Линклар

Ўзбекистонда давлат хизматчилари Википедияни тўлдиришни ўрганмоқда


Тошкентдаги Узинфоком марказида давлат идоралари ходимлари учун Википедия онлайн энциклопедиясининг қурилиши ва уни тўлдириш бўйича семинар-тренинг ўтказилди.

Узинфоком (Компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази) тарқатган маълумотга кўра, семинарни Ўзбекистон вики-ҳамжамияти раҳбарларидан бири Александр Райков олиб борган.

Семинарда чоп қилинажак материалнинг муҳим бўлиши, унинг мўътабар манбадан олинган бўлиши ҳамда баён бетараф бўлиши лозимлиги урғуланган. Шунингдек, тадбир чоғида техник жиҳатлар, жумладан, Википедияга янги мақолалар жойлаштириш, тил синтаксиси, матнни форматлаш, ишоратлар қўйиш, суратлар чоп қилиш масалалари кўриб чиқилган.

Ўрганилган материални мустаҳкамлаш учун Александр Райков семинар чоғида “Хожа Аламбардор мақбараси” сарлавҳали янги мақолани Википедияга жойлаган.

Эркин таҳрирланувчи Википедия интернет-энциклопедиясининг ўзбек тилидаги бўлими 2004 йил январидан иш бошлаган. Шу кунда 128 минг 673 та мақола жойлаштирилган Ўзбекча Википедия Ўзбекистонда энг кўп кўриладиган сайтлар ўнлигига киради.

Ўзбекча Википедиянинг ривожланишига ҳисса қўшиш мақсадида Озодлик ҳам 2,5 йилдан буён OzodWiki илмий-маърифий лойиҳасини амалга ошириб келмоқда.

XS
SM
MD
LG