Линклар

Ҳонгконгнинг Torutem Business Limited компанияси Ўзбекистондаги «Лаззат» қандолат фабрикасини модернизациялаш учун 5 миллион АҚШ доллари ажратаяпти.

Sputnik агентлигининг "Ўзбекозиқовқатхолдинг" ширкатига таяниб, хабар қилишича, Ҳонгконг компанияси «Лаззат» фабрикасида асосан, карамель ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Режага кўра, ишлаб чиқариладиган карамеллар МДҲ давлатлари ва жанубий-шарқий Осиё мамлакатларига экспорт қилинади.

Лойиҳа бўйича, жорий йилда хориж сармоядорлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун 3 миллион доллар сарфлашни кўзлаяпти. Лойиҳа 2017 йилда тўла тугалланиши режаланган ва шунда йилига 8 минг тоннадан зиёд карамел ишлаб чиқариш имкони бўлади.

Ўзбекистондаги энг катта қандолат фабрикаси бўлган «Лаззат»да собиқ иттифоқ даврида 20 турдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилган. Ўша пайтда «Лаззат» ўз маҳсулотлари билан нафақат Ўзбекистон, балки постсовет давлатларида ҳам маҳшур эди.

Ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталарига келиб, фабрика банкрот деб эълон қилинган эди.

XS
SM
MD
LG