Линклар

logo-print

4 қирғиз милиционери қайтариб берилганига қарамай, Шоҳимардон “қамали” давом этмоқда


Ўзбекистоннинг атрофи Қирғизистон ҳудуди билан ўралган Шоҳимардон эксклавига борган юзлаб ўзбекистонлик қирғиз-ўзбек чегарасидан ўтолмай, "қамал"да қолаётгани тўғрисида Озодлик 7 сентябрда хабар қилган эди.

Ўшандан бери чегарадаги вазият юмшатилиши учун кузатувчилар тахмин қилган бир шарт бажарилди: Ўзбекистон 9 сентябрга ўтар кечаси ўзбек-қирғиз чегарасидаги Унгартепа ҳудудида қўлга олинган тўрт нафар қирғизистонликни ҳибсдан озод қилди. Бироқ шунга қарамай, 11 сентябрь куни маълум бўлишича, дам олиш учун Шоҳимардонга Ўзбекистоннинг асосий ҳудудидан борганлар ҳануз ортга қайта олмаяпти.

Чегаранинг ёпиқ қолаётгани тўғрисидаги норасмий хабарларни Фарғона вилоят, Фарғона туман ҳокимлиги мулозими тасдиқлади. (Шоҳимардон қишлоғи маъмурий-ҳудудий жиҳатдан шу туманга қарайди). Ҳокимликнинг айнан шу масала билан шуғулланаётгани айтилган Абдуҳошим исмли мулозими Озодликнинг бу масаладаги саволларига жавоб беришни истамади.

Ўзи тошкентлик, лекин Фарғонада яшайдиган 32 яшар Одина Ўринова 3 кун дам олиш учун йўлланма билан Шоҳимардонга 21 августда келгани, ўшандан буён уйига қайтолмаётгани тўғрисида Озодликка 7 сентябрь куни айтиб берган эди.

Одина Ўринова билан 11 сентябрь куни Озодлик яна боғланди.

- Ҳалигача ўша ўтириш, ўша туриш. Йўл очилди деган янгилик йўқ. Совуқлар тушиб қолди. Оёқларимиз совқотишни бошлади. Қурбон ҳайитини уйимизда кутамиз, дегандик. Насиб қилмаганга ўхшайди, дейди Шоҳимардонга 3 кунга бориб, 22 кундан буён Фарғонага қайтолмаётган аёл.

Унинг айтишича, қамалда қолганлар ҳар куни Шоҳимардон “ҳокими”га қатнамоқда, лекин наф йўқ.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашевнинг айтишича, Шоҳимардонга Одина Ўриновадан олдинроқ борганлар ҳам бор.

- Марғилондан 40 киши 13 ёки 14 августда кетган эди Шоҳимардонга. Демак, қарийб 1 ой бўлди, ваҳоланки, улар кўпи билан 1 ҳафтада ортга қайтишлари керак эди, деди Абдусалом Эргашев.

Қамалда қолаётганлар уларни Қирғизистон чегарачилари ўтказмаëтгани ва ўзбек расмийлари ҳам уларнинг уйига қайтолмагани учун қирғиз томонининг чегарани тақа-тақ ëпиб қўйганини рўкач қилаëтганини айтган эди.

Озодлик билан 7 сентябрь кунги суҳбатда Қирғизистон Давлат чегара комитети матбуот хизмати раҳбари Сажира Чоколаева бу гапни тасдиқлаган ва 3 сентябрдан бошлаб Бишкек ҳукумати чегараларни номаълум муддатга ëпиб қўйганини маълум қилган эди.

Ўтган ҳафтада Озодлик суҳбатлашган кузатувчилар¸ қирғиз томонининг 3 сентябрдан бошлаб чегаралардаги ўтиш-қайтишни тўхтатиб қўйганини¸ икки ҳукумат ўртасида тортишувга сабаб бўлаëтган Унгуртепа музокаралари билан боғлаган эди.

Бироқ ўтган жумада масала ҳал бўлгандай бўлди: Ўзбекистон 9 сентябрга ўтар кечаси ўзбек-қирғиз чегарасидаги Унгуртепа ҳудудида қўлга олинган тўрт нафар қирғизистонликни ҳибсдан озод қилди.

Қирғиз ватандошлари Ўзбекистоннинг Наманган вилояти Янгиқўрғон туман тергов изоляторида 18 кун ҳибсда сақланди. Қирғизистоннинг Жалолобод вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбари Жениш Жўрабековнинг айтишича, қирғиз ватандошлари ўз ватанларига етиб келган.

Лекин шунга қарамай, Шоҳимардон ва Ўзбекистоннинг яна бир эксклави – Сўхдаги вазият ўта мураккаблигича қолмоқда.

XS
SM
MD
LG