Линклар

logo-print

Вилоятлардан Тошкентга иш излаб келганларни ҳисобга олиш 1 апрелдан бошланади


Бу маълумотни Озодлик Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг ХЧК ва ФРБ даги (Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси) манбасидан олди.

Айни пайтда Вазирлар Маҳкамаси 2016 йил, 26 февралда қабул қилган 54- қарорни ижро этиш вазифаси юклатилган яна бир структура - Вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш марказларининг пойтахтга вақтинча ишлаш учун келадиганлар саволларига берадиган жавоби йўқ эканлиги маълум бўлди.

ХЧК ва ФРБдан олинган маълумот

“Вақтинчалик учет 1 апрелдан бошланади. Ҳозирча фақат Тошкентда доимий иши борлар пропискага қўйилаяпти. Вилоятлардан келганлар 1 апрелгача вақтинчалик учетсиз юрса бўлаверади”, деди Озодликнинг Тошкент шаҳар Хорижга чиқиш-кириш-чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасидаги манбаси.

Вилоятлардан келганларнинг пойтахтда ва Тошкент вилоятида ҳисобдан ўтмай (яъни манба айтганидай “учет”дан ўтмай) 5 кундан ортиқ яшашини ва рухсатномасиз ишлашини тақиқловчи ҳужжат – Вазирлар Маҳкамасининг 54- қарори 2016 йил, 26 февралда қабул қилинган эди.

Ҳукумат ўз қарори билан Вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш марказларига вилоятлардан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига иш излаб келганларга "Вақтинчалик бир марталик иш учун гувоҳнома" бериш вазифасини юклаган.

Ўтган ҳафтадаги гап

Ҳукумат қарори чиққанига қарийб бир ой тўлганида – 24 март куни Озодлик радиоси Тошкентдаги Вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш марказлари билан боғланди.

Шаҳар туманларидан биридаги Марказ ходимининг гапларидан у ҳали "Вақтинчалик бир марталик иш учун гувоҳнома" тўғрисида эшитмагани маълум бўлди. Унинг фикрича, Марказнинг вазифаси вилоятдан келган ишсизни қайддан ўтказиб қўйиш, холос ва бунинг учун паспорт бўлса бас.

Мирзо Улуғбек туман Вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш маркази ходимининг ҳукумат қароридан хабари борлиги маълум бўлди. "Вақтинчалик бир марталик иш учун гувоҳнома" олиш учун ҳукумат қарорида белгилаб қўйилган барча ҳужжатларни бирма-бир санаб ўтди. Лекин бу ходим ҳам “гувоҳнома” қачондан берилишини айта олмади. “Балки 26 мартдан бошланар...” деган мавҳум жавобни эшитдик.

Бугунги гап

29 март куни Учтепа туман Вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш маркази билан боғландик ва "Вақтинчалик бир марталик иш учун гувоҳнома"ларни бериш бошландими-йўқми, деб сўрадик.

- Ҳали бошламадик. Қачон бошланишиниям билмайман. Балки 10-15 кундан кейин бошланар, деди Учтепа туманидаги Марказ ходимаси.

Асосий савол жавобини билмайдиган call centre

Фуқароларнинг "Вақтинчалик бир марталик иш учун гувоҳнома" олиш билан боғлиқ саволларига жавоб бериш учун Меҳнат вазирлиги махсус алоқа маркази очган. Бу ҳақда хабар қилган norma.uz сайти алоқа марказининг телефон рақамини (200 06 00) ҳам эълон қилган.

Шуниси қизиқки, асосий вазифаси "Вақтинчалик бир марталик иш учун гувоҳнома" олиш билан боғлиқ саволларга жавоб бериш бўлган ходима гувоҳномалар қачондан бошлаб берилиши тўғрисидаги саволга жавоб беролмади.

- Позвоните в головное управление, они вам точно скажут, деб “футбол” қилди ходима.

Мавзуда кутилмаган бурилиш

У билан гаплашар эканмиз, бирдан унинг русча гаплашаётгани эътиборимизни ўзига тортди. Ахир Меҳнат вазирлиги махсус алоқа марказига русча мулоқот қила олмайдиган қишлоқи йигит телефон қилса қандай гаплашади? Қолаверса, Ўзбекистоннинг Давлат тили тўғрисидаги қонуни ҳозирча бекор қилингани йўқ.

Шунинг учун ходимадан фуқаро қўнғироғига рус тилида жавоб бергани сабабини сўрадик ва унинг ўзбек эканини билдик.

- Нима учун қўнғироқ қилганимда рус тилида жавоб бердингиз?

- Чунки бизада регламент бўйича шунақа.

- Ўрисча жавоб бериш керакми биринчи бўлиб?

- Ҳа, русча приветствие.

- Шундай деб ёзилган ҳужжат борми?

- Ҳурматли мижоз, бизани регламент бўйича приветствие рус тилида.

- Ўзбекча салом берса бўлмайдими?

- Бизага шунақа регламент берилган, деди Меҳнат вазирлиги "Вақтинчалик бир марталик иш учун гувоҳнома" олиш билан боғлиқ саволларга жавоб бериш учун очган алоқа маркази ходимаси.

Асосий мавзуга қайтамиз

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига вилоятлардан иш излаб келадиганларни 5 кун ичида ҳисобга олиш ва уларга "Вақтинчалик бир марталик иш учун гувоҳнома" бериш тўғрисидаги ҳукумат қарори ижроси бошланган-бошланмагани тўғрисида Сиз тингловчига информация топиб беришга уриндик.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва қатор халқаро ташкилотлар, хусусан Хьюман Райтс Вотч ташкилоти Совет ҳукумати ихтироси бўлган прописка тизими Ўзбекистонда ҳануз сақланиб қолганини, Тошкент амалда мамлакатнинг ўз фуқаролари учун деярли ёпиқ шаҳарга айлантирилганини мунтазам танқид қилиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG