Линклар

Вилоят ҳокими "ит", деб камситган ҳоким фермерларни "хоин", деб ҳақорат қилди


Изсбокандаги "Дамас юриши" тадбири ҳақида маҳаллий фермерлар Озодликка хабар қилди

Изсбокандаги "Дамас юриши" тадбири ҳақида маҳаллий фермерлар Озодликка хабар қилди

Андижон вилояти Избоскан тумани ҳокими Озодлик билан гаплашган фермерларни “хоинлар”, деб ҳақорат қилди. Ҳоким Улуғбек Абдуллаев Избоскан туманилик фремерларни “Дамаслар юриши”га сафарбар қилгани тўғрисидаги Озодлик материалидан кейин йиғилиш ўтказиб, таҳқирли сўзлар билан камситганини айтишмоқда фермерлар. Айни пайтда Андижон вилояти ҳокими селектор мажлисида Избоскан раҳбарининг ўзини “итсан”, дея ҳақорат қилган. Вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов шунингдек топшириқларни қониқарли бажармаётган туман ҳокимларини вертолётдан ташлаб юбориш билан таҳдид қилгани айтилмоқда.


Избоскан тумани ҳокими Улуғбек Абдуллаев 24 апрель куни фермерларни чақиритириб, Озодлик мухбири билан ким гаплашганини суриштирган. Бу ҳақда Озодликка билдирган йиғин иштирокчиларидан бирига кўра, ҳоким туман қишлоқ хўжалиги соҳаси билан боғлиқ маълумотларни Озодликка берган фермерларни ҳоким “хоин”, дея ҳақорат қилган.

“Кечаги йиғилишда туман ҳокими жудаям фермерларни ҳақорат қилди. “Хоинлар, Озодлик радиосига сотилишяпсан, интернетга чиқаришяпсан, ифлослар”, деб ҳақоратлади”, дейди мажлис иштирокчиларидан бири.

Унинг айтишича, туман ҳокими Улуғбек Абдуллаевнинг бундай тарзда асабийлашишига Андижон вилоятида фермерлар “Дамас юриши” деб аталган тадбирга жалб этилгани тўғрисида Озодлик чоп қилган мақола боис вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов томонидан камситилгани сабаб бўлган.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов қўл остидагиларни ҳақорат қилиши тўғрисида аввал ҳам хабар қилинган

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов қўл остидагиларни ҳақорат қилиши тўғрисида аввал ҳам хабар қилинган

“24 апрель куни вилоят ҳокими селектор ўтказди. Унга ҳемма феремерлар чақиртирилган эди. Лекин феремерлар бу мажлислардан безиб кетгани учун келмай қўйган. Чунки соат 6га чақиритириб олиб, соат 10да бошлайди, ҳар хил гаплар бўлади. Ўша куни хона ярмига ҳам тўлмади. Ҳозир туман ҳокимлиги мажлислар хонасида камера ўрнатилган, онлайн тарзда ҳоким кўриб туради. Хона тўлмаганини кўриб, вилоят ҳокими Улуғбек акани роса ҳақорат қилди. “Ит десам, итга ўхшамайсан, одам десам, одамга ўхшамайсан”, деб роса камситди. Кейин “сенларга селектор йўқ”, деб алоқани узиб қўйди. Кейин туман ҳокими Улуғбек ака асабийлашиб, бизни ҳақорат қила бошлади”, дейди мажлис иштирокчиларидан бири.

Озодлик мухбири Избоскан тумани ҳокими Улуғбек Абдуллаевнинг ўзи билан телефон орқали боғланди. Лекин ҳоким мухбирнинг Озодлик радиосидан эканини эшитиши биланоқ гўшакни қўйиб қўйди.

Андижон вилояти Избоскан туманида “Дамаслар юриши” номли тадбир ўтказилиб, қишлоқ хўжалигига алоқадор 300дан ошиқ одам, жумладан феремерлар 70дан зиёд Дамас машинасига ортилиб, қишлоқма-қишлоқ айлантириб юрилгани ҳақида Озодлик 21 апрель куни фермерларга таяниб, хабар қилган эди.

24 апрель кунги мажлис иштирокчисининг айтишича, вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳам Озодлик мақоласидан хабар топган ва селектор мажлиси пайтида алоқани узишдан олдин бу ҳақда гапирган.

“Ҳоким “Дамаслар юриши” тўхтатилади, бундан кейин энди ўзим вертолётда айланаман, деди. Қайси биринг топшириқни бажармаганингни кўрсам, вертолётдан ташлаб юбораман, деб дўқ қилди туман ҳокимларига. Кечаги куни вертолётда эмас, “кукурузник” самолётида (Ан-2 русумидаги учоқ-таҳр.) айланди. Шунга барча феремер хўжаликлари далаларга ҳамма тракторларни олиб чиқиб қўйди. Ишламасаям, далада турсин учун”, дейди избосканлик фермер.

Унинг айтишича, ҳозирда вилоят бўйлаб буғдойга тушган занг касаллигини бартараф қилиш ва чигит экиш ишларининг вақтида бажарилишига доир топшириқ берилган.

Ўзбекистонда ҳокимларнинг ўз қўл остидагилари ҳамда хусусий фермерларни таҳқирлаб камситиши одатий ҳолга айланган.

Хусусан, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Қўшақбаевич Абдураҳмонов Асакада намунали уйлар одамларга алдов йўли билан сотилаётгани тўғрисидаги Озодлик мақоласи ортидан туман ҳокими Тохиржон Шоввозовни “итнинг кейинги оёғи”, деб ҳақорат қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG