Линклар

Самарқандлик шифокорлар ЎзЛиДепга мажбуран киритилаётганидан шикоят қилди


Cамарқанд шаҳар марказий шифохонаси

Cамарқанд шаҳар марказий шифохонаси

Самарқанд шаҳар тиббиёт муассасалари ходимлари тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеп) га мажбуран аъзо қилинмоқда. Аммо партиянинг Самарқанд бўлими раҳбарияти ва Самарқанд марказий шифохонаси бош врачи бу даъволарни рад этди. ЎзЛиДеп 4 декабрда бўлиб ўтажак сайловда президентликка номзод сифатида мамлакат президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевни кўрсатган.

Озодликка шикоят қилган шаҳардаги тиббиёт муассасаларининг бир-биридан мустақил бир неча ходими иддаосига кўра, октябрь ойи ўрталаридан бошланган аъзоликка киритиш тадбирига Самарқанд шаҳар Тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонаси бошлиғининг шахсан ўзи раҳбарлик қилмоқда.

Уларга кўра, партияга аъзо бўлиб кирганлардан маошларининг 1 фоизи ЎзЛиДепнинг Самарқанд вилояти Кенгаши ҳисоб рақамига ўтказилаётир.

Партияга ариза нусхаси

Партияга ариза нусхаси

Исми ошкор этилишини истамаган шифокорлардан бирининг айтишича, ЎзЛиДепга аъзо бўлишни истамаганлар "қора рўйхатга тушиши аниқ".

​"Ариза ёздириб олиш 2 ҳафта олдин бошланган эди. Рози бўлмаганларга расмий чора йўқ, лекин қора рўйхатга тушиши аниқ," деди шифокор.

Аммо у "қора рўйхат" деганда нимани назарда тутганига изоҳ бермади.

Ўз иддаосига исбот сифатида шифокор Озодликка Самарқанд шаҳрида мавжуд 21 та тиббиёт муассасасига тарқатилган ЎзЛиДепга аъзолик ва партияга тўлов аризалари нусхаларини юборди.

Икки тиббиёт ходими - шаҳардаги бошқа бир шифохона врачи ва ҳамшираси Озодликка Самарқандда ЎзЛиДепга аъзо қилиб киритиш тадбири олиб борилаётганини тасдиқлади.

ЎзЛиДеп Самарқанд вилояти Кенгашининг ташкилий ишлар бўлими мудири Жаҳонгир Хўжамқулов Озодлик билан телефон суҳбатида Самарқанд вилоятида партия сафлари "кун сайин ортиб бораяпти" деди.

ЎзЛиДеп расмий веб саҳифасида берилган рақамларга кўра, бугунги кунда "ўз сафида қарийб 30 минг нафарга яқин аъзоларни бирлаштирган Самарқанд вилоят партия ташкилоти таркибида 1076 та бошланғич партия ташкилоти мавжуд".

Шифокорларга тарқатилаётган ариза нусхаси

Шифокорларга тарқатилаётган ариза нусхаси

Бироқ, Жаҳонгир Хўжамқулов шифокорлар иддаоларини "бўҳтон" дея рад этди:

-Турли хил бўҳтон булар ҳаммаси, - деди Жаҳонгир Хўжамқулов ва Озодлик берган навбатдаги саволга жавоб бермай гўшакни қўйди.

Самарқанд марказий шифохонасининг бошлиғи Олмос Элбобоев ҳам тиббиёт ходимларини мажбуран ЎзЛиДеп аъзолигига қабул қилиш кампанияси олиб борилмаётганини айтди:

- Йўқ, бу нотўғри нарса. Мен ўзим партияга аъзо эмасман. Ҳеч қачон партияга биронтани "партияга ўтасан ё бир фоиз берасан," деган нарсаларга анови қилмайман, - деди Олмос Элбобоев.

Бош врач ЎзЛиДепга ташвиқ қилиш унинг хизмат ваколатлари доирасига кирмаслигини илова қилди.

ЎзЛиДеп 19 октябрда Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевни 4 декабрда ўтказиладиган президент сайловида президентликка номзод сифатида кўрсатган эди.

Ўзбекистон президент сайловига мамлакатда мавжуд тўртта партия тўрт номзодни илгари сурган.

Ўзбекистон ичкарисида жорий ҳукуматга мухолифатда бўлган бирорта сиёсий ҳаракат ёки партия фаолият юритмайди.

Мавжуд партияларнинг барчаси ҳукумат сиёсатини тўла қувватлашини таъкидлаб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG