Линклар

АҚШда ўзбекистонлик 18 яшар йигитни ўлдирганликда гумон қилинганлардан бири ушланди


АҚШда полиция Мэриленд штати, Рейстертавун (Reisterstown) шаҳрида 18 яшар ўзбекистонликка ҳужум қилган уч шахсдан бири қўлга олди, қолган икки кишини қидирмоқда.

Бу ҳақда хабар қилган uz-rek.com сайтига кўра, ҳужум қурбонига якшанба оқшомида ўқ отар қурол билан ҳужум қилинган ва у душанба куни касалхонада ҳалок бўлган. Марҳумнинг Сардор Файзиев эканлиги аниқланган.

Сайтнинг терговчиларга таяниб хабар қилишича, Файзиев бошқа икки киши билан ўтирган машина орқа эшигини икки номаълум шахс очган ва улар орқа ўриндиқда ўтирган йўловчига ҳужум қилган. Ҳужум давомида ўт очилган ва ўқ Сардорга теккан. Шундан сўнг ҳужум қилган икки номаълум шахс учинчи шахс бошқарувидаги машинага ўтириб воқеа жойидан кетган.

Терговчилар ҳужум қилган 3 шахсдан бири сифатида гумон қилинаётган 20 яшар Брайн Лионель Гонсалес (Brayhant Leonel Sosa-Gonzalez) ни қўлга олди. У биринчи даражали қотиллик ҳамда биринчи даражали ҳужум содир этганликда айбланмоқда. Гонсалес Балтимор қамоқ марказида гаров эвазига озодликда юриб туриш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолда сақланмоқда.

Айтилишича, ўзбекистонлик Сардор Файзиевнинг ўлдирилиши билан боғлиқ жиноятни Балтимор округининг қотилликларни тергов қилиш бўлими ўрганмоқда.

Терговчилар фикрича, қотиллик қасддан амалга оширилган бўлиши мумкин. Қотилликда гумон қилинаётган бошқа икки шахс қидирилмоқда.

XS
SM
MD
LG