Линклар

Қамчиқдаги чала йўлни озарбайжонликлар қуриб битказадиган бўлди


Май ойида Қамчиқдаги кўчки оқибатида 5 киши нобуд бўлган, бироқ бу ҳалокатда йўлсоз испан ширкатининг айби бор-йўқлиги очиқланмаган.

Май ойида Қамчиқдаги кўчки оқибатида 5 киши нобуд бўлган, бироқ бу ҳалокатда йўлсоз испан ширкатининг айби бор-йўқлиги очиқланмаган.

Ўзбекистон томони Қамчиқ довони орқали ўтадиган автомобиль йўли таъмирини якунлаш ишини озарбайжонлик йўлсозларга топширди.

“Тошкент-Ўш” йўлининг Қамчиқ довонидан ўтувчи 116-190 километрларини реконструкция қилиш иши 2012 йилда Испаниянинг "Корсан Корвиам Констракшн СА" ширкатига топширилганди. Бир неча ой олдин бу ширкат “техник регламентни қўпол равишда бузганлик”да айбланиб, йўл таъмиридан четлатилган. Эскирган технологик жиҳозлардан фойдаланганлик, шартномада шартларини бузганлик ва ишга синалмаган пудратчиларни жалб қилганликда айбланган испан ширкати ўзбек расмийлари томонидан халқаро судга берилган.

- Ўзбекистон учун бу ҳаётий аҳамиятга эга бўлган объектдир, шунинг учун янги тендер ўтказиб, бошқа хорижий пудратчи танлаб олишга қарор қилинган. Бу Озарбайжоннинг Evrascon ширкати бўлди. Ҳозир барча ҳужжатларни расмийлаштириш жараёни кетмоқда, - дея иқтибос келтиради Ўзбекистон йўл жамғармаси вакили сўзларидан Sputnik нашри.

Манба озарбайжонлик йўлсозлар Қамчиқдаги ишларни 2017 йил биринчи ярмида якунлашни режалаётганини қўшимча қилган.

Мазкур йўл участкасини таъмирлаш бўйича лойиҳанинг умумий қиймати 210 миллион доллардан ошади. Бу маблағнинг 167 миллиони Осиё тараққиёт банки томонидан кредит ўлароқ берилган, 44 миллиондан кўпроғи эса Ўзбекистон ҳукумати томонидан ажратилган.

Қамчиқ довони орқали Ўзбекистон аҳолисининг учдан бири истиқомат қиладиган Фарғона водийсини мамлакатнинг қолган қисми билан боғловчи ягона автомагистраль ўтади. Стратегик аҳамиятга эга ушбу довон орқали кунига 20 мингдан зиёд автоулов қатнаши айтилади.

XS
SM
MD
LG