Линклар

Тошкент шаҳрининг Ракат, Салом чойхона, Себзор, Жар Ариқ маҳаллаларида яшовчи ўндан ортиқ одам Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинди. Салафийлик диний оқимига алоқадорликда айбланаётган бу ёшлар илгари АҚШда ишлаб Ўзбекистонга қайтиб келган. Ҳибсга олинганларнинг оила аъзолари бу ҳақда ҳеч кимга ахборот бермасликлари ҳақида огоҳлантирилганини айтмоқда.

Озодлик олган маълумотларга кўра, сўнгги бир ой орасида Тошкентнинг Ракат, Салом чойхона, Себзор, Жар Ариқ маҳаллаларида яшовчи 14 киши ҳибсга олинган.

Бу йигитларнинг аксарияти илгари АҚШ ва бошқа хорижий давлатларда ишлаб қайтган ёшлар эканлиги айтилаяпти.

Овози ёзиб олинмаслик шарти билан гапирган тошкентлик маҳалла фаолларидан бирига кўра, бу йигитлар салафийлик диний оқимига алоқадорликда айбланмоқда.

Озодлик ҳисбга олинганларнинг баъзилари исми-шарифини аниқлашга муваффақ бўлди.

Ҳибсга олинганларнинг яқинларидан олинган маълумотга кўра, АҚШнинг Флорида ва Виржиния штатларида ишлаб қайтган 31 яшар Шерзод Абдуллаев, 37 яшар Дониёр Аҳмедов, 35 яшар Мансур Шомансуров, 42 яшар Нодир Туробов, 30 яшар Анвар (фамилиясини аниқлаш имкони бўлмади –таҳририят) аввал ўн беш суткалик қамоққа олинган, сўнгра улар устидан жиноят иши қўзғатилган.

Бу одамларнинг баъзилари уч йил аввал, баъзилари яқинда хориждан қайтгани айтилади.

Ҳибсга олинганларнинг яқинлари Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қаттиқ қўрқитилгани боис, бундан ортиқ маълумот беришни исташмади.

Бундан ташқари яна ўндан ортиқ одам ҳибсга олинган. Лекин Озодлик уларнинг исм-шарифларини аниқлай олмади.

Ҳибсга олинганлар орасида Бирлашган Араб Амирлигида ишлаб қайтганлар ҳам, Умид жамғармаси йўлланмаси билан АҚШда бўлганлар ҳам бор.

АҚШда яшаётган ўзбекистонлик Мирраҳмат Мўминов бу йигитларнинг баъзиларини яхши таниганини айтар экан, уларнинг экстремистик ташкилотларга аъзо бўлмаганини таъкидлайди:

- Бу йигитларнинг баъзиларини танирдим. Уларнинг асосий қисми талаба сифатида келган ва АҚШда турли соҳаларда малака ошириб, кейин Ўзбекистонга қайтишган. Қайтганидан сўнг муаммосиз яшаётган эди. Ўтган йилнинг сентябрь ойида улар билан бир шаҳарда яшаган ва уларни яқиндан таниган Ш.Х. исмлик киши 8 йил деганда Ўзбекистонга қайтиб боради ва Тошкент аэропортида МХХ томонидан ҳибсга олинади. Бу бола 4 ой давомида Тоштурмада ҳибсда ушланади ва айтишларича яқинда ҳибсга олинганларга қарши кўрсатма беради. Бу йигитлар АҚШда намоз ўқишни бошлашган ва баъзилари у ерда соқол ўстириб юришган, лекин улар бирорта ҳам экстремистик ташкилотга аъзо бўлмаган. Уларнинг баъзилари механик, баъзилар мебелчи усталар бўлган,- дейди Мирраҳмат Мўминов.

Мирраҳмат Мўминов билан бўлган суҳбатни қуйида тингланг:

Ўзбекистонда хориждан борганларни ҳибсга олиш ўтган йилнинг ноябрь ойида бошланган эди.

Озодлик манбалари ўшанда Тошкентнинг турли туманларидан икки юздан ортиқ одам ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди.

Тошкентда яна 14 кишининг қамоққа олингани ўтган йилги ҳибсга олишларнинг давоми сифатида кўрилмоқда. Агар аввалги ҳибсга олинганлар ИШИДга алоқадорликда гумон қилинган бўлса, бу янгилари салафийликда айбланмоқда.

Кузатувчиларнинг айтишларича, ўтган йили ҳибсга олинганлардан кимдир қийноқлар натижасида бошқаларга қарши кўрсатма берган бўлиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG