Линклар

Россия Думаси Ўзбекистоннинг $885 млн. қарзидан кечишга оид қонунни маъқуллади


Россия Давлат Думаси Ўзбекистон ҳукумати билан ўзаро молиявий талаблар ва мажбуриятларни мувофиқлаштиришга оид келишувни ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди.

Мазкур келишув 2014 йилнинг 10 декабрь куни Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга сафари чоғида имзоланган эди.

CA-NEWS нашрининг хабар қилишича, Давлат Думаси қонун лойиҳасини 25 мартда муҳокамага қўйган.

Кремль Ўзбекистон Россиядан жами 889 миллион 300 минг доллар миқдорида қарздор эканини айтиб келарди. Бироқ, Ўзбекистон бу қарзнинг фақат 43 миллион 100 минг долларини тан олган ва Москва собиқ СССР Олмос фонди орқали Ўзбекистондан камида 1 миллиард доллар қарздор, деб даъво қилган.

Путиннинг Тошкентга ташрифи давомида ўтказилган музокараларда томонлар ўз иддаоларидан воз кечишга келишиб олган эди. Келишув шартларига кўра, Ўзбекистон Москвага бўлган 25 миллион доллар қарзини Дума Ўзбекистон қарзларидан воз кечиш тўғрисидаги қонунни қабул қилганидан сўнг 30 кун ичида тўлаши шарт.

Россия Давлат Думасининг МДҲ давлатлари бўйича қўмитаси раҳбари Леонид Слуцкийга кўра, 2014 йилда эришилган келишув кучга кириши билан "Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги молиявий муносабатларни таранглаштириб турган кўплаб муаммолар ҳал бўлади".

XS
SM
MD
LG