхликлар юртига қайтишга чўчимоқдалар:

- 15 суткага, деб олиб кетган, бир ой бўлаяпти ҳам чиқаргани йўқ. Қама-қама бошландими, деб қўрқаяпмиз. Суриштиришаётганидан хабаримиз бор эди. Лекин, бориши билан паспортини олиб қўйиб, бунақа қамаб қўйишганини энди эшитиб турибмиз. Бунинг устига баъзиларнинг аёлларини ҳам олиб бориб, сўроқ қилишаётган экан. Шуни бир аниқлаб беринглар, илтимос! Нима гап экан ўзи? - деди сўхлик тингловчи.

Озодлик бу мурожаат ортидан Фарғона вилояти ва Сўх тумани ИИБга боғланди, аммо аниқ маълумот ололмади. Аммо, Сўх туманида яшовчи фаоллар Россиядан боғланган меҳнат муҳожири сўзларини қисман тасдиқлади.

Хусусан, Тул қишлоғида яшовчи фуқаролардан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Россиядан борганлар устидан суриштирув кучайтирилгани, янги қайтганлар сўроқ-савол қилиб қўйиб юборилганини тасдиқлади.

"Сўроқ-савол қилишаётганди. Лекин, унақа 10 киши ҳибсда деган гапни мен эшитмадим, тўғриси", деди хадигини яширмаган кекса ёшли тингловчи ва суҳбатни чўзишни истамади.

Сўх марказида яшовчи яна бир фаол эса 15 суткага ҳибсга олинаётганлар фақат Қалъача ва Тул қишлоқларида эмас, балки Ғазнов қишлоғидан ҳам борлигини ҳақида эшитгани, аммо уларнинг сони ҳақида аниқ маълумотга эга эмаслигини айтди.

"Тахминан, 20 киши атрофида, деб эшитдим. Шу радикализм, экстремизм, деб ушланган ва Фарғонада экан ҳаммаси. Бугун бирининг отаси билан гаплашдим, эртага Фарғонага чақиришибди, қўйиб юборар, деб умид қилаяпти. Энди ИШИДга боғлашаяпти, деган гап бор. Шунинг учун яқинлари хавотирда. Аммо, ушланганларнинг кўпи Россиябир йил, ярим йил олдин қайтган экан. Энди маълумот ўта сир сақланяптида, оиласи ҳам қўрқаяпти ортиқча гапиргани", деди исми сир қолиши билан гапирган сўхлик манба.

Озодлик сўхлик норасмий манбалар тасдиқлаган, аммо расмий идоралар сукут сақлаётган бу маълумотга оид тафсилотларни аниқлашга уринишда давом этмоқда.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда хориждан бораётган фуқароларнинг сўроққа тутилаётган, ҳибсга олинаётгани ҳақида маълумотлар кўпаймоқда.

Хусусан, 2015 йилнинг октябрь ва ноябрь ойларида Тошкент вилояти ҳамда шаҳрида 200дан ортиқ одамнинг ҳибсга олингани инсон ҳуқуқлари фаоллари томонидан хабар қилинган.

Бундан ташқари, яна ўнлаб одам Фарғона, Хоразм ва Наманган вилоятларида ҳибсга олингани ҳақида маълумотлар бор.

Ўзбекистон ИИВ фаоллар тарқатган бу хабарларни қисман тасдиқлаган, аммо бу борада аниқ рақамларни маълум қилмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG