Линклар

logo-print

Сенат Ўзбекистон милицияси тўғрисидаги қонунни маъқуллади


25 йиллик мустақиллик давомида ўзбек милицияси махсус қонунсиз амал қилди

25 йиллик мустақиллик давомида ўзбек милицияси махсус қонунсиз амал қилди

24 август куни Ўзбекистон Сенати ялпи мажлисида бир овоздан маъқулланган "Ўзбекистон ички ишлар органлари тўғрисида", деб номланган қонун презиент Каримов томонидан имзолангач кучга киради.

Бунга қадар ИИВ структураси, одатан, жамоатчиликка ошкор қилинмайдиган ички йўриқномалар, норматив ҳужжатлар ва 1991 йилда қабул қилинганЎзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳақидаги Низом асосида фаолият юритиб келди.

Гарчанд қонундан умидлар катта эсада, бу ҳужжат муҳокама учун жамоатчиликка тақдим этилмади ва ҳамон бу қонун милиция фаолиятида қандай бурилиши ясаши мавҳум қолмоқда.

Исми ошкор этилишини истамаган тошкентлик милиция ходими Озодлик билан суҳбатда ўзининг қонундан умидвор эканини айтади. Унга кўра, бугунги кунда айниқса милиция ходимларининг меъёрсиз иш соатлари, мунтазам давом этадиган "казарма" тартиби, ортиқча меҳнатга ҳақ тўланмаслигини милициянинг кўп нолишига сабаб бўлмоқда.

Гарчи, ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари, сиёсатшунослар ва халқаро ташкилотлар мустақиллик йилларидан буён милиция тўғрисида қонун йўқлигини қайта-қайта айтиб келаётган бўлса-да, Ўзбекистон президент Ислом Каримов 2015 йил декабрда илк бор милиция фаолиятини қонуний тартибга солиш заруратини тилга олган эди.

Каримов танбеҳи

Конституциясининг 23 йиллигига сўзлаган нутқида президент мамлакатда ички ишлар органлари ходимлари ишини тартибга солувчи қонун йўқлиги ва 2015 йилнинг 9 ойида аҳолидан тушган шикоятнинг асосий қисми ҳуқуқ-тартибот идоралари устидан эканини қайд этган эди:

"... ҳозирги пайтгача ички ишлар органлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини тартибга соладиган қонуннинг йўқлигини нормал ҳолат, деб бўлмайди. Биринчи галда қонун устиворлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш учун зудликда уларнинг (Ички ишлар органлари ходимларининг - таҳр.) мақоми, формаси ва иш услубини аниқлаш ҳамда тузатишлар киритиш лозим".

Президент Ўзбекистонда "қонунни қўпол равишда бузаётган" ИИВ ва прокуратура ходимлари сонига оид маълумотларни ҳам тилга олганди:

"... 9 ой ичида аҳолидан амалдорлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва назорат органларига оид тушган 500 шикоятнинг ҳар бешинчиси ички ишлар ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидандир... Шу боис, Олий Мажлис Сенати қисқа муддат ичида аслида прокуратуранинг фаолияти қонунийлиги ва бу фаолият устидан назоратни кучайтириш масаласини кўриб чиқиши лозим".

Ўзбекистон президенти бунга қадар Ўзбекистон ИИВ ва прокуратура органлари ҳақида бу қадар жиддий нуқт сўзламаган эди.

Мустақиллик йилларидан буён фуқаролик жамияти фаоллари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳамда халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг бу борадаги баёнотлари, чақириқларига ҳам Ўзбекистон томонидан жиддий муносабат билдирилмаган.

Ўзбекистон президентининг ана шу танбеҳи ортидан 2016 йил давомида Ўзбекистон Сенатида Бош прокуратура ва прокуратуранинг барча органлари устидан назорат олиб борувчи махсус комиссия тузилди.

Ўзбекистон президенти 8 август куни имзолаган фармонга мувофиқ мамлакат прокуратураси тизимидаги ходимлар сони 817 нафарга қисқариб, 4754 нафардан 3937 нафарга тушириладиган бўлди.

ИИВ, Прокуратурадан сўнг навбат МХХ гами?

Эндиликда ИИВ тўғрисидаги қонун ҳам қабул қилинса, сирада Ўзбекистон МХХ хизмати қолади. Зеро, Ўзбекистонда Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида ҳам шу пайтгача қонун қабул қилинмаган.

Бу ташкилот ҳам 1991 йил 2 ноябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисидаги Низом асосида фаолият юритиб келмоқда. Ҳужжатда ташкилотнинг асосий вазифаси разведка ва контрразведка фаолиятини амалга ошириш, чегаралар хавфсизлигини таъминлаш, давлат сирлари ва ахборотни муҳофаза қилиш, халқ хўжалиги ва бошқа объектларда хавфсизликни таъминлаш каби масалалар экани қайд қилинган.

Дарвоқе, президент Каримов ИИВ ва прокуратура органлари ходимларининг камчиликлари, "қўпол қонунбузарликлари"ни бирма-бир, мисоллар билан санаган нутқида МХХ фаолияти ҳақида конкрет маълумот бермаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG